Куни кеча Қашқадарё вилояти Кўкдала педагогика коллежида Олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Тошқулов раислигида барча давлат олий таълим муассасалари раҳбарлари, соҳанинг масъул вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирокида сайёр Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилиш «Яшил макон» умуммиллий дастури ижроси, талабалар бандлигини таъминлаш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳамда олий ва профессионал таълим интеграцияси масалаларига бағишланди.


Дастлаб, бугунги сайёр йиғилишнинг айнан Кўкдала педагогика коллежида ўтказилгани бежиз эмаслигига тўхталиниб, "боиси, мазкур коллежнинг бу борадаги тажрибаси билан ўртоқлашиш, амалга оширилган ишларни жойида кўриб, яхши томонларини бошқа ҳудудларда ҳам жорий этиш", – деди вазир.
Қайд этилганидек, бу ерда «Яшил макон» умуммиллий дастури доирасида эътиборга молик ишлар амалга оширилган, коллеж ҳудудида 100 минг тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахтлар ўтказилиб, ҳудуд аҳолиси салқинлик ва кислородга тўйинган тоза ҳаво билан таъминланган.
Умуман, мазкур аҳоли пунктида «яшил боғ» яратиш, уни парваришлаш ва кўкаламзорлаштириш борасида тажриба шаклланиб, яхши мактаб яратилган.


Маълумотларга кўра, олий, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари ҳудудларида 2021 йил куз ва 2022 йил баҳор мавсумларида жами 2 млн 840 минг 696 дона манзарали, мевали дарахт ҳамда бута кўчатлари экилган.
Тизимли йўлга қўйилган мазкур ишларни давом эттириш мақсадида кўп маблағ ва ортиқча меҳнат талаб қилмайдиган, 5-6 йилдан сўнг яхши даромад манбаи бўладиган терак кўчатлари ва қаламчаларини барча профессионал ва олий таълим муассасаларида камида 5 минг донадан экиш бўйича аниқ вазифалар берилди.
Вазир олий ва профессионал таълим интеграцияси масаласига ҳам тўхталиб, иқтисодиёт тармоқларининг турли соҳаларига ўрта бўғин кадрлар тайёрлашда методик кўмак кўрсатиш мақсадида 208 та техникум 70 та ОТМга бириктирилганини таъкидлади.
Кейинги масала давлат раҳбари томонидан жорий йил охирига қадар қуёш панеллари ва қуёш сув иситиш қурилмаларини барча олий таълим муассасаларига жорий этиш бўйича берилган топшириқлари ижроси бўлди.



















