Иқтисодиёт | 20:22 / 30.11.2025
3357
1 дақиқада ўқилади

Наманганда чиқиндидан электр энергияси ишлаб чиқарадиган  завод қурилиши бошланди

Завод 2027 йилда ишга туширилади. Бу ерда кунига йилига 547 минг тоннагача чиқинди қайта ишланиб, 227,5 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.

Фото: Чиқиндиларни бошқариш агентлиги

Наманган вилояти Чуст туманида чиқинди ёқиш заводига тамал тоши қўйилиб, қурилиш жараёнлари бошланди. Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги хабар берди.

Хабарга кўра, мазкур лойиҳа “China Everbright International” компанияси томонидан амалга оширилади.

“Кунига 1,5 минг тонна ёки йилига 547 минг тоннагача чиқинди қайта ишланиб, йилига жами 227,5 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Лойиҳа 150–200 та янги иш ўрни яратилиши билан ҳам аҳамиятлидир. Инвестор томонидан 2027 йилда лойиҳанинг ишга туширилиши таъминланади”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, компания ишлаб чиқарган электр энергиясини 30 йил давомида «Ўзенергосотиш» АЖга кафолатланган тарзда сотади.

Ҳозирда Андижон, Самарқанд ва Фарғонада ана шундай заводлар қурилмоқда.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид