Ўзбекистон | 11:29
1179
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда аҳоли асосан қайси соҳаларда ишлайди?

Ўзбекистонда банд аҳоли асосан қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги, ишлаб чиқариш саноати ҳамда савдо соҳаларида меҳнат қилмоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, қурилиш, таълим ва бошқа хизмат кўрсатиш йўналишлари ҳам аҳоли бандлигида салмоқли ўрин эгаллаган.

Миллий статистика қўмитаси тақдим этган маълумотларга асосан, иқтисодий фаолият турлари кесимида энг кўп банд аҳоли қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида фаолият юритмоқда. Ушбу соҳада бандлар сони 3 миллион 132,6 минг нафарни ташкил этган.

Шунингдек, бошқа турдаги хизматлар кўрсатиш соҳасида 2 миллион 661,8 минг киши иш билан банд. Ишлаб чиқариш саноатида 1 миллион 699,6 минг нафар, улгуржи ва чакана савдо, шунингдек моторли транспорт воситалари ва мотоциклларни таъмирлаш соҳасида 1 миллион 507,9 минг нафар фаолият олиб бормоқда.

Қурилиш соҳасида 1 миллион 450,5 минг киши меҳнат қилса, таълим тизимида 1 миллион 367,6 минг нафар аҳоли банд. Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида 719,4 минг, давлат бошқаруви ва мудофаа ҳамда мажбурий ижтимоий таъминот соҳасида эса 637 минг киши фаолият юритмоқда.

Бундан ташқари, ташиш ва сақлаш соҳасида 584,6 минг, яшаш ва овқатланиш бўйича хизматларда 389,5 минг нафар аҳоли ишлайди. Профессионал, илмий ва техник фаолият соҳасида 152,6 минг, ахборот ва алоқа соҳасида 108,8 минг, молиявий ва суғурта фаолиятида эса 82,9 минг киши банд экани қайд этилган.

Шу билан бирга, электр, газ, буғ билан таъминлаш ва ҳавони кондициялаш соҳасида 70,7 минг, кўчмас мулк билан операцияларда 67,8 минг, санъат, кўнгил очиш ва дам олиш соҳасида 66,9 минг, тоғ-кон саноати ва очиқ конларни ишлаш соҳасида 66,7 минг, сув билан таъминлаш ва чиқиндиларни утилизация қилиш соҳасида эса 52,8 минг киши меҳнат қилмоқда.

Ушбу рақамлар мамлакат меҳнат бозорида қишлоқ хўжалиги, саноат, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳалари етакчи ўрин тутаётганини кўрсатади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид