Light | 23:18 / 02.08.2018
23251
2 дақиқада ўқилади

Қадимий Бухоронинг нафис ипак гиламлари: 60 минг долларгача баҳоланадиган гиламлар қандай тўқилади? — видео

Қадимий Бухоро нафақат меъморий ёдгорликлари, муқаддас қадамжолари, ўзининг нафис ипак гиламлари билан ҳам машҳур. Гиламдўзлик бу гўшада қадимдан санъат даражасигача кўтарилган ҳунар ҳисобланади.

Kun.uz қадимий Бухоронинг қоқ маркази — Пойи Калон майдони олдида жойлашган «Bukhara Silk Carpets» корхонасида бўлиб ипак толалардан гилам тўқиш жараёни билан яқиндан танишди ва видеолавҳа тайёрлади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ипак гилам тўқиш сабр, қунт ва матонат талаб қилувчи меҳнатдир. Дизайнер яратиб берган нақш эскизи асосида ўртача катталикдаги гиламлар 6 ойдан 2 йилгача тўқилади. Моҳир уста уни қисқароқ вақтда, яқинда ўрганган гиламдўз, табиийки, узоқроқ вақтда тўқийди.

Бухоро гиламларининг мафтункор нақшлари, кўзни қувнатувчи ранглари ва нақшлари хорижлик сайёҳларни мафтун этиб келмоқда. Гиламларнинг асосий харидорлари ҳам улар. Албатта, қўл меҳнати ва кўз нури, ойлаб вақт кетказиб тўқилган гиламларнинг нархи ҳам арзон эмас: бу ерда 100 АҚШ долларидан 60 минг АҚШ долларигача нархланган гиламлар сотилади.

Хорижий сайёҳларга гилам тўқиш жараёни кўрсатилиши билан бирга, Бухоро ипак гиламларининг тарихи, Бухоро гиламдўзлигида мавжуд турлича услублар  ҳақида сўзлаб берилади.

Гиламлардаги ҳар хил нақшлар ва турли гуллар ҳам ўзининг мантиқий маъноларига эга. Бахт, серфарзандлик, бойлик ва фаровонлик тимсоллари гиламларда ўз аксини топади.

Бухоро гиламларининг қадимийлиги, гўзаллиги, чидамлилиги дунё бўйлаб довруғ қозонган. Шу корхонанинг ўзида тўқилганига 300 йил бўлган гиламлар ҳанузгача ўз жилосини йўқотмасдан сақланмоқда. Ҳозирги кунда ҳам табиий бўёқлардан фойдаланиб тўқилаётган гиламлар яна бир неча аср хизмат қилади.

Шуҳрат Шокиржонов, Маъруфжон Асқаров,
Kun.uz мухбирлари

Тайёрлаган:  Шуҳрат Шокиржонов

Мавзуга оид