Жамият | 15:09 / 28.10.2021
9257
2 дақиқада ўқилади

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги зўравонликка учраган хотин-қизлар учун ишонч телефони ва ботни ишга туширди

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимдаги хотин-қизлар зўравонликнинг турли кўринишларига дуч келганда мурожааат қилишлари учун 1006 ишонч телефони ҳамда @himoya_otv_bot’ни ишга туширди. Бу ҳақда вазирлик расмий сайтида маълум қилинди.

“Агар сиз таълим олаётган ёки меҳнат қилаётган олийгоҳ, профессионал таълим муассасасида сизга нисбатан бирон-бир кўринишда тегажаклик, тазйиқ ёки зўравонлик содир этилган бўлса ёхуд ана шундай ножўя хатти-ҳаракатлар таҳдиди остида бўлсангиз ёки гувоҳи бўлган бўлсангиз, ҳеч иккиланмай Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 1006 ишонч телефонига ёки @himoya_otv_bot’га мурожаат қилинг”, – дейилади хабарда.

Таъкидланишича, хабар берувчининг шахси ва шахсий маълумотлари сир сақланиши кафолатланади ва жабрланувчига зарур бўлган барча ёрдам кўрсатилади, ножўя хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик, содир этилган ҳар бир ҳолат бўйича қатъий чоралар кўрилиши таъминланади.

Маълумот учун, зўравонликнинг турли кўринишига дуч келганда мурожаат қилиш учун республика бўйлаб ягона рақам – Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг 1146 ишонч телефони ҳам мавжуд. Бундан ташқари зўравонликдан жабр кўрганлар учун Najot иловаси орқали ҳар бир вилоятдаги реабилитация марказларига боғланиш керак бўлади.

Шунингдек, «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга кўра, тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган ҳар бир хотин-қиз тегишли органларга ёки судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга. Агар оилавий муносабатлар сабаб тазйиқ ва зўравонликка учраган аёл судга мурожаат қилса ундан давлат божи ундирилмайди.

Мавзуга оид