Ўзбекистон | 16:35 / 26.02.2025
13432
2 дақиқада ўқилади

Бахмалда “Open budget” пулига қурилган янги стадион 15 кунда қулаб тушди

Туманнинг Мустақиллик маҳалласидаги мактаб ҳудудида қурилган сунъий қопламали стадион “Ташаббусли бюджет”нинг 2024 йил 1-мавсумида ғолиб деб топилган. “Suvinshootqurilishloyiha” МЧЖ томонидан қуриб битказилган стадионнинг фойдаланишга топширилганига ҳали бир ой ҳам бўлмаганди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Жиззах вилоятининг Бахмал туманида яқиндагина қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилган сунъий қопламали стадионнинг том қисми қулаб тушди. Бу ҳақда Kun.uz’нинг бахмаллик кузатувчиси хабар берди.

Таҳририятга жўнатилган фото ва видеолавҳаларда кўринишича, стадионнинг том қисми қорни кўтара олмай қулаган бўлиши мумкин. Бу пайтда стадионда ҳеч ким бўлмаган.

“Яхшиям қулаганда тагида болалар бўлмаган. Миллиард сўмдан ортиқ пул сарфланди бу стадионга. Шунча пул қаерга кетди, ҳайронмиз. “Ташаббусли бюджет”да ютиш учун ёнимиздан 160 млн сўм сарфлагандик”, дейди Kun.uz кузатувчиси.

Очиқ маълумотларга кўра, стадион туманнинг Мустақиллик маҳалласидаги 48-мактаб ҳудудида қурилган. Лойиҳа “Ташаббусли бюджет”нинг 2024 йил 1-мавсумида 4 мингдан ортиқ овоз тўплаб, ғолиб деб топилган. Лойиҳада стадион билан бирга мактабнинг иссиқлик тизимини яхшилаш, иккита филиали атрофини темир панжаралар билан ўраш ҳам бўлган. Лойиҳа учун 1 млрд 360 млн сўм маблағ ажратилган.

Лойиҳа ғолиб деб топилгач, тендер орқали пудратчи ташкилот аниқланган. Ўтказилган тендерда 6 та талабгор фирма қатнашган. Шундан “Suvinshootqurilishloyiha” МЧЖ энг кўп балл тўплаб, 1 млрд 190 млн сўм таклифи билан ғолиб бўлган.

“Suvinshootqurilishloyiha” МЧЖ 2008 йилда давлат рўйхатидан ўтказилган. Унинг ягона таъсисчиси Ихтиёр Мухаммадиев ҳисобланади. МЧЖ ўтган йиллар давлат буюртмалари бўйича ўтказилган ўнлаб тендерларда ғолиб бўлган.

Мавзуга оид