Ўзбекистон | 21:18 / 02.04.2026
2515
3 дақиқада ўқилади

Истиқлолнинг 35 йиллиги «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» шиори остида нишонланади

«Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди. Байрам тадбирлари апрель ойидан бошланади.

Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» бош ғояси остида ўтказилади. Бу ҳақда «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги президент қарорида белгиланди.

Қарорга кўра, байрам тадбирлари апрель ойидан бошланади. Жумладан, илм-фан, таълим, маданият, адабиёт ва санъат намояндалари, спортчилар, жамоатчилик вакилларидан иборат бадиий-ижодий гуруҳлар тузиш ҳамда улар иштирокида апрель – сентябрь ойлари давомида республика бўйлаб кенг кўламдаги маънавий-маърифий тадбирлар ва ижтимоий лойиҳаларни ўз ичига олган “Мустақиллик тўйи” (фестивали) тадбирлари ўтказилади.

Байрам арафасида йирик саноат, маданият, таълим ва спорт муассасаларининг тантанали очилиш маросимлари ўтказилади.

1 июнга қадар миллий мустақиллик ва суверенитет ғояларини, Янги Ўзбекистон бунёдкорлари қиёфасини ўзида акс эттирган “Ватан фидойилари” рамзий монументининг эскиз лойиҳаси ишлаб чиқилади. Ушбу монумент Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туман ва шаҳарларда 2026–2030 йилларда барпо этилаётган умуммиллий бирдамлик боғларининг марказий қисмида ўрнатилади.

1 августга қадар ҳар бир соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, уларнинг натижалари ва эришилган ютуқларга бағишланган “Мустақиллик зафарномаси” махсус китоб-альбоми тайёрланади.

Ёшлар ишлари агентлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази апрель ойидан ижтимоий тармоқларда #Mustaqillik35, #Uzb35 хештеглари остида тарғибот акцияларини (флешмоблар, подкастлар, викторина ва бошқалар) бошлайди.

Август ойида Тошкент шаҳрида “Мустақил Ўзбекистон – 35 йиллик тараққиёт йўли: ислоҳотлар, натижалар ва истиқболлар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилади.

Август–сентябрь ойларида хориждаги ватандошлар ва ўзбек диаспораси вакиллари иштирокида “Мустақил Ўзбекистон – ғурурим, ифтихорим” шиори остида маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилади.

Марказий банк 1 сентябрга қадар “Мустақилликнинг 35 йиллиги” эсдалик олтин тангасини зарб этади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид