21:52 / 29.05.2024
17416

Давлат банкларининг Toshkent City'даги бинолари сотувга қўйилди

СҚБнинг 33 қаватли, Асакабанк ва Алоқабанкнинг 26 қаватли бинолари (бизнес марказлар) сотилади. Инвесторларнинг қизиқишига қараб, бинолар тўлиқ ёки лотларга бўлган ҳолда сотилиши мумкин.

Фото: Uldis Laganovskis / Adobe Stock

Давлатнинг учта банки – Асакабанк, Ўзсаноатқурилишбанк ва Алоқабанкнинг Toshkent City'даги янги кўп қаватли бинолари (бизнес марказлар) оммавий савдолар орқали сотилади. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги эълон қилди.

Сотилаётган активлар қуйидагилар:

  • Ўзсаноатқурилишбанк биноси: жами 33 қават, умумий майдони 82,284 кв.м.;
  • Алоқабанк биноси: жами 26 қават, умумий майдони 81,439 кв.м;
  • Асакабанк биноси: жами 26 қават, умумий майдони 66,202 кв.м.

Сотиш жараёнини ташкил этиш бўйича консултант – KPMG. Давактив агентлиги тижорат банклари (актив эгалари) ва консультант ҳаракатларини мувофиқлаштиради.

Ҳозирги босқичда консултант томонидан инвесторларнинг мазкур активларни сотиб олишга бўлган қизиқишлари ўрганилади, активлар тўғрисида тайёрланган инвестицион тизерлар соҳадаги инвесторларга, шу жумладан халқаро инвесторларга юборилиб, улар билан индивидуал мулоқотга киришилади.

Инвесторларнинг қизиқишлари, шунингдек сотиб олиш шакли, яъни бинони тўлиқ сотиб олиш ёки лотларга бўлган ҳолда сотиб олиш бўйича фикрларини ўрганиш орқали сотишга ёндашув механизми ишлаб чиқилади.

“Давактив агентлиги ва тижорат банклари сотиш жараёнининг кетма-кетлигини ўзгартириш ёки потенциал харидорга (харидорларга) сотишни ёки сабабларини тушунтирмасдан исталган вақтда улар билан музокара олиб боришни рад этиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади”, – дейилади эълонда.

Top