Ўзбекистон | 20:12 / 24.03.2026
4833
2 дақиқада ўқилади

Янги Тошкентда сувни 232 метр баландликка отадиган супер фаввора қурилади

Лойиҳага кўра, сув юзасининг умумий майдони 6,3 гектарни ташкил этадиган ҳавзада 1,5 гектар майдонда сув, мусиқа ва ёруғлик уйғунлигидаги шоуларни ўтказиш имконини берадиган фаввора барпо этилади.

Президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент шаҳрида барпо этиладиган фаввора мажмуаси лойиҳаси билан танишди.

Таъкидланишича, Янги Тошкентда қарийб 8 гектардан иборат майдонда мусиқали фаввора мажмуаси барпо этиш режалаштирилган.

Лойиҳага кўра, сув юзасининг умумий майдони 6,3 гектарни ташкил этадиган ҳавзада 1,5 гектар майдонда сув, мусиқа ва ёруғлик уйғунлигидаги шоуларни ўтказиш имконини берадиган фаввора барпо этилади. Мажмуа таркибида сувни 232 метр баландликкача ота оладиган супер фаввора, диаметри 100 метрли сузувчи платформа бўлади.

Фаввора радиуси 185 метр бўлган, 360 даражали сув экранини ҳосил қилиш ҳамда унинг юзасида турли тасвирларни проекция қилишга қодир бўлади.

Шунингдек, юқори қувватли лазер нурлари, динамик сув композициялари ва турли визуал эффектлардан фойдаланиш режалаштирилган. Насос, электр, лазерли проекция ва бошқа техник тизимлар ер остидаги икки қаватли иншоотда жойлаштирилади.

Сув ҳавзаси атрофида яшил ҳудудлар ҳамда хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш кўзда тутилган.

Давлат раҳбари лойиҳанинг мазмун-моҳияти, техник ечимлари ва ҳудудни комплекс ободонлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Замонавий савдо, овқатланиш ва сервис хизматларини сифатли ташкил этиш муҳимлигини таъкидлади. Шу билан бирга, айни ҳудудда жорий йилги Мустақиллик байрами муносабати билан шоу тадбирларини юқори савияда ўтказиш зарурлиги қайд этилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид