Иқтисодиёт | 20:43 / 10.06.2025
17515
3 дақиқада ўқилади

Рустам Азимов: “Кичик ва ўрта бизнесга кўмак берадиган қадамлар долзарб бўлиб турибди”

Ўзбекистонда ҳар йили 650-750 минг ёшлар меҳнат бозорига кириб келяпти, уларнинг бандлигини таъминлаш учун кичик ва ўрта бизнесга кўпроқ қўллаб-қувватлов керак, деб ҳисоблайди “Ўзбекинвест” компанияси раиси Рустам Азимов.

Фото: Шуҳрат Латипов / Gazeta

Собиқ молия вазири бу ҳақда Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Gazeta мухбири билан суҳбатда айтиб ўтди.

“Фискал сиёсатга келганда, менинг фикримча, кичик ва ўрта бизнесга биз яна кўпроқ имтиёзлар яратишимиз керак. Чунки бугун ҳам нотиқлар айтди, ҳар йили бир миллион бола туғиляпти. Бу ҳар йили камида 650−750 минг одам меҳнат бозорига чиқяпти дегани. Лекин [буларни иш билан таъминлайдиган] катта корхона йўқ. Улар ўзини меҳнат фаолиятини кичик ва ўрта бизнесда амалга оширади. Уларга яна ва яна имкониятлар, кўмак берадиган қадамлар ҳозирча долзарб бўлиб турибди”, – деди у.

Рустам Азимов охирги йилларда бюджет дефицити кутилганидан юқорироқ бўлаётгани, ҳар гал харажатлар кўплиги учун тўлган лимит қайта кўриб чиқилгани ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.

“Бир тарафдан 5,5−6 фоиз дефицит баланд. Лекин бу тақчиллик нимани ҳисобидан бўлган? Чунки бизда инфратузилма йўллар, электр тармоқлари, коммунал тармоқлари, транспорт воситалари эскирган. Уларнинг янгиламаса бизда иқтисодиёт ривожланмайди. Шунинг учун ҳукуматимиз хориждан кўпроқ кредитлар жалб қилиб, бу масалани ечишга мажбур. Агар бу масала ечилмаса, иқтисодиётни жадал ривожланишини таъминлаш жуда қийин бўлади”, – деди Азимов.

“Ўзбекинвест” раҳбари фискал сиёсатда катта ўзгаришлар бўлгани, жисмоний шахслар учун даромад солиғи 24 фоиздан 12 фоизга пасайтирилгани, ҚҚС 20 фоиздан 12 фоизга пасайтирилганини қайд этди.

“Айтишим мумкинки, [даромад солиғи ва ҚҚС камайтирилгани] бюджет учун жуда кўп йўқотишлар бўлган. Лекин аҳоли ва иқтисодиёт учун жуда катта далда бўлган. Битта қонун бор, сиз солиқ юкини пасайтирсангиз, албатта, ўшанда солиқ тўловчилар кўпаяди, улар соядан ташқарига чиқади. Омадимиз шуки, хорижий бозорларда, авваламбор, олтин нархи ва бизнинг бошқа асосий хомашё маҳсулотларимиз нархлари баланд”, – дея қайд этди у.

“Лекин шу лаҳзадан фойдаланиб ишлаб чиқариш соҳаларини ривожлантириш керак. Улар нима учун бизга керак? Биринчидан, иш жойлари кўпаяди, иккинчидан, экспорт салоҳияти ошади, учинчидан, импорт қарамлик пасаяди, тўртинчидан, бюджет қўшимча даромадлар топади. Ўша даромадлар ҳисобига бюджет тақчиллиги камаяди”, – дейди Рустам Азимов.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил декабрида ҳукумат бюджет қонунидан ташқари 10 трлн сўм харажат қилгани ойдинлашган, ўшанда депутатлар бу харажатларни атиги 9 дақиқа ичида қонунга киритиб берганди. Бунда, болалар нафақалари ва моддий ёрдамлар миқдори 2 триллион сўмга камайтирилганди.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид