Жаҳон | 11:30 / 06.06.2024
6297
5 дақиқада ўқилади

Украинадаги уруш давомида 210 мингдан ортиқ бино вайрон қилинган

Бу бутун Манҳэттен тўрт марта яксон этилганига тенг. The New York Times тадқиқотидан асосий гаплар.

Libkos / Getty Images

The New York Times газетаси Россия босқини бошидан буён Украинадаги вайронгарчилик кўлами баҳоланган катта тадқиқотни эълон қилди.

Журналистлар олимлар билан биргаликда мамлакат ҳудудидаги сўнгги икки йил давомида шикастланган ёки вайрон бўлган ҳар бир бинонинг сунъий йўлдош орқали олинган тасвирларини таҳлил қилишган. «Бу Украинадаги уруш қаерларда олиб борилгани ва вайронгарчиликлар кўламининг илк кенг қамровли картинасидир», — дейилади материалда.

Тадқиқот муаллифлари ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йил февралидан 2023 йил декабрига қадар Украинада 210 минг атрофида бино яксон этилган, булар асосан қарийб 1300 километрга чўзилган бутун фронт чизиғи бўйлаб жойлашган.

Бу бутун Манҳэттен тўрт марта ер юзидан супуриб юборилганидан кўра кўпроқ, дея таққослайди газета. «Украинанинг баъзи жойлари Иккинчи жаҳон урушидан кейинги Дрезден ёки Лондон ёки ярим йиллик бомбардимондан кейинги Ғазо секторини эслатади», — дея ёзади NYT.

NYT графикаси

Суриштирув қандай ўтказилган?

Журналистлар масофадан зондлаш соҳасидаги икки етакчи олим — Ню Йоркдаги Шаҳар университети аспирантурасидан Кори Шер ва Орегон штати университети вакили Жеймон ван дер Ҳук билан ишлашган.

Тадқиқот муаллифлари кенг кўламли уруш бошланган кунлардан 2023 йил декабрига қадар бўлган даврдаги радиолокацион сунъий йўлдошлар олган тасвирлардаги таркибий ўзгаришларни таҳлил қилишган.

Тасвирлар очиқ манба — Sentinel-1 Европа космик агентлиги суратларидан танлаб олинган, унинг сунъий йўлдошлари ҳар 12 кунда ер юзаси ҳолатини фиксация қилишади.

Тадқиқотчилар жами 50 терабайт атрофидаги тасвирларни тўплашган. Маълумотларни текшириш учун журналистлар Maxar Technologies ва Planet Labs компанияларининг юқори аниқликдаги сунъий йўлдош тасвирларидан фойдаланишган. Вайронгарчиликлар кўламини баҳолаш учун тасвирлар OpenStreetMap ва Microsoft Global ML Building Footprints проектларидаги биноларнинг 17 миллиондан ортиқ контурлари билан таққосланган.

Таҳлилда аннексия қилинган Қрим ва Севастопол, шунингдек Украинанинг Винницадан ғарбдаги ҳудудлари акс этмаган, бу ҳудудлар бўйича аниқ маълумотлардан фойдаланиш имкони йўқ.

Вайронгарчиликдан энг кўп азият чеккан шаҳар — Донецк областининг  Мариупол шаҳридир, Россия армияси бу ерни 2022 йил баҳори охирларига қадар қамал қилганди ва амалда буткул яксон этганди. Энди шаҳар Россия ҳукумати томонидан аннексия қилинган ва ҳарбий жиноят изларини яшириш учун шошилинч тарзда қайтадан қурилмоқда.

Украинанинг катталиги бўйича иккинчи ўринда турувчи шаҳри Харкив ҳам кучли даражада вайрон қилинган — у ҳамон ҳар куни РФ қўшини томонидан ракета ва артиллерия зарбаларига дучор бўлмоқда.

Россия қўшини томонидан тўлиқ ёки қисман вайрон қилинган бошқа шаҳарлар эса қуйидагилар — Марйинка, Рубежне, Бахмут, Ирпин, Запорижжя, Орихив, Херсон, Нова Каховка, Олешки, Рени ва Измайил портлари. Украинанинг йирик шаҳарлари — Киев, Днипро, Одесса ва Черниҳив ҳам ракета зарбаларидан сезиларли даражада зарар кўрган.

900 дан ортқ мактаблар, шифохона ва черковлар вайрон қилинган. Улар Женева конвенцияси муҳофазаси остида эди. NYT ҳисобларига кўра, Украинада камида 106 та шифохона ва клиникалар (жумладан, Мариуполда 18 та), 109 та диний объектлар (черковлар, ибодатхоналар, масжид, монастирлар), 708 та ўқув муассасалари (мактаблар, коллежлар ва университетлар) вайрон қилинган.

Газетанинг огоҳлантиришича, бу консерватив баҳо бўлиб, вайронгарчиликларнинг ҳақиқий кўлами катта эҳтимол билан янада каттароқ ва ўсишда давом этмоқда. 2024 йил майида рус қўшини Харкив областида янги юриш бошлаб, фронт чизиғидаги аҳоли яшаш манзилларини ёппасига бомбардимон қилмоқда.

Россия қўшинининг Харкив областидаги юришидан Вовчанск шаҳри жиддий азият чекмоқда
Libkos / Getty Images
24 май куни Украина ҚУ Бош штаби Россия қўшини «ҳаво террорини амалга оширгани»ни маълум қилди: бир кун ичида Вовчанск бошқарилувчи авиабомбалар билан саккиз бор ўққа тутилган
Libkos / Getty Images
Libkos / Getty Images

Украина қуролли кучлари ҳам Россиянинг оккупация қилинган Қрим ва Донецкдаги позицияларига ҳужум қилиш давомида фуқаролик объектларига жиддий зарар етказган, дея қайд этади нашр. «Доимо ҳам қайси томон жавобгарлигини аниқлаш имкони бўлмаса-да, Россия назорати остидаги ҳудудларда кузатилган вайронгарчилик Украина томонидаги билан солиштирганда арзимас даражада», — дея ёзади журналистлар.

Мавзуга оид