Жаҳон | 10:04 / 03.06.2024
16226
4 дақиқада ўқилади

Аҳмадинажод Эрондаги президентлик сайловларида иштирок этмоқчи

Кескин баёнотлари билан машҳур бўлган Эроннинг собиқ президенти яна қайта сайланиш учун ариза берди. Яқинда у Эрон ҳукуматини кутилмаган тарзда танқид қилиб чиқди.

Фото: Fatemah Bahrami/Anadolu Agency via Getty Images

Эроннинг собиқ президенти, 67 ёшли Маҳмуд Аҳмадинажод 2 июн, якшанба куни Иброҳим Раисий вертолёт ҳалокатида вафот этганидан сўнг тайинланган мамлакатда навбатдан ташқари президентлик сайловларида номзод сифатида рўйхатга олинди, деб хабар бермоқда Эрон матбуоти.

Президентлиги даврида Аҳмадинажод тез-тез халқаро танқидларга учраган, хусусан, тажовузкор антисемитистик сўзлари учун. Сўнгги пайтларда собиқ президент кутилмаганда Эроннинг амалдаги ҳукумати ҳақида танқидий фикр билдирди, дея таъкидлайди dpa агентлиги. Унга кўра, Аҳмадинажод катта эҳтимол билан ҳукмрон режим томонидан қўллаб-қувватланмайди.

Аҳмадинажод аввал 2005 йилдан 2013 йилгача икки марта тўрт йил давомида президент лавозимини эгаллаган. Унинг 2009 йилдаги баҳсли қайта сайланиши бутун мамлакат бўйлаб кенг кўламли норозиликларга сабаб бўлган, ўнлаб одамлар ўлдирилган ва минглаб одамлар ҳибсга олинган. Эроннинг собиқ президенти, хусусан, Холокостни сўроқ остига олгани билан машҳур.

2017 ва 2021 йилларда Аҳмадинажодга сайловларда иштирок этишга рухсат берилмаган 

Ўн икки исломий уламо ва ҳуқуқшуносдан иборат Конституция муҳофизлари кенгаши деб аталувчи ташкилот Аҳмадинажодга 2017 йил май ойида бўлиб ўтган Эрон президентлик сайловларида иштирок этишига рухсат бермади. Аввалроқ, собиқ президент Эроннинг диний етакчиси Оятуллоҳ Али Хоманаий уни бу таклифдан қайтарганидан кейин ўз номзодини илгари сурмаслигини айтган эди. Бироқ, кейин бирдан фикридан қайтди ва президентлик сайловларида иштирок этиш учун Ички ишлар вазирлигидан рўйхатдан ўтди. 

Ўша йили Хоманаий Аҳмадинажодни унинг яна президентликка кириш режалари «вазият қутбланишига» ҳисса қўшиши, «мамлакат учун зарарли» бўлиши ҳақида огоҳлантирган эди. Бироқ, у 2021 йилда янги уриниш билан чиқди, у ҳам рад этилди. Олий етакчининг иродасига зид ҳаракат қилиб, Аҳмадинажод муваффақият қозониш имкониятини деярли йўқотди, сабаби Муҳофизлар кенгаши аъзоларининг ярми Хоманаий томонидан тайинланади ва барча қарорларни унинг ўзи назорат қилади. 

Эронда навбатдан ташқари президентлик сайловлари учун номзодлар рўйхатга олиняпти

Президентликка номзодларни расмий рўйхатга олиш 30 майдан бошланди. Ислом Республикаси президенти лавозимида ишлаган Иброҳим Раисий авиаҳалокатда вафот этгани муносабати билан навбатдан ташқари сайловлар 28 июн куни бўлиб ўтади. Рўйхатдан ўтиш учун номзодлар кейинги беш кун ичида Теҳрондаги Ички ишлар вазирлигига шахсан келиши керак.

Кенгаш 11 июн куни тасдиқланган номзодларнинг якуний рўйхатини эълон қилади. Шундан сўнг сиёсатчиларга сайловолди ташвиқоти учун икки ҳафта вақт берилади. Агар сайловнинг биринчи босқичида номзодлар ҳеч бири мутлақ кўпчилик овозни ололмаса, 5 июл куни бўлажак президентни аниқлайдиган иккинчи тур ўтказилади. 

Президент Эронда иккинчи энг юқори мансабдор шахс бўлиб, у вакиллик функцияларини бажаради ва мамлакат ижроия ҳокимиятини бошқаради. Президент 4 йил муддатга сайланади ва бу лавозимни кетма-кет икки муддатдан кўп бўлмаган тарзда эгаллаши мумкин. 

Эрон президенти вертолёт ҳалокатида вафот этди

20 май куни президент Иброҳим Раисий, ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён, шунингдек, Табриз масжиди имоми Сайид Муҳаммад Али ал-Ҳошим ва Шарқий Озарбойжон вилояти губернатори Малик Раҳматийнинг 19 май куни Эрон шимоли-ғарбида вертолёт қулаши оқибатида ҳаётдан кўз юмгани маълум бўлди. Эрон делегацияси Озарбойжондан қайтаётган эди.

Мавзуга оид