Ўзбекистон | 17:33 / 15.07.2019
45908
2 дақиқада ўқилади

Энг кам ойлик иш ҳақи билан энг кам маошнинг фарқи нимада?

Фото: KUN.UZ

Бугун, 15 июль куни “Халқаро пресс клуб”нинг навбатдаги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида" фармонига бағишланган сессияси бўлиб ўтди.

Унда ижтимоий тармоқлар орқали келиб тушган энг кам маош қанча бўлиши ва унинг ЭКИҲдан фарқи тўғрисидаги саволга Молия вазири ўринбосари Шоҳрух Шораҳметов шундай жавоб берди:

– Энг кам иш ҳақи бу бир меъёр бўлиб, амалда меҳнатга бундай миқдорда ҳақ тўланмайди. Бу меъёрий кўрсаткич жарималар, божхона ва адлия органлари тўловлари, солиқлар каби тўловлар миқдорини аниқлаш учун ишлатилади ҳамда 2019 йилнинг 1 августидан бошлаб 223 минг сўмни ташкил қилади.

Энди меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига келсак, бу меҳнат кодексининг 153-моддасига кўра 1 сентябрдан бошлаб 634 883 сўмни ташкил қилади. Яъни бир ой ишлаган ходимга хоҳ у давлат ташкилоти бўлсин, хоҳ нодавлат, бундан кам миқдорда ҳақ тўлаш мумкин эмас. Маошнинг юқори чегараси эса белгиланмаган.

“Агар бундан кам маош беришса, кимга мурожаат қилиш керак?”- деган саволга жавобан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов:

– Бундай ҳолларда вазирлигимизга ва унинг қошидаги Меҳнат инспекциясига мурожаат қилинг. Бизга маошлар миқдорини назорат қилиб бориш ваколати берилган. Иш берувчининг ходимга юқоридаги миқдорда кам иш ҳақи тўлагани аниқланса, инспекциямиз жиддий жаримага тортади- дея жавоб берди.

Мавзуга оид