11:14 / 26.02.2021
84829

1 мартдан қонунчиликда қандай ўзгаришлар кучга киради?

Kun.uz сайти ўз анъанасига мувофиқ, 2021 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида рўй берадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтади.

Бошқа ҳудудлардан жалб қилинган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига махсус устамалар жорий қилинади

«Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарорига асосан, 2021 йил 1 мартдан бошлаб таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда дарс бериш учун бошқа ҳудудлардан жалб қилинган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига махсус устамалар жорий қилинади.

Бунда:

  • бир маъмурий-ҳудудий бирликлар доирасида бошқа туман ва шаҳарлардан келиб фаолият юритаётган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига 50 фоиз;
  • бошқа маъмурий-ҳудудий бирликдан келиб фаолият юритаётган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига 100 фоиз махсус устамалар тўланади.

Тадбиркорлик субъектларига йўлларда йўл ҳаракати қоидалари бузилганини қайд этувчи махсус автоматлаштирилган воситаларни ўрнатиш ҳуқуқи берилади

Президент қарорига биноан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида 2021 йил 1 мартдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига автомобил йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганини қайд этувчи махсус автоматлаштирилган фото ва видео дастурий-техник воситалари ўрнатилишини ташкил этиш ҳуқуқи берилади. 

Шунингдек, тадбиркорлик субъектларига автомобил йўлларида автоматлаштирилган ўлчов воситалари билан жиҳозланган оғирлик ва габарит назорати бўйича стационар шохобчалар ўрнатилишини ташкил этиш ҳуқуқи ҳам берилади.

Икки қаватдан юқори ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотларни қуриш ва реконструкция қилиш тартиби ўзгаради 

Президент фармонига мувофиқ икки қаватдан юқори (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотларни, шу жумладан, якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш объектнинг лойиҳа ҳужжатлари мажбурий экспертизадан ўтказилган ҳамда объектнинг Қурилиш вазирлиги қошидаги қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциялари томонидан давлат қурилиш назорати ўрнатилган ҳолда амалга оширилади.

«Навоий кон-металлургия комбинати» ДК кумушни биржа орқали заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларга эркин сотади

2021 йилги давлат дастурига кўра, 2021 йил 1 мартдан бошлаб «Навоий кон-металлургия комбинати» ДК томонидан кумушни биржа орқали заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларга эркин сотиш тартиби жорий этилади.

Ички туризмда харажатларнинг бир қисми қайтарилади

2021 йилги давлат дастурида 2021 йил 1 мартдан 2022 йил 1 июнга қадар ички туризмни оммалаштириш доирасида Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш учун қуйидаги харажатларнинг бир қисмини қайтариш механизми жорий қилиш белгиланди:

  • авиаташувчиларга — ички туризм йўналишларидаги авиақатновларда чипта нархининг 25 фоизи;
  • туроператор ва турагентларга — Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун ташкил этилган турлар юзасидан авиа ва темир йўл чипталари нархининг 15 фоизи ҳамда жойлаштириш воситаларининг жойлаштириш бўйича хизматлари (меҳмонхона хизматлари) нархининг 10 фоизи.

Бунда, ушбу харажатларнинг бир қисмини қайтариш саёҳат амалга оширилган ҳудудлардаги жойлаштириш воситаларида камида бир кеча тунаб қолиш шарти билан тақдим этилади.

Ўзбекистон фуқароларидан жойлаштириш воситасида, улар яшаган ҳар бир кун учун туристик (меҳмонхона) йиғим ундирилади

Президент фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслардан жойлаштириш воситасида, улар яшаган ҳар бир кун учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган миқдорда туристик (меҳмонхона) йиғим ундирилади. Бунда, туристик (меҳмонхона) йиғим ички туризмни тарғиб қилиш ва рағбатлантириш, туризм мавсуми паст бўлган даврда жойлаштириш воситаларининг бандлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади.

Бир қатор давлатлар фуқаролари учун визасиз режим белгиланади

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган кундан эътиборан 10 кунлик муддатга ўз ёки учинчи мамлакатга учиш авиачиптасини тақдим қилган Баҳрайн, Қатар, Кувайт, Уммон ва Хитой, шу жумладан, Ҳонгконг ва Макао махсус маъмурий ҳудудлари фуқаролари учун визасиз режим белгиланади.

«Жисмоний тарбия» фани ўқитувчиларининг шахмат бўйича малакасини ошириш ишлари бошланади

Президент қарорига мувофиқ умумий ўрта таълим мактаби «Жисмоний тарбия» фани ўқитувчилари (ўқитувчи-тренерлар)нинг шахмат бўйича малакасини ошириш чоралари кўрилади.

Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тартибида ўзгариш бўлади

Ҳукумат қарорига асосан Молия вазирлиги суғурта ташкилотлари билан биргаликда транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича Е-полис (электрон турдаги суғурта хизматлари)ни сотиш, расмийлаштиришни амалга оширади.

Чиқиндиларни саралаб йиғиш тизимини жорий этиш бошланади

Президент қарорига асосан қаттиқ маиший чиқиндиларни саралаб йиғиш тизими 2021 йил 1 мартдан бошлаб қуйидаги тартибда босқичма-босқич жорий этилади:

  • 1-босқичда (2021 йилда) — Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан белгиланадиган маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида чиқиндиларни «қайта ишланадиган» ва «қайта ишланмайдиган» тоифаларга ажратган ҳолда йиғиш;
  • 2-босқичда (2022 йилда) — «Махсустранс» давлат унитар корхонаси томонидан хизмат кўрсатиладиган барча ҳудудлардаги якка тартибдаги турар жой секторида қаттиқ маиший чиқиндиларни «қайта ишланадиган» ва «қайта ишланмайдиган» тоифаларга ажратган ҳолда йиғиш;
  • 3-босқичда (2023 йилдан бошлаб) — барча туманларда чиқиндиларни «қайта ишланадиган», «қайта ишланмайдиган», «органик», «хавфли маиший чиқиндилар» ва бошқа тоифаларга ажратган ҳолда йиғиш.

Энергия ишлаб чиқарувчилар ягона маълумотлар базаси орқали идентификация рақамини олишлари лозим бўлади

Махсус ваколатли давлат органи томонидан қайта тикланувчи энергия манбалари (ҚТЭМ) қурилмаларининг ва улардан ишлаб чиқариладиган энергиянинг давлат ҳисобини юритиш учун 2021 йил 1 мартдан бошлаб энергия ишлаб чиқарувчилар Низомда белгиланган тартибда ягона маълумотлар базаси орқали идентификация рақамини олишлари лозим бўлади.

ОТМлар ҳамда лицензияга эга нодавлат таълим ташкилотларига халқ таълими соҳасида фаолият кўрсатаётган мутахассисларнинг малакасини ошириш ҳуқуқи берилади

Президент фармонига биноан педагог кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари ҳамда лицензияга эга нодавлат таълим ташкилотларига халқ таълими соҳасида фаолият кўрсатаётган раҳбар, мутахассис ва педагог ходимларнинг малакасини ошириш ҳуқуқи берилади.

Бунда:

  • халқ таълими ходимлари ўз ихтиёрига кўра Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказларида, педагог кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасаларида ёки лицензияга эга нодавлат таълим ташкилотларида малакасини ошириши мумкин бўлади;
  • олий таълим ташкилотлари ва нодавлат таълим ташкилотларининг педагог кадрлар малакасини ошириш билан боғлиқ харажатлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ушбу мақсадлар учун Халқ таълими вазирлигига ажратиладиган маблағлар доирасида қопланади.

Солиқ мониторингини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом кучга киради
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 ноябрдаги 736-сонли қарори билан тасдиқланган Солиқ мониторингини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом ва бошқа бир қатор низомлар кучга киради.

Ижро ҳужжатлари бўйича алимент мажбуриятларини бажариш ягона ахборот тизими орқали амалга оширилади

«Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармонига асосан ижро ҳужжатлари бўйича алимент мажбуриятларини бажариш қарздорлар томонидан Алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизими орқали амалга ошириладиган тартиб ўрнатилади.

Шунингдек, алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизими алимент мажбуриятлари бўйича алоҳида банк ҳисобварағи билан интеграция қилинади. Бунда Бюро томонидан ижро ҳужжатлари бўйича ундирувчи (алимент олувчи) номига тегишли банк картаси расмийлаштирилади ҳамда алимент пуллари, шу жумладан қарздорнинг иш ҳақидан ушлаб қолинган алимент пуллари ушбу алимент мажбуриятлари бўйича алоҳида банк ҳисобварағи орқали мазкур банк картасига ўтказилади.

Сув омборларида сейсмологик кузатувларни доимий амалга ошириш тизими жорий этилади

Ҳукумат қарорига кўра, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 мартдан бошлаб:

  • республиканинг сейсмик фаол ҳудудларида жойлашган сув омборларида сейсмологик кузатувларни доимий амалга ошириш тизими босқичма-босқич жорий этилишини ва такомиллаштириб борилишини;
  • сув омборларида сейсмологик кузатувларни доимий амалга ошириш тизимини босқичма-босқич жорий этиш учун зарур шарт-шароитлар яратилишини, шунингдек, тадқиқотлар учун зарур бўладиган барча маълумотлар белгиланган тартибда тақдим этилиши назоратга олинишини;
  • шартнома асосида сейсмологик кузатувлар ташкил этилиши, фаолият юритиши ва такомиллаштирилишига амалий ёрдам кўрсатилишини амалга оширади.

Пестицидлар ва гербицидларни сотиш тартибида ўзгариш бўлади

Пестицидлар, гербицидлар ва бошқа заҳарли кимёвий моддаларни ишлаб чиқарадиган ёки олиб кирадиган хўжалик юритувчи субъектлар ушбу моддаларнинг стандарт намуналари белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигида ўсимлик зараркунандалари, касалликлари ва бегона ўтларга қарши фойдаланиш учун рухсат этилган кимёвий ва биологик ҳимоя воситалари, дефолиантлар ҳамда ўсимликлар ўсишини бошқарувчи воситалар рўйхатига киритилишини ва ушбу стандарт намуналари билан бирга сотилишини таъминлайди.

Top