Ўзбекистон | 18:15 / 15.12.2022
16327
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон аҳолиси ўсиши – инфографикаларда

Охирги 15 ой ичида Ўзбекистон аҳолиси 1 миллионга кўпайди. 8 декабр куни ўттиз олти миллионинчи ўзбекистонлик дунёга келди. Kun.uz шу муносабат билан аҳоли ўсишига оид айрим қизиқарли статистик маълумотларни инфографикаларга жойлади.

Давлат статистика қўмитасининг дастлабки маълумотларига кўра, 2022 йил 8 декабр ҳолатига Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 36 миллионга етди.

Kun.uz Статқўм маълумотлари асосида Ўзбекистон аҳолисининг ўсишига доир баъзи рақамларни инфографикаларда акс эттирди.

Маълум бўлишича, 2001–2007 йилларда Ўзбекистон аҳолиси йилига 500 мингга кўпайган. 2007–2013 йилларда эса аҳоли сони йилига 600 мингдан кўпроққа ўсиб борган.

2014–2018 йиллар оралиғида Ўзбекистон нуфуснинг йилига 700 мингга ўсишини бошдан кечирган бўлса, 2019 йилдан кейин ўсиш янада тезлашган. 2019–2020 йилларда аҳоли сони йилига 800 мингдан кўпроққа, 2021 йилда эса биринчи марта 900 минг нафарга кўпайган.

1920 йилда Ўзбекистон аҳолиси 4,4 млн бўлган. 100 йил ичида аҳоли сони 8 баробар ўсган.

Декадалар ҳисобида қараганда, фақат 50-йиллардагина аҳоли сони камайган. Катта эҳтимол билан бу II жаҳон уруши билан боғлиқ.

Ҳудудлар кесимида энг кўп туғилиш 20 йил олдин ҳам, ҳозир ҳам Самарқанд вилоятига тўғри келяпти.

2000 йилда туғилган чақалоқларнинг 48,6 фоизи қиз бола бўлган бўлса, 20 йил давомида бу кўрсаткич 46,6 фоизга тушган.

Йиллик ўлим кўрсаткичи 2015 йилда 150 мингдан ошган.

20 йил давомида кузатилган ўлим статистикасида 2020 йил, Cоvid-19 пандемияси даври рекорд ўрнатган. 2020 йилда рўй берган ўлимлар сони 2019 йилга қараганда 14 фоизга кўп.

2021 йилда ўлим кўрсаткичи бироз пасайган, лекин 2019 йилдагига нисбатан 13 фоиз баланд бўлган.

World Data маълумотларида Ўзбекистоннинг ўртача аҳолиси 34,9 миллион деб кўрсатилган.

Халқаро статистикада акс этган рақамлар расмий статистикадан фарқ қилади. Бу Ўзбекистон статистика қўмитаси томонидан эълон қилинган демографияга оид 2021 йилги маълумотларга яқин.

Умумий қаралса, Марказий Осиё аҳолисининг 46 фоизи Ўзбекистонда яшайди.

Ҳудудининг катталиги бўйича дунёда 56-ўринда турувчи Ўзбекистон аҳолиси кўплиги бўйича 41-ўринни эгаллаб турибди.

Мадина Очилова тайёрлади.

Мавзуга оид