Хорижда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш машаққатлари: ўқимаган йиқилади, келишишга имконият йўқ
Ривожланган давлатларда машина ҳайдаш қонун-қоидаларини пухта ўзлаштирганларгагина ҳайдовчилик гувоҳномаси берилади. Ҳам Ўзбекистонда, ҳам чет элда автомобил ҳайдаш гувоҳномасини олиш жараёнидан бевосита хабардор инсонлар ўз тажрибалари билан ўртоқлашишди.
Альфия Клавье, Франция, Париж шаҳри:
— Франция ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш ниҳоятда мураккаб, чунки бу ерда имтиҳон олишга жуда қаттиқ талаблар қўйилади. Менинг танишларим ичидан барчаси бир неча уринишда топширишган. Бир танишим шу синовни олти маротаба топширган ва ўта олмагач, гап имтиҳон олувчи марказ ёки инструкторда деган хаёл билан ҳаттоки бошқа шаҳарларда ҳам уриниб кўрган. Аммо тажриба шуни кўрсатадики, гап алоҳида марказ ёки шахсда эмас, тизимда: яхши тайёргарлик кўрмаганмисан йиқиласан – тамом.
Бу ерда синовлар, худди Ўзбекистондагидай, назарий ва амалий топширилади. Назарий тест компютер орқали топширилади ва албатта, ҳеч ким билан “келишиб” бўлмайди. Дастурни алдаб бўлмайди.
Амалий имтиҳон эса анчагина қийин. Унга кириш учун аввал сиз инструктор билан камида 30 соат автомобил ҳайдаш тажрибангиз бўлиши шарт.
Францияда ҳамма автомактаблар тизимидан ўтади. Одатий, эски усулда ишловчи автомактаблар билан бирга замонавий, инновацион ўқув даргоҳлариям бор, улар барча ўқув дастурларини автоматлаштиришган, интернетга юклашган. Назарий ва амалий тайёргарлик параллель равишда олиб борилади.
Ўқув жараёнида оралиқ имтиҳонлари топширилади, улардан ўта олмасангиз, кейинги мавзуларга ўта олмайсиз, дастур сизни блоклаб қўяди. Масалан, “бурилиш” ёки “парковка” мавзусида амалий назоратни топшира олмадингиз. Ўқишни давом эттириш учун сиз мустақил машқ қилиб ёки репетитор ёллаб, уни қайта топширишингиз талаб этилади. Шу сабабли 30 соатлик тажриба талаб қилинганида “камида” деб қўшиб қўйилади, одатда ҳамма 40 соатдан 60 соатгача машқ қилади.
Францияда машина ҳайдашни ўрганиб, имтиҳонга тайёргарлик кўриш давомида шунчаки машина бошқариш билан академик ҳайдашнинг орасидаги фарқни тушуниб етдим.
Академик ҳайдаш нима дегани? Мисол учун, сиз ҳар куни дарвозангиздан орқалаб машинани ҳайдаб олиб чиқасиз ва ишончингиз комилки, сизга халақит берадиган ҳеч нарса йўқ, чунки 30 сония аввал, машинага ўтиришдан олдин бунга яна бир бор қараб қўйдингиз. Аммо рулга ўтиргач, манёврни амалга оширишдан орқа ойналарга қарашга мажбурсиз.
Менинг ўқишим анча чўзилиб кетди. Амалий машғулотларим 40 соатни ташкил қилди, аммо имтиҳон топширгунимгача бир ярим йил кетди. Қисман бунинг сабаби пандемия бўлган бўлса, қисман ўзимнинг имтиҳон олдидаги қўрқувим бўлди. Атрофимда барча йиқилаверганини кўриб, ўзимга ишонч юқори бўлмагунча мустақил ўқишга қарор қилдим.
Мен имтиҳонни биринчи мартадаёқ топшира олганимдан жуда фахрланаман. Тан олиш керакки, бу кўпроқ истисно ҳолат ва узоқ, оғир меҳнатнинг самарасидир. Назарий билимларни мустақил ўрганишдан ташқари мен репетитор ёллаб, амалий машғулотларниям идеал даражада бажармагунча тўхтамадим. Харажатларга келсак, гувоҳнома олишим 2 минг еврога тушди.
Расулжон Обиджонов, Япония, Ҳиого префектураси:
— Японияда ҳайдовчилик гувоҳномасини икки йўл билан олса бўлади. Биринчиси: Японияда автомактабда ўқиб, олиш, иккинчиси бошқа мамлакатда олинган “права”ни Японияга ўтказиш.
Шахсан менинг гувоҳномам бўлгани учун иккинчи усулдан бошласам. Бунинг учун сиз аввало ўзингизнинг мамлакатингизда камида уч ойлик тажрибага эга бўлишингиз шарт. Сўнг ўз гувоҳномангизни JAF (Japan Automobile Federation) деган ташкилотга олиб бориб, япон тилига таржима қилдириш керак. Бу ўртача 35 АҚШ долларига тушади. Ушбу таржима қилинган гувоҳнома билан паспорт ва резидентлик карточкаси билан мутасадди идорага топширилади. Ҳужжатларни текшириб бўлгач, сизни назарий имтиҳонга қўяди.
Имтиҳон асосан япон ва инглиз тилларида бўлади ва 10та саволдан иборат бўлади. Имтиҳон топшириш 25 долларлар атрофида бўлади. 10та савол учун 5 дақиқа берилади, саволлар осон эмас, аммо қоидани билган ва тажрибага эга бўлган ҳайдовчи учун катта қийинчилик туғдирмайди. Амалий босқичга ўтиш учун камида 7та саволга тўғри жавоб беришингиз керак бўлади.
Амалий имтиҳоннинг вақтини олдиндан белгилаб олишингизга тўғри келади. Имтиҳон олувчиларнинг иш графиги анча зич бўлгани учун бўш вақтини топиб, ўша пайтга кеч қолмай бориш керак. Имтиҳон махсус майдонда олинади, у ерда Япония учун одатий бўлган тор кўчалар, мураккаб эстакадалар ўрнатилган. Сизга олдиндан топшириқ (манёвр)лар тўплами берилади, уларни имтиҳон олувчилар назорати остида бажарасиз.
Амалий имтиҳон жудаям қийин, мутлақ кўпчилик биринчи ва ҳатто иккинчисида йиқилишади. Максимал балл 100 балл, ҳар битта хатонгиз учун 5 баллдан ва ундан кўпроқ ҳам айрилади. Муваффақиятли топшириш учун камида 70 балл тўплаш керак.
Имтиҳон мураккаблиги сабабли кўпчилик хусусий автомактабларга бориб дарс олишади. Дарслар соатбай, бир соат машғулот 100 доллар атрофида. Ўша ерда машқ қилиб, кейин имтиҳон топширгани борсангиз, бу сизнинг топшира олишингиз учун имкониятларни оширади.
Имтиҳондан ўтган тақдирингизда сизни расмга олишади, 20 доллар тўлов қиласиз ва икки соатча кутиб турасиз. Шу вақт оралиғида сизга гувоҳномангизни топширишади. Шунда сиз ўз ватанингизда олган гувоҳномангиз билан Японияда автомобил ҳайдашингиз учун ўртача 200 250 доллар сарфлайсиз (қўшимча дарслар билан).
Модомики сиз нолдан ўқиб олмоқчи бўлсангиз, каррасига кўп вақт, куч ва пул сарфлашингиз керак бўлади. Мисол учун, назарий имтиҳоннинг ўзидан 8 марталаб йиқилганларни биламан. Нархига келсак, Японияда ўқиб ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш 3000 долларга айланади.
Хурсанали Тилаволдиев, Бирлашган Араб Амирликлари, Дубай шаҳри:
— Дубай шаҳрида ҳаво жудаям иссиқлиги туфайли инфраструктура асосан шахсий автомобилда юриш учун мўлжалланган, яъни биз кўниккан автобус, маршрутка ва ҳоказолар бу ерда йўқ ёки жудаям кам.
Шу сабабли мен ҳам ўзимга автомобил харид қилиш ва уни ҳайдаб юриш учун гувоҳнома олишга қарор қилдим. Бунгача мен ҳеч қачон автомобил ҳайдамаганман ва Дубайдаги кенг кўчалардаги ҳаракатни кўриб, ичимда қўрқув ва ишончсизлик бўлган. Бу йўлларда машина ҳайдаб юра олишимга, очиғи, кўзим етмасди. Аммо вазият мажбур қилганидан гувоҳнома олишга ариза топширдим.
Даставвал автомактабга боришга қарор қилдим. У ерда менга айтишдики, биринчи бўлиб Ички ишлар вазирлигига боришим керак экан. У ерда мендан 400 доллар атрофида тўлов қилишни сўрашди. Бунинг эвазига менга ўқувчи-ҳайдовчи гувоҳномаси, рейтинг дафтарчаси ва дарслик беришди. Сўнг кўриш қобилиятимни текширишди: бунга 100 доллар атрофида тўлов қилдим. Имтиҳонлар уч босқичдан иборат бўлар экан: назарий, парковка ва катта йўлда ҳайдаш.
Автомактабга қайтиб борганимда бир ҳафтадан кейин биринчи синов бўлишини маълум қилишди. Уйга қайтиб, йўл ҳаракати қоидалари китобини ўқий бошладим. Қоидалар, назаримда, унчалик қийин эмас эди. Бир ҳафта ўтгач, ИИВга имтиҳон топширгани бордим. Компьютерда топшириларкан, жами 30та саволдан камида 27тасига жавоб берган ўтаркан. Ярим соат муҳлат беришди. Мен 28та саволга тўғри жавоб бериб, биринчи босқич имтиҳонидан ўтдим.
Кейинги парковка бўйича имтиҳон бир ойдан сўнгга белгиланган экан. Бу менга жуда узоқ муддатдай туюлди, мен тезроқ машина ҳайдашни ўрганиб, гувоҳнома олмоқчи эдим. Имтиҳонни тезлаштириш хизмати бор экан, 80 доллар тўлов эвазига уни 2 ҳафтадан кейинга қўйиб беришди ва автомактабга бориб, яхшилаб ўрганишимни айтишди.
Автомактабда ўқиш нархи соатбай ҳисобланар экан: бир соати учун 20 доллар атрофида. Ҳайдашни билмаслигимни кўриб, камида 20та дарс олишим кераклигини айтишди. Аммо атрофдаги танишларим, дўстларим айтишларича, 10 соат ҳам етарли бўларкан, шунга 10 соат олақолдим: 5та дарс парковкага, 5та дарс катта йўлда ҳайдашга. Биринчи дарсданоқ ўқитиш тизими юқори даражада йўлга қўйилганини сездим. Иккинчи дарсда эса ўзим парковка қила олдим.
5та дарсни ўтиб бўлиб, парковка синовига бордим. Имтиҳон 3 босқичга бўлинаркан: параллель парковка, гаражга кириш ва эстакада. Унда ёнимда полиция ходими назорат қилиб ўтираркан. Парковка синовидан муваффақиятли ўтдим ва менга бир ойдан сўнг катта йўлдаги имтиҳон бўлишини айтишди. Шошганим сабабли яна 80 доллар тўлаб, 2 ҳафта сурдирдим.
Қолган 5та дарсни ўтдим. Ўқитувчиларга минг раҳмат, кўпчилик назарига илмайдиган майда деталларгача тушунтириб, ҳар бир қоидани уқтириб ўргатмагунча қўйишмади. Сўнгги имтиҳон яқинлашган сари атрофимдагилар “учинчи имтиҳон ниҳоятда қийин бўлади”, деб қўрқита бошлашди. Ўзимнинг бошлиғим, тажрибали ҳайдовчи бўлишига қарамай, 3 уринишда ўта олганини айтиб берди. Талаб ниҳоятда кучли, негаки Дубай кўчаларида ҳаракат тезлиги жуда юқори бўлгани учун энг майда қоидабузарлик ҳам аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин. Менда қўрқув пайдо бўлди. Устига устак, имтиҳондан ўтолмасам яна 80 доллар тўлашимга тўғри келарди.
Учинчи имтиҳонни мен билан яна 3 киши топширишди. Катта йўлга чиқиб кетдик. Биринчи бўлиб топширган одам камар тақмагани ва поворотникни ёқмагани учун имтиҳондан қолдирилди. Иккинчи топширувчи ҳам шунга ўхшаш оддий хатолар – ён кўзгуга қарамагани, “кўр зона”ни кўриш учун калласини буриб қарамагани учун топширолмади. Кейин билсам, бу иккитаси 8-марта топшириши экан.
Айтиб ўтиш керакки, уларнинг иккови ҳам автомобилни бошқаришни билар эди, аммо имтиҳоннинг асл моҳияти автомобилни нақадар хавфсиз бошқаришингизни аниқлаш экан. Энди атрофингизга қаранг: йўлларимизда нечтаси машина ҳайдашни биладию, қанчаси буни ҳушёрлик билан, ўзи ва атрофидагилар учун хавфсиз уддалай олади? Жавобини биласиз.
Учинчи бўлиб топширган инсон жуда яхши ҳайдади ва имтиҳондан ўтди. У 6-марта топшириши экан, барчамиз уни табрикладик.
Навбат менга келди: рулга ўтириб, камарни тақдим, аста қўзғалдим...
Полиция ходими жуда хушмуомала инсон экан, ҳаяжонимни босишимга ёрдам берди. Унинг вазифаси йўл кўрсатиб кетиш экан: ўнгга юринг, чапга бурилинг, қайрилиб олинг, тўхтанг ва ҳоказо, айтиб кетар экан. Менинг вазифам эса автомобилни ҳушёр ва хавфсиз бошқариб бориш экан. Охирида автомобилни тўхтатишни айтди, парковка қилдим. Инспектор мени имтиҳондан ўтганим билан табриклаганида ўзимда йўқ хурсанд эдим, негаки атрофимда барча “ўтолмасликка тайёр туравер”, дейишганди.
Парковка ва ҳайдаш тести учун 110 доллардан тўладим. Гувоҳнома учун яна 100 доллар тўлов қилдим ва бир ҳафтадан сўнг почтадан етказиб беришди. Жами харажатларим тахминан 1200 долларни ташкил қилди.
Сирожиддин Пўлатов тайёрлади.
Мавзуга оид
09:52
Ўзбекистон автомобил бозорида фаоллик даражаси ошди
07:31 / 12.11.2024
Октябрда айрим автомобиллар нархи бироз пасайди
15:11 / 05.11.2024
Хусусий тадбиркорлар олиб кираётган машиналар учун яна бир янги тартиб жорий қилинди
21:59 / 31.10.2024