Жаҳон | 18:46 / 17.06.2025
5810
2 дақиқада ўқилади

Россия Тожикистоннинг электр энергиясидан 297 миллион доллар қарзини кечади

Қарз 2034 йилгача босқичма-босқич ҳисобдан чиқарилади.

Сангтуда-1 ГЭС

Россия ва Тожикистон «Барқи Тожик» энергетика компаниясининг Сангтуда-1 ГЭС олдидаги 297 миллион долларлик қарзидан кечишга келишиб олди. Бу ҳақда Тожикистоннинг «Ховар» ахборот агентлиги хабар берди.

Тожикистон парламенти қуйи палатаси «Сангтуда-1» гидроэлектр станциясидан фойдаланиш бўйича ҳукуматлараро келишувга ўзгартиришларни маъқуллади. Акцияларининг 75 фоизи Россияга, 25 фоизи Тожикистонга тегишли. Станция электр энергиясини фақат «Барқи Тожик» давлат компаниясига етказиб беради.

Янги келишувга кўра, 2025 йилдан 2034 йилгача «Барқи Тожик»нинг 2024 йил охиригача тўпланган 3,257 миллиард сомоний (тахминан 297 миллион доллар) қарзи босқичма-босқич ҳисобдан чиқарилади.

Электр энергияси тарифи ярмидан кўпроққа пасайтирилади – 3,168 центдан 1,5 сентгача, кейин эса 2032 йилга бориб 2,2 центгача оширилади. Келгусида, 2033 йилдан 2048 йил охиригача тариф 3,3 цент даражасида қолади. Томонларнинг ушбу объектга киритган инвестицияларини қоплаш муддати 20 йилдан 35 йилгача узайтирилди: 2034 йилдан 2048 йилгача.

Сангтуда-1 ГЭС лойиҳа қуввати 670 Мвт бўлиб, Тожикистондаги электр энергиясининг қарийб 12 фоизини ишлаб чиқаради.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид