Мигрантлар учун имконият, ишга тушаётган ижтимоий карталар ва «Мажбуриятлар реестри» – 1 декабрдан нималар ўзгаради?
Kun.uz сайти ўз анъанасига мувофиқ 2024 йил 1 декабрдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида рўй берадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтади.

Фото: Kun.uz
Меҳнат мигрантлари учун имкониятлар берилади
Бу ҳақда президентнинг “Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш жараёнларини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида келтирилган.
Ҳужжатга кўра, 2024 йил 1 декабрдан:
- хусусий бандлик агентликлари лицензия олиши учун захира маблағлари миқдори БҲМнинг 8 500 бараваридан 4 000 бараваригача камайтирилади;
- хусусий бандлик агентликлари захира маблағларини Миграция агентлиги розилигисиз фойдаланмаслик шарти билан тижорат банкларининг депозитларига жойлаштириши ва ушбу депозитлардан олинадиган фоиз даромадларини эркин тасарруф этиши мумкин;
- Миграция агентлиги томонидан хорижий иш берувчилар ва рекрутинг ташкилотларидан фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш бўйича олинган таклифлар очиқ танлов орқали хусусий бандлик агентликлари ўртасида тақсимланади.
Қарор билан хорижга ишлаш учун кетмоқчи бўлган фуқароларни касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитиш тизимини замон талабига мослаштириш, шунингдек, мазкур йўналишда халқаро тан олинган дастурлар ва малака сертификатларини жорий қилиш мақсадида 2024 йил 1 декабрдан бошлаб:
- агентлик томонидан таълим ташкилотларида хорижга ишга кетмоқчи бўлган фуқароларни касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитиш бўйича буюртмалар жойлаштириш тартиби жорий этилади. Бунда агентлик буюртмалари асосида касбий таълим ташкилотларида хорижга ишга кетмоқчи бўлган фуқаролар учун давлат гранти асосида алоҳида қабул параметрлари белгиланади. Шунингдек, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан хорижга ишга кетмоқчи бўлган фуқароларни ўқитиш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан грантлар ажратилади;
- таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси ҳисобидан халқаро тан олинган таълим дастурлари бўйича касбга ўқиш учун таълим кредитларини ажратиш тартиби жорий қилинади;
- агентликнинг электрон платформасида касбий таълим муассасалари ва касбий кўникмалар марказларида фаолият юритаётган чет тили фани ўқитувчиларининг рейтинги тузилади. Бунда инглиз, корейс, немис ва япон тиллари бўйича камида B1 ёки унга тенглаштирилган даражадаги халқаро сертификат олган битирувчилари сони энг кўп бўлган 50 нафар ўқитувчига Жамғарма ҳисобидан 50 миллион сўмдан субсидия тўланади;
- хусусий бандлик агентликларига чет элда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқароларни касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш ҳамда ушбу жараёнга ҳамкор хорижий иш берувчиларни жалб қилиш ҳуқуқи берилади. Бунда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига таълим ташкилотларининг бўш бино ва иншоотларини хусусий бандлик агентликларига ўқув курсларини ташкил қилиш учун тўғридан тўғри шартномалар асосида текин фойдаланишга беришга рухсат этилади.
«Ўзбекистон темирйўллари» юк ташиш тарифларини оширади
«Ўзбекистон темирйўллари» АЖ 2024 йил 1 декабрдан маҳаллий қатновдаги вагонлар орқали юк ташиш тарифларини оширади. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берган.
Қайд этилишича, «Ўзбекистон темирйўллари» АЖ томонидан кўрсатилаётган юк ташиш хизматларида вагон қисмига боғлиқ харажатлар ошган.
«Ушбу харажатларни қисман қоплаш ҳамда юк вагон паркини янгилаш мақсадида 2024 йил 1 декабрдан маҳаллий қатновда акциядорлик жамиятига тегишли (инвентар) вагонларда юк ташиш тарифлари вагон туридан (универсал, махсуслаштирилган ва цистерна) келиб чиқиб, тариф ставкаларидаги вагон қисми 30 фоиз миқдорида оширилади», – дейилади хабарда.
Компания матбуот хизматининг Kun.uzʼга маълум қилишича, бу ўзгариш юк ташиш тарифларининг ўртача 8-10 фоизга ошишига олиб келади.
“Юк ташиш тарифлари инфраструктура, локомотив ва вагон қисмларидан ташкил топади. Шу муносабат билан фақатгина вагон қисми 30 фоизга оширилди, бу жами тарифга вагон туридан келиб чиқиб ўртача 8-10 фоиз таъсир этади”, – дейилади изоҳда.
«Мажбуриятлар реестри» жорий қилинади
2024 йил 3 январда давлат раҳбарининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини ислоҳ этиш ва соҳани рақамлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”га фармони қабул қилинган.
Ҳужжатда 2024 йил 1 декабрдан бошлаб суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминловчи «Мажбуриятлар реестри» институти жорий этилиши белгиланган.
Қайд этилишича, реестр Мажбурий ижро бюроси томонидан юритилади. Қарздор мол-мулки йўқлиги сабабли ундирув амалга ошириш имконияти бўлмаганда, у ҳақидаги маълумотлар мажбурий тартибда реестрга киритилади. Қарздор ҳақида маълумот реестрга киритилгандан кейин унга нисбатан ижро иши доирасида қўлланган барча чекловлар сақлаб қолинади.
Реестрга киритилган қарздорнинг мол-мулки ва пул маблағлари аниқланганда мажбурий ижро ҳаракатлари давом эттирилади. Қарздор ижро ҳужжати бўйича мажбуриятини бажарганда, у вафот этганда, ижро ҳужжатини беришга асос бўлган суд ҳужжати ёки бошқа органнинг ҳужжати бекор қилинганда ёхуд ижро ҳужжати бўлган ҳужжат бекор қилинганда ёки ҳақиқий эмас деб топилганда, қарздорнинг 10 йил давомида мол-мулки ёки пул маблағлари ҳақида маълумот аниқланмаганда ёки қарздор банкрот деб топилганда ундирувчининг аризасига кўра у ҳақидаги маълумотлар реестрдан чиқарилади.
Ижтимоий тўловлар ижтимоий карталарга кўчади
Президент 2024 йил 18 июл куни “Аҳолини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тартибини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”га қарорни имзолаганди. Унда аҳолини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид барча чораларни рақамли технологиялар асосида тақдим этишга ўтишнинг асосий йўналишлари белгилаб берилган.
Жумладан, қарорда «Ижтимоий карта» ахборот тизимини жорий этиш орқали ижтимоий тўловлар ва субсидиялар, ижтимоий хизматлар ва ёрдамларни тайинлаш, тақдим этиш, мониторинг қилиш ва баҳолаш жараёнларини, шунингдек, аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг ижтимоий хусусиятга эга бошқа барча чораларини босқичма-босқич тўлиқ автоматлаштириш назарда тутилган.
Ҳужжатга илова сифатида ижтимоий тўловларни ижтимоий карталар орқали тўлашни босқичма-босқич жорий қилиш жадвали келтирилган. Унга кўра, 2024 йил 1 декабрдан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида тажриба-синов сифатида айрим ижтимоий тўловларни ижтимоий карталар орқали тўлашни йўлга қўйиш режалаштирилган.
Жумладан, ушбу ҳудудларда кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам, ёшга доир нафақа, ногиронлик нафақаси, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳар ойлик моддий ёрдам, ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларга ногиронлик нафақалари, ногиронлиги бўлган болаларни парваришлаётган оналар учун нафақа, протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари хариди учун ваучер, боқувчисини йўқотганлик нафақаси 2024 йил 1 декабрдан ижтимоий карталар орқали тўланади.
Камбағал оилалар реестри шакллантирилади
2024 йил 1 декабрдан “маҳалла еттилиги” томонидан камбағал оилаларнинг ижтимоий шароити ва камбағалликка тушиш сабабларини ўрганиш натижасида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан Камбағал оилалар реестри шакллантирилади. Бу ҳақда “Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида”ги президент фармонида келтириб ўтилган.
Ҳужжатда кейинги йил бошидан кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам олаётган оилаларнинг расмий банд бўлмаган аъзолари ишга жойлашганда, ўзини ўзи банд қилганда ёки тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйганда ушбу нафақа ва моддий ёрдамни уларнинг муддати тугагунга қадар, бироқ 6 ойдан кўп бўлмаган муддатга тўлаш давом эттирилиши, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,5 бараваридан кам бўлмаган ойлик иш ҳақи тўланган ҳолда ишга жойлашган Камбағал оилалар реестрига киритилган оила аъзоси учун ижтимоий солиқ уч йил давомида 1 фоиз ставкада тўланиши каби имтиёзлар ҳам назарда тутилган.
Бошқа ўзгаришлар
2024 йил 1 декабрдан бошлаб:
- миграция ва фуқароликни расмийлаштириш ҳамда транспортни рўйхатга олиш бўйича давлат хизматлари хизмат кўрсатувчи ходим томонидан мурожаат этувчининг яшаш жойига бориб, планшет ёки компютерга ўрнатилган техник қурилмалар ёрдамида қўшимча тўлов асосида кўрсатилади;
- транспорт воситаларида (йўналишлардаги автобуслар бундан мустасно) рекламани жойлаштириш учун йиғим транспорт воситаларида ташқи рекламани ўрнатиш учун реклама жойининг паспортини беришда тўланади. Бунда 2024 йил 1 декабрга қадар берилган транспорт воситаларида ташқи рекламани ўрнатиш учун реклама жойининг паспортлари учун йиғим 2025 йил 1 январга қадар тўлиқ тўланиши лозим.
- ёлғиз яшаётган ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга Тошкент шаҳрида эксперимент тариқасида тегишли йўналишдаги нодавлат ташкилотлар орқали Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маблағлари ҳисобидан ижтимоий хизматлар кўрсатиш амалиёти йўлга қўйилади;
- бир календар йил давомида икки ва ундан ортиқ марта тазйиқ ва зўравонлик ҳолати бўйича мурожаат қилинганда ички ишлар органлари томонидан ҳимоя ордери ташаббус тартибида берилади;
- автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш билан боғлиқ мурожаатларни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг мобил иловаси, расмий веб-сайти, «Call» маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали юбориш ва тўловларни онлайн амалга ошириш жорий этилади;
- умумий овқатланиш корхоналари жисмоний шахслардан нақд пулга харид қилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тўғрисидаги маълумотлар электрон шаклда солиқ органлари маълумотлар базасида акс эттирилиши солиқ солиш мақсадларида кирим ҳужжатларига тенглаштирилади;
- фермер ва деҳқон хўжаликларининг нуфузини ошириш, қайта ишловчи ва экспорт қилувчи корхоналарга кўмаклашишга қаратилган «мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирувчиларни баҳолаш» тизими жорий этилади ҳамда ҳар йили Агросаноатни ривожлантириш агентлиги расмий веб-сайтида мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирувчилар рейтинги эълон қилиб борилади.
Тавсия этамиз
Сиёсат ва футбол: тўп яна Трампда
Жаҳон | 21:48 / 14.03.2025
Тошкентда битта хонадон нархи неча йиллик ижара ҳақига тенг?
Ўзбекистон | 20:15 / 14.03.2025
Тошкентда попкорн сотувчиларини “паноҳига олган” профилактика инспектори пора олганликда айбланди
Жамият | 19:19 / 14.03.2025
Юк машинасини бўлакларга бўлиб олиб киришга уриниш аниқланди
Иқтисодиёт | 15:03 / 14.03.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Зеленский тинчлик бўйича музокараларда иштирок этадиган Украина делегацияси таркибини тасдиқлади
Жаҳон | 03:50
-
Финландия АҚШга тухум етказиб беришдан бош тортди
Жаҳон | 00:25
-
Трамп Лотин Америкасига гиёҳванд моддаларга қарши курашда ёрдам кўрсатишни тўхтатди
Жаҳон | 00:00
-
Латвия Беларус билан чегарадаги ягона назорат-ўтказиш пунктини ёпди
Жаҳон | 23:05 / 16.03.2025
Мавзуга оид

19:33 / 25.02.2025
Ҳокимларга қўшимча ваколат, автоматик тайинланадиган пенсия ва скутер учун “права” – 1 мартдан нималар ўзгаради?

13:09 / 27.01.2025
Камбағал оилаларга ваучер, боғчаларда электрон давомат ва ривожлантириладиган электротехника саноати – 1 февралдан нималар ўзгаради?

13:12 / 26.12.2024
Электрон браслетли бўладиган маҳкумлар, маоши ошадиган маданиятчилар ва ёввойи ҳайвонларга “эркинлик” – 1 январдан нималар ўзгаради?

13:59 / 29.10.2024