“Дунё” мухбири хабар беришича, Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов раҳбарлигидаги делегация Японияга ташрифи доирасида бир қатор йирик компания ва тиббиёт муассасалари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди.

Ташриф доирасида делегация Riverfield Inc. компанияси президенти Котаро Тадано билан музокаралар ўтказиб, Наманган вилоятида робот-ассистент хирургияси ва инновацион тиббий ускуналарни жорий этиш бўйича келишувга эришди. Лойиҳа доирасида юқори аниқликда операциялар ўтказиш, замонавий роботлаштирилган хирургик технологияларни жорий этиш ҳамда тиббиёт ходимларини ўқитиш режалаштирилган.

Шунингдек, делегация Tokushukai Medical Group президенти Хигаши Чиничи билан учрашув ўтказиб, онкология, кардиохирургия ва юқори технологияли тиббий хизматларни Наманганда ривожлантириш бўйича ҳамкорлик битимини имзолади.

Япония билан ҳамкорлик натижасида Наманган вилоятида тиббий хизматлар сифати ва технологиялар даражасини янги босқичга олиб чиқиш кўзда тутилмоқда.