Ўзбекистон | 17:08 / 04.12.2025
6659
2 дақиқада ўқилади

Эркинжон Турдимов Сирдарё вилояти ҳокими этиб тасдиқланди

Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, Турдимов келаси йил вилоятга 3 млрд доллар инвестиция жалб қилиши, экспортни 500 млн долларга етказиши, 185 минг кишини банд қилиши керак.

Фото: Президент матбуот хизмати

Халқ депутатлари Сирдарё вилояти кенгаши 4 декабр кунги сессиясида овоз бериш йўли билан Эркинжон Оқбўтаевич Турдимовни вилоят ҳокими лавозимига тасдиқлади.

У жорий йил январидан буён ҳоким вазифасини бажарувчи сифатида ишлаб келаётганди.

Сессияда иштирок этган президент Шавкат Мирзиёев Турдимов номзодини аҳоли ва тадбиркорларнинг фикрини ўрганган ҳолда тавсия этаётганини айтди.

Вилоят фаолларининг фикрлари тингланиб, ҳокимни тайинлаш масаласи овозга қўйилди. Овоз бериш натижаларига кўра, Эркин Турдимов Сирдарё вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди.

Давлат раҳбарига кўра, ҳоким Сирдарё вилоятини энг илғор ҳудудлардан бирига айлантириш учун келаси йил вилоятга жами 3 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш, экспортни 500 миллион долларга етказиш, 185 минг одамни банд қилиш бўйича қаттиқ ишлаши лозим.

  • Эслатиб ўтамиз, куни кеча Улуғбек Мустафоев Жиззах вилояти ҳокими лавозимига, ўтган ҳафта эса Адиз Бобоев Самарқанд вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланган эди.

Эркинжон Турдимов ҳақида

Эркинжон Турдимов 1969 йил Самарқанд вилояти Қўшработ туманида туғилган. 1991 йилда Тошкент xалқ xўжалиги институтини тамомлаган. Мутаxассислиги бўйича иқтисодчи.

1991 йилдан банк тизимида фаолият бошлаган, 1995–1996 йилларда Зарафшон шаҳар ҳокимининг иқтисодиёт масалалар бўйича ўринбосари бўлган, 1996–2000 йилларда Миллий банкнинг Навоий вилоят бўлими бошқарувчиси сифатида ишлаган.

2000–2008 йилларда Xатирчи туманига ҳокимлик қилган. 2008 йилда бир муддат қишлоқ ва сув xўжалиги вазирининг қишлоқда иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича биринчи ўринбосари бўлган.

2008–2016 йилларда Навоий вилояти ҳокими, 2016–2018 йилларда Сурxондарё вилояти ҳокими сифатида фаолият кўрсатган.

2018 йил 13 июлдан Самарқанд вилояти ҳокими лавозимида ишлай бошлаган, 2024 йил ноябрида саломатлиги туфайли лавозимини тарк этган, 2025 йил январида Сирдарё вилояти ҳокими в.б. этиб тайинланган эди.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид