Лойиҳада қонуннинг мақсади транспорт соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш экани қайд этилган. Қонун асосан транспортга оид фаолиятни тижорат асосида амалга оширишда юзага келадиган муносабатларга татбиқ этилиши кўзда тутилмоқда. Шу билан бирга, қувур транспорти, экспериментал ва давлат авиацияси, ташиш мақсадини кўзламаган шаҳар ичи экскурсия хизматлари, айрим идоравий ва беғараз ташишлар ҳамда шахсий эҳтиёж учун ўз транспортида беғараз ташишларни амалга оширадиган жисмоний шахслар фаолияти қонун қўлланишидан мустасно этилади.

Ҳужжатда транспорт тўғрисидаги қонунчилик ушбу қонун ва бошқа ҳужжатлардан иборат экани, ташишдаги шартномавий муносабатлар фуқаролик қонунчилиги билан тартибга солиниши белгиланган. Шунингдек, халқаро шартномаларда бошқача қоидалар бўлса, улар қўлланиши назарда тутилмоқда.

Лойиҳада асосий тушунчаларга алоҳида таърифлар берилган. Хусусан, “аралаш ташиш”, “аралаш ташишлар оператори”, “ташувчи”, “ташиш ҳужжати”, “транспорт-логистика маркази”, “транзит транспорт йўлаги” каби атамалар мазмунан очиб берилмоқда. Транспортга оид фаолиятнинг асосий принциплари сифатида қонунийлик, тенглик, хавфсизлик, экологик тозалик, транспорт хизматларидан фойдалана олиш, хизматлар қулайлиги ва сифати, очиқлик ва шаффофлик белгиланган.

Қонун лойиҳасига кўра, автомобил, ҳаво, темирйўл, сув, электр транспорти, метрополитен ва транспорт инфратузилмаси объектлари ягона транспорт тизимини ташкил этади. Давлат сиёсати йўналишлари қаторида транспорт тизимини стратегик сектор сифатида ривожлантириш, рақобатбардошлик ва хавфсизликни ошириш, давлат-хусусий шерикликни қўллаб-қувватлаш, инновация ва рақамлаштиришни жорий этиш, кадрлар тайёрлаш ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш кўрсатилган.

Лойиҳада Вазирлар Маҳкамасининг транспорт соҳасидаги ваколатлари кенг баён этилган. Шунингдек, Транспорт вазирлиги махсус ваколатли давлат бошқаруви органи сифатида белгиланиб, унинг вазифалари орасида норматив-ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, хавфсизлик чораларини ташкил этиш, транспорт инфратузилмасида тўсиқларсиз муҳит яратиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш каби йўналишлар қайд этилган.

Ҳужжатда лицензиялаш, мувофиқликни баҳолаш ва тарифлар масаласи ҳам ўрин олган. Хусусан, шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўловчи ташишлар ҳамда юкларни халқаро ташиш автомобил транспортида лицензияланадиган фаолият турлари сифатида кўрсатилади. Тарифлар эса эркин ва тартибга солинадиган турларга бўлиниб, ижтимоий аҳамиятга эга ташишлар бўйича чекланган тарифлар белгиланиши мумкинлиги назарда тутилмоқда.