Ўзбекистон | 09:10 / 17.04.2020
30934
2 дақиқада ўқилади

Томорқа ерлардан унумли фойдаланмаган фуқароларга қандай чора кўрилади?

Томорқага ўз танлови асосида бирон-бир қишлоқ хўжалик экини экмаган фуқаролар аввал огоҳлантирилади. Кейин базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солинади 

Фото: KUN.UZ

Парламент қуйи палатасининг 2020 йил 16 апрель куни бўлиб ўтган мажлисида депутатлар «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар.

Таъкидланганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудларга чиқиб аҳолининг томорқа ерлардан фойдаланиш ҳолатларини таҳлилий ўрганмоқдалар. Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, кўплаб аҳоли ўз экин майдонларидан имкон қадар унумли фойдаланаётган бир пайтда, айрим фуқаролар томорқаларини ўз ҳолига ташлаб қўйганлар.

Белгиланган тартиб-таомилга биноан ҳозирда томорқага қандай экин экиш аҳолининг ўз таклифлари асосида шакллантирилади. Бироқ шунга қарамай томорқа эгаси у ёки бу маҳсулотни етиштиришни ўзи режалаштирса-ю, амалда уни бажармаса, бу ҳолат озиқ-овқат захирасини шакллантиришга ҳам салбий таъсир қилади ва албатта бундай лоқайдлик ўз баҳосини олиш шарт.

Шундан келиб чиқиб, «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳа билан ушбу кодексни янги 65-1-модда билан тўлдириш таклиф қилиняпти. Унга мувофиқ, томорқа ерлардан унумли фойдаланмаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Яъни, томорқага ўз танлови асосида бирон-бир қишлоқ хўжалик экини экмаган фуқаролар аввал огоҳлантирилади. Кейин базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солинади. Агар мазкур ҳолат маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, бу қиймат уч бараваридан беш бараваригача миқдорда бўлиши белгиланмоқда.

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши томорқа ер участкаларидан янада самарали фойдаланиш, ер участкаси эгаларининг масъулиятини ошириш ва охир-оқибатда озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилади, дейилади парламент сайтидаги хабарда.

Мавзуга оид