Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ишсиз қолаётган коллеж ўқитувчиси, дарсликлар ва ўқувчилар имтиҳонсиз қабул қилинадиган касб-ҳунар мактаблари - Вазирлик мутасаддилари билан суҳбат
Давом этаётган карантин талабларидан келиб чиққан ҳолда академик лицейлар ва касб-ҳунар марказларига қабул муддатида ўзгариш кузатилди.
Kun.uz мухбири Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг тегишли бошқарма бошлиқлари билан телефон орқали интервью уюштирди ва қабул жараёнлари ҳамда бошқа масалалар борасидаги саволларга жавоб олди.
– Маълумки, 11 йиллик таълим қайта йўлга қўйилгандан кейин кўплаб лицей ва касб ҳунар коллежлари тугатилди. Бизга касб-ҳунар коллежи ўқитувчиларидан жуда кўп мурожаатлар бўлмоқда. Унга кўра, шу пайтга қадар касб-ҳунар коллежларида дарс бериб келган кўплаб ўқитувчилар ишдан бўшатиб юборилмоқда. Вазирликнинг масъул бошқармаси шу каби ўқитувчилар тақдирига нега бефарқ қарамоқда? Бу масала ўзининг ижобий ечимини топадими?
Ўткир Алижонов, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи

– Ўзбекистон президентининг 2018 йил 25 январдаги «Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 5313-сон фармонига асосан умумий ўрта таълим мактабларида 10- ва 11-синфлар ташкил этилиши муносабати билан касб-ҳунар коллежларида ўқув соатлари ва штат бирликлари қисқарди.
Штатлари қисқарган ўқитувчилар, ишлаб чиқариш таълими усталарини иш билан таъминлаш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Олий ва ўрта махсус ва Халқ таълими вазирлиги ўртасида ҳамкорлик ўрнатилган.
Хусусан, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан дарс соатлари ва штат бирликлари қисқарган касб-ҳунар коллежларининг ўқитувчилари, ишлаб чиқариш таълими усталарини иш билан таъминлашда кўмак бериш мақсадида уларнинг номма-ном рўйхатлари шакллантириб Бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда Халқ таълими вазирликларига тақдим этилди.
Халқ таълими вазирлиги умумтаълим мактабларида 10- ва 11-синфлар очилиши ҳисобидан шаклланган дарс соатлари ва ташкил этилган штат бирликларига юқоридаги штати қисқарган умумтаълим фан ўқитувчиларини ва ишчи-ходимларини ишга қабул қилиб келмоқда.
2019 йилда дарс соатлари ва штат бирликлари қисқарган 37454 нафар ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталарига ишга жойлашишга кўмак кўрсатилди.
Президентнинг 2019 йил 6 сентябрдаги «Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5812-сон фармонига асосан 2020/2021 ўқув йилидан янги профессионал таълим тизими ташкил этилмоқда.
Бугунги кунга қадар 339та касб-ҳунар мактабларига 70 мингдан ортиқ 9-синф битирувчиларининг ҳужжатлари онлайн платформа орқали қабул қилинди. Шу билан бирга, коллежлар ва техникумларга ҳам янги ўқув йили учун ўқувчиларни қабул қилишга тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Профессионал таълим муассасаларига ўқувчиларни қабул қилиш кўрсаткичлари ва амалга ошириладиган таълим дастурларидан келиб чиқиб тегишли фанлар бўйича ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш таълими усталарига эҳтиёж вужудга келади.
2020/2021 ўқув йилидан ўз фаолиятини бошлайдиган профессионал таълим муассасаларига ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш таълими усталари белгиланган тартибда ишга жойлашиш учун мурожаат қилишлари мумкин бўлади.
– Касб-ҳунар мактаблари ва академик лицейларга бўладиган кириш имтиҳонлари номаълум муддатга қолдирилди. Имтиҳонлар август ойидан кейинга қолдириладиган бўлса, дарс соатлари, тарификацияси аниқ бўлмаган ўқитувчиларнинг ойлик масаласи қандай ҳал этилади? Бундай шароитда ўқитувчиларнинг ойликсиз қолиб кетмаслигига вазирлик кафолат берадими?
Мамадалиев Азиз Юсупалиевич - Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Иқтидорли ёшларни саралаш, академик лицейлар ва ихтисослашган таълим муассасалари бўлими бошлиғи.

– Республика махсус комиссияси қарорига мувофиқ шу йилнинг 15 августига қадар кучайтирилган карантин чоралари белгиланиши муносабати билан академик лицейларга ўтказиладиган саралаш имтиҳонлари номаълум муддатларга қолдирилган.
15 августдан кейин карантин тадбирлари юмшатилиши билан академик лицейларга саралаш имтиҳонларини ўтказиш учун барча зарурий чора-тадбирлар кўрилган.
Янги ўқув йили бошлангунга қадар саралаш имтиҳонларини тўлиқ ўтказиб, ўрнатилган тартибда педагог ходимларнинг белгиланган иш юкламаси асосида ойлик маошлари тўлаб борилади.
– Бир қатор академик лицей ўқитувчилари лицей ўқувчилари учун бир неча йиллардан буён дарсликлар чиқарилмаётганини билдиришган.
Маълум бўлишича, лицей ўқувчилари мактаб дарсликларидан фойдаланиб келмоқда. Ўқувчиларнинг айтишича, улар мактаб дарсликларини айрим пайтда ўқув йилининг декабрь ойида олишмоқда.
Нега лицейларни дарсликлар билан таъминлаш ўз ҳолига ташлаб қўйилди? Бу борада янги дарсликлар чиқариш, бунинг учун танлов ўтказиш, дарсликлар ишлаб чиқаришдаги монополияни йўқ қилишда сизларга нима тўсиқ бўляпти?
–Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 25 июлдаги 803-ф сонли фармойишига мувофиқ, Халқ таълими вазирлиги умумий ўрта таълим муассасалари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари учун дарслик буюртмачиси этиб белгиланган.
Ушбу фармойишдан келиб чиқиб 2018 йилдан бошлаб ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини ижара тизими асосида умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синфлари учун мўлжалланган дарсликлар билан таъминлаш тартиби жорий этилган.
– Янги ташкил этилган касб ҳунар мактабларига имтиҳон жараёнлари қандай шаклда ўтказилади?
Азиз Мелибоев, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқармаси бошлиғи

– Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси мажлисининг 2020 йилдаги 1-сон баёнига мувофиқ 2020 йил 5 июлдан 20 июлга қадар 2020/2021 ўқув йили учун касб-ҳунар мактабларига умумтаълим мактаблари 9-синф битирувчиларининг ҳужжатлари онлайн тарзда kasb.edu.uz электрон платформаси орқали қабул қилинди.
Электрон платформа орқали жами 77263 нафар 9-синф битирувчилари касб-ҳунар мактабларига қамраб олинди. Қабул қилинган ҳужжатлар сони касб-ҳунар мактабларининг қувватидан ортиқ қабул қилинмаганлиги боис ушбу таълим муассасаларида ўқувчилар ўртасида танлов ўтказиш режалаштирилмаган.
Шунингдек, 2020/2021 ўқув йилида коллеж ва техникумларга август ойида абитуриентларнинг ҳужжатларини онлайн тарзда қабул қилиш режалаштирилган.
Илёс Сафаров тайёрлади
Мавзуга оид
09:00 / 12.10.2022
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг сайёр Ҳайъат йиғилиши Қашқадарёнинг Кўкдала туманида ўтказилди
09:00 / 22.05.2022
Президент совғаси – “Spark” автомобили ўз эгасига топширилди
15:09 / 28.10.2021
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги зўравонликка учраган хотин-қизлар учун ишонч телефони ва ботни ишга туширди
19:22 / 24.05.2021