Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
НАТО давлатлари мудофаа харажатларини кескин оширмоқда
АҚШнинг НАТОдаги Европа иттифоқчилари, шунингдек Канада 2025 йилда мудофаа харажатларини 2024 йил кўрсаткичига нисбатан 19,6 фоизга оширди. Шу билан бирга, уларнинг умумий ҳиссаси ҳали ҳам АҚШ сарф-харажатларидан камлигича қолмоқда.
Фото: picture alliance
АҚШнинг НАТОдаги Европа иттифоқчилари, шунингдек Канада 2025 йилда мудофаа харажатларини 2024 йилга нисбатан 19,6 фоизга оширган. Бу ҳақда алянс бош котиби Марк Рюттенинг 26 март, пайшанба куни НАТО сайтида эълон қилинган йиллик ҳисоботида айтилади.
Ҳужжатда қайд этилишича, НАТОга аъзо барча 32 давлат ўтган йили мудофаа учун ўз ялпи ички маҳсулотининг камида 2 фоизини сарфлаган. Шу билан бирга, улардан еттитаси — Полша, Литва, Латвия, Эстония, Дания, Норвегия ва АҚШ ушбу соҳага ЯИМнинг 3 фоизидан кўпроғини йўналтирган. Дастлабки уч давлатнинг харажатлари эса 3,5 фоиздан ҳам ошган. Алянснинг барча иштирокчилари ана шу кўрсаткичга 2035 йилгача етиши режалаштирилган.
Германиянинг 2025 йилдаги мудофаа харажатлари ЯИМнинг 2,39 фоизини ташкил этган. Маблағ ҳажми бўйича мамлакат ҳиссаси фақат АҚШдан кейинги ўринда туради: НАТОнинг ўтган йилги мудофаа харажатлари учун сарфланган 1,63 триллион доллардан 980 миллиард доллар Вашингтон ҳиссасига тўғри келган бўлса, 120 миллиард доллардан ортиғи Берлин ҳиссасига тўғри келган. Умуман олганда, АҚШдан ташқари барча давлатларнинг жами ҳиссаси рекорд даражадаги 574 миллиард долларни ташкил этган.
2025 йил июнида НАТО мамлакатлари 2035 йилга бориб мудофаа харажатларини ўз ЯИМнинг 5 фоизига етказиш бўйича келишувга эришган эди. Бунда 3,5 фоиз анъанавий мудофаа эҳтиёжларига тўғри келиши, яна 1,5 фоиз ЯИМ эса терроризмга қарши кураш ва ҳарбий мақсадларда фойдаланилиши мумкин бўлган инфратузилмани ривожлантиришга сарфланиши режалаштирилган.
Таҳлилчилар баҳосича, НАТОга аъзо Европа давлатлари 2035 йилгача тўғридан тўғри мудофаа инвестициялари ҳажмини қарийб 2,2 триллион еврога (2,54 триллион доллар) етказиши керак. Фақат шундай миқдордагина маблағ қайта қуролланиш бўйича белгиланган мақсадларга эришиш ва Америка тизимлари етказиб берилиши эҳтимолий тўхтатилган тақдирда буни қоплашга ёрдам беради.
Мавзуга оид
10:19 / 09.05.2026
АҚШ Венесуэладан бойитилган уран захираларини олиб чиқди
07:43 / 09.05.2026
Трамп Россия ва Украина ўртасида уч кунлик сулҳни эълон қилди
21:36 / 08.05.2026
Пентагон НУЖ ҳақидаги ҳужжатларнинг биринчи қисмини эълон қилди
11:29 / 08.05.2026