Ўзбекистон | 13:53 / 27.09.2021
3305
2 дақиқада ўқилади

Наманганда 10 минг ишсиз аҳоли учун ихчам иссиқхоналар қуриб берилади - Шавкат Мирзиёев

Наманган вилоятида томорқалар сув таъминотини яхшилаш орқали 16 минг аҳоли бандлиги таъминланади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев сайловчилар билан учрашувда маълум қилди.

Фото: KUN.UZ

“Чортоқда 130 та кичик қудуқлар қазилади ва 4 минг хонадон томорқасининг сув таъминоти яхшиланади. 

Шунингдек, 24,5 минг хонадонда 1 минг гектар узумзор барпо этилади ва 10 минг нафар ишсиз аҳоли учун ихчам иссиқхоналар қуриб берилади. 

Аҳоли хонадонларида маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида, “Томорқа хизмати” корхоналари сони 57 тадан 80 тага етказилади. Ушбу корхоналар қошида “Ўқув-маслаҳат марказ”лари ташкил этилиб, аҳолига бир йилда 2-3 марта ҳосил олиш бўйича маслаҳат бериб бориш тизими йўлга қўйилади.

Чортоқ, Янгиқўрғон ва Косонсойда 1 минг 400 гектар майдонда аҳоли хонадонларига уруғ етказиб бериш тизими йўлга қўйилади.

Янгиқўрғон, Поп, Чортоқ, Косонсой, Чуст туманларида 10 та узумчилик кластери ташкил этилиб, 15 минг гектарда янги узумзорлар барпо этилади ва ҳар бир туманда 1 тадан қайта ишлаш корхонаси ишга туширилади. Вилоятда қўшимча ташкил қилинадиган 10 та кластер томонидан 6 минг гектарда интенсив боғ барпо этиш орқали мева етиштириш 3-4 баробарга кўпайтирилади.

Шунингдек, 1 минг гектарда лимончилик иссиқхоналари ташкил этилади. Бунинг учун, 3 йиллик имтиёзли давр билан 7 йил муддатга кредитлар ажратилади. Вилоятда қуввати 27 минг тонна бўлган 3 та йирик агрологистика маркази ва 50 минг тонна мева-сабзавотни қайта ишлайдиган 40 та кичик корхона ишга туширилади”, деди Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид