Жаҳон | 21:44 / 19.11.2025
5707
4 дақиқада ўқилади

НАТО қўшинларни Россия чегарасига кўчиришга кетадиган вақтни минимумгача қисқартирмоқчи

Ҳозирда бунинг учун (назарий жиҳатдан) бир ярим ой вақт талаб қилинади. Энди алянс мамлакатлари бу муддатни уч-беш кунгача туширмоқчи, дея хабар бермоқда Financial Times.

Фото: Robert Hegedus / EPA / Scanpix / LETA

Европа Иттифоқи расмийларининг ҳисоб-китобларига кўра, НАТО қўшинлари ва техникасини Ғарбий Европанинг стратегик портларидан Россия ва Украина билан чегарадош шарқий қанотга ўтказиш учун тахминан 45 кун керак бўлади.

Financial Times газетаси ёзишича, 19 ноябр куни ЕИ расмийлари НАТО давлатларининг «ҳарбий мобиллиги бўйича янги таклифни тақдим этиш ниятида. Нашр манбаларига кўра, мақсад қўшинларни Европа ғарбидан шарқига олиб ўтиш вақтини уч-беш кунгача қисқартиришдир.

Германияни ушбу операцияга тайёрлаш учун масъул бўлган немис генерал-лейтенанти Александр Золфранк журналистлар билан мулоқотда ҳар бир элемент «Швейцария соати каби» ишлаши кераклигини айтган. Ушбу ҳарбий мақсад Москвага кучли тийиб туриш сигналини юбориш эканини таъкидлади: «Биз сиз нимани ўйлаётганингиздан хабардормиз ва биз бунга тайёрмиз. Қаранг, биз шу ердамиз».

FT қайд этишича, қўшинларни олиб ўтиш маршрутлари, шунингдек, олиб ўтилиши мумкин бўлан ҳарбийлар сони махфийлаштирилган. Аммо НАТО дипломатлари таҳлилчиларнинг АҚШ, Канада ва Буюк Британиядан Европа орқали 200 мингга яқин ҳарбий, 1500 га яқин танк ҳамда бошқа турдаги 2500 дан ортиқ зирҳли техникалар олиб ўтилиши ҳақидаги тахминларини «умуман олганда тўғри» рақамлар деб баҳолаган.

Ҳарбий ташувларни амалга ошириш учун Европа Иттифоқи мамлакатлари бир қатор логистика муаммоларини бартараф этиши керак. Масалан, Эстония, Латвия ва Литва Болтиқбўйи мамлакатларини Европа темирйўл тармоғига интеграция қилишга қаратилган Rail Baltica лойиҳасини амалга оширмоқда – у ҳарбий ҳаракатларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган ва йирик бўлмаган юкларни ташишни назарда тутади. Шунингдек, Европа йўл тармоғида, айниқса, НАТО қўшинларини кўчириш режасини амалга оширишда марказий рол ўйнайдиган Германияда катта ишлар бажарилиши керак.

Европа Иттифоқига аъзо давлатларда транспорт инфратузилмасининг модернизацияга ўта муҳтож бўлган 2800 га яқин «қайноқ нуқталар» аниқланган. Бироқ Брюсселдаги расмийлар бу рўйхатни 500 тагача қисқартирди.

Европа Иттифоқи ҳукумати армиялар ва қуролларнинг ҳаракатланишини тартибга солувчи тарқоқ қоидаларни стандартлаштириши керак бўлган «ҳарбий Шенген» устида ҳам ишламоқда. Ҳозир, тинчлик давридаги тартибга кўра, армия қўмондонлари кесиб ўтилаётган мамлакатларнинг ҳар бирида турли божхона қоидалари ва меҳнат қонунчилигига риоя қилиши талаб этилади.

Германия мудофаа вазири Борис Писториус яқинда берган интервюсида Россия 2029 йилда, балки 2028 йилдан НАТО билан уруш бошлаши мумкинлигини айтганди. Кремлнинг энг эҳтимолий нишони Болтиқбўйи мамлакатлари ҳисобланади: Эстония, Латвия, Литва. Владимир Путин эса ўз чиқишларида Россия НАТОга ҳужум қилишни режалаштирмаётгани ҳақида бир неча бор гапирган.

2022 йил ёзида Эстония ҳукумати НАТОнинг Болтиқбўйини ҳимоя қилиш режаси уч давлат Россия томонидан тезда босиб олиниши ва 180 кундан кейингина озод қилиниши мумкинлигини назарда тутишини айтганди. Бу вақт ичида Эстония «харитадан ўчирилади», деганди мамлакатнинг ўша пайтдаги бош вазири Кая Каллас.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид