18-20 март кунлари футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасида 4-тур ўйинлари ўтказилди.

ҚИЗИЛҚУМ 0:1 ОКМК

Гол: Аброр Каримов, 34 (0:1)

ОКМК мавсумдаги биринчи ғалабасини Навоийда қўлга киритди. Ягона гол «Қизилқум»ни мағлуб этиш учун етарли бўлди. Олмалиқликлар ушбу ғалабадан кейин мусобақа жадвалида 10-ўринга кўтарилиб олди.

«Қизилқум» бош мураббийи Акмал Рустамов жамоа ягона хато туфайли ютқазганини айтди. ОКМК устози Миржалол Қосимов футболчиларнинг иштиёқини телефондаги ўйинлар олиб қўяётганидан шикоят қилди. «Ҳозир телефон чиқиб кўпларнинг хаёлини оляпти, телефондаги ўйинлар майдондаги футболдан кўпроқ азарт беряпти. Қанийди майдонда ҳам шундай кураш кечса. Телефондаги ўйинлар ёшларнинг миясини бузяпти», деди у.

ҚЎҚОН-1912 2:1 НАВБАҲОР

Голлар: Анри Чичинадзе, 14 (0:1), Жавоҳир Ҳусанов, пен 28 (1:1), Муҳаммаданас Ҳасанов, 90+4 (2:1)

Қўқонда кутилмаган натижа қайд этилди. Ғалаба нималигини билмай келаётган мезбонлар «Навбаҳор»ни иродали тарзда мағлуб этишга эришди. Ғалаба келтирувчи гол сўнгги дақиқаларда урилди.

«Қўқон-1912» устози Андрей Шипилов бугун омад кулиб боққанини тан олди. «Навбаҳор» бош мураббийи Темур Кападзе мағлубиятни бошқа нарсалар қатори майдон ҳолати билан ҳам боғлади. «Майдон ҳам оғир, ўт баланд экан, бу эса рақибга қўл келди. Майдонда тўп секин юрди, бизга оғирлик қилди, майдон ҳолати билан кураш олиб бордик», деди у.

ХОРАЗМ 1:2 БУНЁДКОР

Голлар: Носиржон Абдусаломов, 16 (0:1), Матия Кривокапич, 43 пен (0:2), Темур Исмаилов, 54 (1:2)

Четлатиш: Сардор Раҳмонов, 62 (Бунёдкор)

«Бунёдкор» Урганчдаги қийин ўйинда 3 очкони қўлга киритди. Тошкентликлар сўнгги ярим соатни рақибга нисбатан камчиликда ўтказди, аммо ғалабани ушлаб қолишга эришди.

«Хоразм» бош мураббийи Сергей Токов иккита гол ўтказиб юборилган биринчи бўлим ҳақида «уялишимиз керак» деди. «Бунёдкор» устози Илёс Зейтуллаев ғалабадан хурсандлигини яширмади ва ўзини «ўзбек Спалеттиси» деб аталишига хотиржам муносабатда эканини таъкидлади. «Мен ўзимни ўзбек спагеттиси дейман (кулиб). Менга Спалетти мураббий сифатида ёқади, лекин мен ангренликман», деди у.

БУХОРО 3:1 ДИНАМО