Жамият | 17:55 / 04.12.2021
4341
2 дақиқада ўқилади

Андижон давлат университети биносининг 4-қаватидан ҳомиладор аёл тушиб кетганлиги юзасидан расмий маълумот берилди

Ижтимоий тармоқларда Андижон давлат университетининг Тарих факультети биносининг тўртинчи қаватидан ҳомиладор аёл тушиб кетганлиги ҳақида хабарлар тарқалди.

Фото: KUN.UZ

Университет ахборот хизмати ушбу ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.

Қайд этилишича, бугун соат 14:00 атрофида Андижон давлат университети 1000 ўринли биносининг 4 қаватидан аёл киши эҳтиётсизлиги оқибатида тушиб кетган.

Расмий муносабатда билдирилишича, ижтимоий-иқтисодиёт факультети талабалари ота-оналари учун мажлис ўтказилган. Мажлис университетнинг 4-қаватида жойлашган кичик мажлислар залида бўлиб ўтган. Унда иштирок этган талабалардан бирининг келинойиси йиғилиш бўлаётган вақтда телефон бўлиб қолгани сабабли йиғилишдан чиқиб, телефонда суҳбатлашган.

Айни вақтда шу қаватда бинонинг зиналарини янги, бақувватига алмаштириш учун эскиси олиб ташланиб, янгисини ўрнатиш ишлари амалга оширилаётган бўлган. 

Аёл телефонда суҳбатлашиш жараёнида қурилиш бўлаётган ҳудудни англатувчи белги ва тўсувчи тасмаларга аҳамият бермасдан зинапоя томонга юрган ва эътиборсизлик оқибатида тушиб кетган. Бунда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган ҳудуд тўлиқ беркитиб қўйилмаганлиги, тўсиқ ленталарига эса эътибор бермаслиги ҳам сабаб бўлган.

"Ҳодиса юз берган вақтнинг ўзидаёқ университетнинг масъул ходимлари томонидан шошилинч тез ёрдам чақирилиб, фуқаро республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалига университет маъмурияти вакиллари ҳамроҳлигида олиб борилган ва биринчи ёрдам кўрсатилган. Маълумот учун, аёл ҳомиладор бўлмаган", - дейилади университет ахборот хизмати муносабатида.

Мавзуга оид