Ўзбекистон | 07:54 / 24.04.2024
6092
3 дақиқада ўқилади

«Ўткан кунлар» романи илк бор араб тилида нашр этилди

Чоп этилган китоб муқовасида Абдулла Қодирий авлодлари тавсиясига кўра, "Ўткан кунлар" романининг 1925 йилдаги илк нашри суратидан фойдаланилди.

Фото: "Дунё" АА

Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонасида "Ўткан кунлар" романининг араб тилидаги нашри тақдим қилинди.

Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонасида буюк ўзбек адиби Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар" романининг илк араб тилидаги "Ўткан кунлар: Туркистондаги аччиқ севги қиссаси" деб номланган нашрининг тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё".

Машҳур асар таниқли таржимон Айн-Шамс ва Луксор университетлари профессори Муҳаммад ал-Жибали томонидан араб тилига ўгирилган. Китоб тақдимоти Абдулла Қодирийнинг 130 йиллигини нишонлаш доирасида ёзувчи набираси Хондамир Қодирий, Ўзбекистон ёзувчилари уюшмаси аъзолари, мамлакат ОАВ вакиллари, ёзувчи ва нуфузли журналистлар иштирокида ўтказилди. 

Тадбирни Ўзбекистон элчиси Мансурбек Қиличев очиб берди. Элчи ўз нутқида ўзбек адабиётининг буюк намояндалари, уларнинг бетакрор асарлари ҳақида сўз юритар экан, Абдулла Қодирий 20 аср ўзбек адабиётида ёрқин из қолдирганини таъкидлади.

Қайд этилганидек, собиқ иттифоқ даврида ўзбек адибларининг кўплаб асарлари хорижий тилларга таржима қилинган. Лекин "Ўткан кунлар" романи рус тилидан бошқа бирор тилга таржима қилинмаган. Ҳатто асарнинг рус тилидаги таржимаси ҳам цензурага учраб, қатор ўзгартиришларга юз тутди.

Шу боис, элчихона кўмагида орадан 100 йил ўтиб ушбу роман араб дунёси ўқувчиларига илк маротаба "Ўткан кунлар: Туркистондаги аччиқ севги қиссаси" номи остида тақдим этилди.

"Ўткан кунлар" романининг араб тилига таржима қилиниши ўзбек маданияти, минтақа тарихи, ўзбекона одоб-ахлоқ каби фазилатларни Яқин Шарқ халқлари орасида кенг тарғиб этишда хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Таржимада асарнинг эски ўзбек ёзувидаги илк нусхасидан ҳамда рус ва инглиз тилларидаги таржималаридан фойдаланилди.

Чоп этилган китоб муқовасида Абдулла Қодирий авлодлари тавсиясига кўра, "Ўткан кунлар" романининг 1925 йилдаги илк нашрининг суратидан фойдаланилди. Китоб қаттиқ муқовада ва сарғиш рангли силлиқ қоғозда чоп этилди. Минтақадаги энг йирик "Дор ул-Маориф" нашриётида 1000 нусхада чоп этилган китобни Мисрдаги барча йирик кутубхоналар ва университетлар, таълим ва маданият муассасалари, давлат идоралари, Қоҳирадаги дипломатик корпус ўртасида тарқатиш режалаштирилган. Бошқа араб давлатларида ҳам мазкур роман таржимасини қайта чоп этиш назарда тутилмоқда.

Мавзуга оид