Жамият | 21:31 / 06.04.2021
3404
3 дақиқада ўқилади

Иккита институтда маданий мерос объектларини асраш факультетлари ташкил қилинади

Президентнинг «Туризм ва спорт вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорга асосан, Маданият вазирлигининг моддий маданий мерос соҳасидаги ЮНЕСКО билан ишлаш ҳамда музейлар ва кутубхоналарни ривожлантириш билан боғлиқ вазифа ва функциялари тегишлилигича Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Маданий мерос агентлигига ўтказилди.

Қарорда белгиланишича:

  • Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг туризм ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарлари ҳамда маслаҳатчилари лавозимлари тегишлилигича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосарлари этиб қайта номланади;
  • Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимларининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосарлари бир вақтнинг ўзида тегишлилигича туризм ва спорт бош бошқармаларининг раҳбарлари ҳисобланади;
  • Маданий мерос агентлиги директори, туризм ва спорт вазирининг маслаҳатчилари (хорижий маслаҳатчилардан ташқари) ҳамда аппарат бошқарувчиси мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шарт-шароитларига кўра туризм ва спорт вазирининг ўринбосарларига тенглаштирилади;
  • Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм ва спортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси этиб қайта номланади. Бунда, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг бюджетдан ташқари “Спорт” махсус ҳисобрақами маблағлари Жамғармага тўлиқ ўтказилади.

Туризм ва спорт, Қурилиш, Олий ва ўрта махсус таълим, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирликларининг 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб моддий маданий мерос объектларини консервациялаш, реставрация қилиш, тузатиш, таъмирлаш, илмий ва илмий-техник тадқиқ этиш, лойиҳалаш бўйича юқори малакали кадрларни тайёрлаш ва ушбу соҳага етакчи мутахассисларни жалб қилиш мақсадида:

Тошкент архитектура-қурилиш институти ва Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида маданий мерос объектларини асраш факультетларини ташкил қилиш;

Бухоро архитектура ва қурилиш коллежида Маданий мерос объектларини асраш йўналишини ташкил қилиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти этиб қайта номланди.

Тайёрлаган:  Дилшод Аскаров

Мавзуга оид