Жамият | 20:24 / 24.09.2022
24654
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон заъфарон етиштиришда дунё етакчисига айланмоқчи 

Жиззах вилояти Бахмал тумани. Минглаб ишчилар ерга заъфарон пиёзбошларини қадамоқда.

Таркибидаги эфир мойлари ва фойдали минераллар сабаб дунё бозорида юқори нархланадиган бу ўсимликка талаб йилдан йилга ортиб бормоқда.

Заъфарон гули устунчаларидан олинган маҳсулот пазандалик ва фармацевтикада ишлатилади. Гул баргларидан эса чой тайёрлашда фойдаланиш мумкин.

Дунёда заъфароннинг деярли 90 фоизи Эронда, 10 фоизи эса Италия, Франция, Испания, Ҳиндистон, Озарбойжон ва Афғонистонда етиштирилади.

Аммо сўнгги йилларда Эронга нисбатан қўлланилаётган санкциялар сабаб бу давлатда етиштирилаётган маҳсулот Ғарб бозорига чиқиш имкониятини йўқотган.

Эрон заъфарони Европа бозорларига ҳозир фақат воситачилар бренди орқали етиб бормоқда.

Ўзбекистон учун заъфарон етиштиришда дунё етакчисига айланиш имконияти борми?

3 йилдан буён заъфарон етиштираётган ва бу борада кўрсаткичларини ошира бораётган “BMB TRADE GROUP” компанияси кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқуловга кўра, бу Ўзбекистоннинг 2025 йилгача белгилаб олган режаси ҳисобланади.

“Яқин беш йилликда (2020 йилдан 2025 йилгача) компаниямиз заъфарон экиш режасини 2 минг гектарга етказиш топшириғини олган. Агар шу режага етолсак, натижада дунё бозори учун 20 тоннадан ортиқроқ заъфарон етиштирамиз ва ўз-ўзидан етакчига айланамиз. Ўз ўрнида бу маҳсулотнинг қиймати 175-180 миллион еврога етади”, – дейди Маматқулов.

2021 йил таҳлилига кўра, дунёда жами 175 тонна заъфарон ҳосили олинган. Унинг савдо айланмаси 1,5 млрд долларни ташкил этган.

Заъфаронга бўлган дунё аҳолиси талаби эса бундан анча баланд – эҳтиёж 350 тоннани ташкил қилади. Бу заъфарон етакчилигига интилаётган Ўзбекистон учун катта бозор дегани.

Мавзуга оид