“ЖСТга қанча тез аъзо бўлсак, шунча яхши” — Бадриддин Обидов
Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо давлатлар билан икки томонлама музокараларнинг навбатдаги раундини бошлади ҳамда мамлакат Ташкилотга аъзо бўлиш бўйича Ишчи гуруҳнинг 6-йиғилишига тайёргарлик кўрмоқда, дея маълум қилди ташқи савдо вазири ўринбосари Бадриддин Абидов. У бу борада мамлакатнинг ЖСТ га аъзо бўлишининг аниқ муддати кўптомонлама ва иккитомонлама музокаралар якунига қадар ойдинлашишини билдирди.
Ўзбекистон иқтисодий форумида инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Бадриддин Абидовга Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик масаласида Ўзбекистон нималар қилаётгани борасида савол берилди.
“Жорий йил июн ойидаги Ишчи гуруҳнинг 5-чи йиғилиши ва аъзо давлатлар билан иккитомонлама музокаралардан кейин Ўзбекистон ушбу жараёндаги кейинги босқичга ўтмоқда”, дея вазир ўринбосарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
“Биласизки, ўтган 5-6 йил ичида ташқи савдо режимимизни анча эркинлаштирдик ва шунинг учун ҳам ҳозир айнан шундай даражага етганмизки, турли йўналишларга оид маълумотларни (ЖСТга) аъзолик учун тақдим этмоқдамиз. Ушбу жараённи янада жадаллаштириш мақсадида июнда бўлган йиғилишдан сўнг 13 та янги ҳужжатни тақдим этдик ва унда барча йўналишлар бўйича маълумотларни келтирганмиз. Кейинги қадамда ЖСТга аъзо давлатлар билан музокараларни давом эттирмоқдамиз ва жараённи кейинги босқичга олиб чиқамиз. Умид қиламизки, бу жараён тез фурсатларда рўй беради”, – деди у.
Модератор вазир ўринбосаридан ЖСТга аъзо бўлишнинг аниқ муддати ҳақида сўраганда, у аниқ вақтни Ташкилотга номзод давлат томонидан олдиндан белгилаш тўғри бўлмаслигини, бу музокаралар ҳолати ва мажбуриятларни аъзо давлатлар билан биргаликда шакллантиришга боғлиқлигини айтди.
“Ташкилотга аъзо бўлиш бўйича режамиз “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси”да аниқ акс эттирилган ва ҳозир ЖСТга киришга янада яқинроқ муддатларда эришиш учун тезкор чоралар кўриш жараёнидамиз. Жаҳон савдо ташкилотига қанча тез аъзо бўлсак, шунча яхши”, – деди Бадриддин Абидов.
Маълумот учун, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида 2022 йил давомида Жаҳон савдо ташкилотига аъзо давлатлар билан кўп ва икки томонлама музокаралар ўтказиш режаси белгиланган.
Куни кеча Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш бўйича Ишчи гуруҳ йиғилишини ўтказиш учун зарур ҳужжатларни топширгани маълум бўлган эди.
Мавзуга оид
15:54 / 24.10.2024
Импорт автомобиллар Пискентдаги полигонда синовдан ўтказилади
18:23 / 08.10.2024
Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатларига экспорти кескин қисқарди. Нега?
11:06 / 29.09.2024
2024 йил 8 ойда Ўзбекистон ташқи савдосидаги етакчи давлатлар маълум қилинди
16:02 / 23.09.2024