Ўзбекистон | 00:59 / 01.04.2021
22839
3 дақиқада ўқилади

Самарқанд йил охиригача «миллионлик шаҳар»га айланади, шаҳарда 5 та туман ташкил этилади — Турдимов

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ёшлар билан ўтказилган учрашувда вилоят маркази Самарқандни миллион киши истиқомат қилувчи шаҳарга айлантириш ва бундай статуснинг ўзига хослиги ҳақида гапирди.

Kun.uz мухбири хабарига кўра, учрашувда Самарқанд шаҳрида ҳам «прописка» билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлаётгани, субсидия асосида уй олиш мақсадида бўлган ёшлар қоғозбозликдан чарчаётганини маълум қилди.

«Биз Самарқанд шаҳрини «миллионлик шаҳар»га айлантирмоқчимиз. Шунинг ҳаракатини қиляпмиз. Кечи билан йил якунигача бу режамиз амалга ошади. Самарқанд шаҳри [ва унга ёндош ҳудудлар]да бугун бир миллиондан ошиқ аҳоли яшайди. Паст Дарғом туманининг бир қисми қўшилиб кетган, Самарқанд туманининг қарийб 90 фоиз қисми шаҳар таркибида турибди. Биз Самарқандни «миллионлик шаҳар» қилиб, унинг таркибида бешта туман тузмоқчимиз.

Дунёда «миллионер шаҳар»ларнинг ўз статуси бор. Ҳар қандай бизнесмен бирор туманга пул қўйишдан олдин аҳолиси қанчалигига қизиқади. Меҳнат ресурси бойми-йўқми, деб сўрайди. Одам кўп бўлса, бу ерга пул тикади. Нега тикади, чунки шаҳарда кўп одам бўлса, кўп ейди, кўп одам кириб-чиқади. Шунинг учун ҳам миллионли шаҳарнинг статуси ўзгача.

Масалан, Қозоғистон. Биздан икки баробар аҳолиси кам. Лекин учта миллионлик шаҳарлари бор. Алмати, Нурсултон ва Чимкент. Бизда эса битта Тошкент шаҳри.

Самарқанд бемалол «миллионлик шаҳар» бўлади. Қозоғистонда Чимкентни у ёғидан, бу ёғидан чўзиб, жуда катта ҳудудни бирлаштириб миллионер шаҳар қилишди. Биз эса кичкинагина жойдан бир миллион қиламиз. Шаҳримизда аҳоли зичлиги Одесса билан баб-баробар. Самарқанднинг аҳамияти шунақа. Биз шунга тайёргарлик кўряпмиз», – деди Турдимов.

Вилоят ҳокими Самарқанд шаҳрида 5 та шаҳар тумани ташкил этилишини таъкидлаб ўтди.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, шаҳарнинг азалий Боғишамол, Сиёб ва Темирйўл туманлари тикланиши, шунингдек, янгидан Гулобод ва Қорасув туманлари барпо этилиши мумкин.

Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2020 йил 1 январь ҳолатига, Тошкент шаҳри аҳолиси 2,6 миллионни ташкил этган. Аҳоли сони бўйича Ўзбекистоннинг иккинчи энг йирик шаҳри – Наманган (626 минг доимий аҳоли). Бу борада Самарқанд шаҳри 546 минг доимий аҳоли билан учинчи ўринни эгаллайди.

Шунингдек, Андижон шаҳрида 441 минг киши яшайди. Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида аҳоли сони 300 мингга етмайди.

Тайёрлаган:  Шуҳрат Шокиржонов

Мавзуга оид