Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Президент Миллий дендрология боғини барпо этишга старт берди
Шавкат Мирзиёев 1 апрель куни Тошкентдаги Миллий дендрология боғининг илк 5 гектар майдонида манзарали кўчат экиш тадбирида иштирок этди. Бир вақтнинг ўзида республиканинг барча ҳудудларида 21 мингга яқин аҳоли 164 гектар майдонда 88 минг туп кўчат ўтқазди.
Президент Шавкат Мирзиёев 1 апрель куни “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбирида иштирок этиб, Миллий дендрология боғини барпо этишга старт берди.
Давлат раҳбари тадбирда нутқ сўзлар экан, халқимиз азалдан Наврўз кунларида, оиласида фарзанд туғилганда томорқасига, майдон ва хиёбонларга, йўл четларига яхши ният билан кўчат қадаб, гул экканини таъкидлади.
Ана шу эзгу қадриятлар замирида сўнгги беш йилдан буён “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилиб, ҳар йили 200 миллион туп кўчат экилмоқда.
Ўтган ҳафта президент имзолаган янги фармонга мувофиқ, 2030 йилга қадар мамлакатда умумий яшиллик даражасини 30 фоизга, жон бошига тўғри келадиган яшил ҳудудларни 10 квадрат метрга етказиш бўйича марра белгиланди.

Шу мақсадда Сурхондарёда 10 минг гектарда “яшил макон”, Сирдарёда 84 километрли “яшил девор” барпо этилади. Қорақалпоғистонда 1 миллион гектар, Навоий ва Бухорода 300 минг гектардан, Хоразмда 85 минг гектар чўл ҳудудида янги ўрмонзорлар яратилади. Шунингдек, вилоят ҳокимларининг ҳар бири камида 100 гектар майдонда ботаника ва дендрология боғлари, 20 тадан соя-салқин сайр кўчалари ташкил қилишга масъул бўлади.
Экология ва аҳоли саломатлиги энг долзарб масалага айланиб бораётган ҳозирги шароитда ҳудудга мос дарахт турларини танлаш ва экишда Халқаро молекуляр аллергология марказининг тавсиялари ҳам муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Жорий йилдан ҳар бир ҳудудда “яшил” техникумлар фаолияти йўлга қўйилиб, дуал таълим асосида йилига 10 минг нафар мутахассис тайёрлаш бошланади. Ботаника ва дендрология боғлари ушбу техникум ўқувчилари учун амалиёт базасига, илмий ходимлар учун эса тадқиқот майдонига айланади.


Президент ҳудудларда яшил боғлар яратиш бўйича аҳоли ва депутатлар иштирокини янада кенгайтиришни таклиф қилди. Илгари “Менинг боғим” дастури доирасида ҳар бир лойиҳага бюджетдан 250 миллион сўмгача маблағ берилган бўлса, энди бу миқдор 400 миллион сўмга оширилади. Ҳар бир яшил боғ ва жамоат парки учун аҳоли ўзи танлаган, яшаш ҳудудларига яқин ва энг муҳими, сув таъминоти мавжуд жойлардан 1 гектаргача ер ажратилади. Бу йилги мавсумдан Қонунчилик палатасининг ҳар бир депутатига ҳам ўз округида яшил ҳудуд ва яшил боғ яратиши учун 412 миллион сўмдан маблағ берилади.
Давлат раҳбари халқимизда “Яхшидан боғ қолади”, “Бир кўчат – минг барака”, “Фарзанд кўрсанг, тўй қилсанг, дарахт эк” деган ҳикматли сўзлар бежиз айтилмаганини таъкидлади. Бу каби миллий қадриятларнинг аҳамияти бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб бораётгани кўрсатиб ўтилди.
Шу муносабат билан президент маҳалла раислари, кексалар, хотин-қизлар вакиллари ҳамда барча фаолларни жойларда миллий урф-одатлар, анъана ва қадриятларни янада кенгроқ тарғиб қилишга, клублар ва жамоалар ташкил этиб, ҳар бир кўча, хонадон, йўл бўйларига ниҳол ва гуллар, қир-адирларга дарахт ва буталар экишда бош бўлишга чақирди.


Қайд қилинишича, Тошкентда 108 гектар майдонда Миллий дендрология боғи ташкил қилинмоқда. Бу ердаги “Яшил” университет ҳудудида “Илм – лойиҳа – амалиёт” занжири асосида барпо этилаётган “ин-витро” лабораторияси, Доривор ўсимликлар ҳамда Уруғчилик ва селекция марказлари ҳам шу йилнинг ўзида ишга туширилади.
Президент тадбирда иштирок этаётган БМТ Ўрмонлар бўйича форуми раиси Исмоил Белен, форум Котибияти директори Жульет Биао, хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик корпуси вакиллари ҳамда барча иштирокчиларга самимий миннатдорчилик билдирди.
Тадбир якунида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокчилар билан биргаликда Миллий дендрология боғининг илк 5 гектар майдонида манзарали кўчатлар экди. Бу билан бир вақтда республиканинг барча ҳудудларида 21 мингга яқин аҳоли 164 гектар майдонда 88 минг туп кўчат ўтқазди.
Мавзуга оид
11:39
Президент яшил ҳудудларни кенгайтириш бўйича янги вазифаларни белгилади
20:23 / 31.03.2026
Шавкат Мирзиёев Қозоғистон ташқи ишлар вазири Ермек Кошербаевни қабул қилди
18:00 / 31.03.2026
Наманган вилояти салоҳияти сунъий интеллект асосида чуқур таҳлил қилинади
18:45 / 30.03.2026