Имтиёз ва преференциялар – тадбиркорликни ривожлантиришми ё солиқдан қочиш воситаси?
Имтиёз ва преференциялар бозор монополлашувини рағбатлантириши мумкин. Имтиёзлар кимларга берилгани бўйича маълумотлар очиқ эмаслиги лоббизмнинг кучайишига олиб келмоқда. Тадқиқотчи Дилдора Анварова Kun.uz'га тақдим этган мақоласида шу ҳақда сўз юритади.
Мамлакат иқтисодиёти ва инвестиция жозибадорлигини ривожлантириш мақсадида қилинаётган ислоҳотлар жараёнида тадбиркорлик субъектларига қонунчиликда белгиланган тартибда солиқ ва божхона имтиёзлари ва преференцияларини тақдим этиш орқали бизнесни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масаласи долзарб бўлиб қолмоқда.
Иқтисодиётнинг миллий тармоқларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, шу жумладан имтиёз ва преференциялар беришдан кўзланган мақсад – соҳани ривожлантириш, рақобатбардошликни ошириш ҳамда тўлақонли соғлом рақобат муҳитида ишлашга тайёрлашдир.
Бироқ, амалиёт шуни кўрсатадики, тақдим этилган имтиёзлар ва преференциялардан самарасиз фойдаланиш тармоқларнинг ривожланишига салбий таъсир қилиб, бозор монополлашувини рағбатлантириши мумкин.
Шунингдек, ўрганиш натижаларига кўра:
- имтиёзлар ва преференциялардан солиқдан қочиш воситаси сифатида фойдаланиш оқибатида суиистеъмолликларга йўл қўйилаётгани;
- хўжалик юритувчи субъектларга имтиёзлар тақдим этилишининг шаффоф механизмлари жорий этилмагани;
- уларни тақдим этишдан кўзланган мақсадларга эришилганини баҳолаш ва фойдаланиш устидан тизимли мониторинг ўрнатилмагани;
- муддатсиз имтиёзларни бериш ҳолатлари ортиб бораётгани;
- имтиёз бериш шартлари ҳамда уни тугатиш ва бекор қилишнинг ҳуқуқий асослари мавжуд эмаслиги каби омиллар аниқланди.
1. Имтиёз ва преференциялар институти ҳуқуқий жиҳатдан етарли даражада қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаган.
Бугунги кунда хўжалик юритувчи субъектларга солиқ ва божхона тўловларини тўламаслик ёки уларни камроқ миқдорда тўлаш, тендер савдоларсиз харид қилиш, имтиёзли кредитлаш, айрим турдаги фаолият турларини имтиёзли равишда амалга ошириш ва бошқа турли эксклюзив ҳуқуқлар тақдим этилган. Шу билан бирга, хўжалик юритувчи субъектларга тақдим этилаётган афзалликларнинг қайси тури имтиёз ҳисобланиши, имтиёзлар қанақа кўринишда бўлиши амалдаги қонун ҳужжатларида аниқ белгилаб берилмаган.
Маълумот учун: Солиқ кодексининг 75-моддасига кўра, солиқ тўловчиларнинг айрим тоифаларига бошқа солиқ тўловчиларга нисбатан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган афзалликлар, шу жумладан солиқни тўламаслик ёки уларни камроқ миқдорда тўлаш имконияти солиқ имтиёзлари деб эътироф этилади.
Преференция (лот. praeferentia – афзал кўраман) – бирор-бир фаолият турини қўллаб-қувватлаш учун айрим давлатлар, корхоналар, ташкилотларга бериладиган афзалликлар, имтиёзлар. Преференциялар солиқларни камайтириш, божхона божларидан тўловлардан озод қилиш, имтиёзли кредитлар тақдим этиш шаклларида амалга оширилади.
Солиқ кодексининг 75-моддасида келтирилган таърифда “солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган афзалликлар” ибораси келтирилган, лекин бу афзалликлар имтиёзлар ва преференцияларнинг тўлиқ мазмунини қамраб олмайди ҳамда қонун ҳужжатларида имтиёзлар асосан қандай кўринишларда тақдим этилиши белгиланмаган.
Натижада, ушбу ҳолат носоғлом рақобат муҳити шаклланиши билан биргаликда имтиёзларни суиистеъмол қилиш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан юридик шахсларнинг жавобгарлигини белгилаш имконини бермасдан қолмоқда.
Қонунчилик ҳужжатлари таҳлили шуни кўрсатдики, 2016 йилнинг 1 январидан 2021 йилнинг сентябргача бўлган даврда жами 300 дан ортиқ, шу жумладан, 55 та давлат корхонаси ва уюшмаларига якка тартибдаги индивидуал характердаги солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар берилган.
2. Имтиёз ҳамда преференциялар муддатсиз ёки 3 йилдан ортиқ муддатга берилган.
Тақдим этилган 300 та имтиёздан 120 таси амал қилиш муддати кўрсатилмаган ҳолда (муддатсиз), 54 та имтиёз 3 йилдан ортиқ муддатга берилган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 31 майдаги ПҚ-3756-сон қарорига асосан имтиёз ҳамда преференциялар 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга берилади.
Маълумот учун: 1991 йилдан 2016 йилгача бўлган давр учун бундай имтиёзларнинг умумий сони 40 га яқинни ташкил этган, ўрганилган даврда бу даврга нисбатан 9,5 баробар ўсиш қайд этилган.
3. Имтиёз ва преференциялар тақдим этишнинг аниқ талаблари
ва шартлари белгиланмаган.
Имтиёз ва преференцияларни тақдим этишда давлатнинг талаблари ва шартлари, улардан фойдаланувчилар томонидан эришилиши лозим бўлган мақсадли кўрсаткичлар аниқ белгилаб берилмасдан қолмоқда.
Натижада хўжалик юритувчи субъектларда имтиёзлардан унумли ва самарали фойдаланиш масъулиятсизлигини келтириб чиқариб, фақатгина солиқдан қочиш манфаати кучайишига олиб келмоқда.
4. Имтиёзлар ва преференцияларни қўллаш самарадорлигини мониторинг қилиш ва баҳолаш тизими мавжуд эмас.
Амалдаги қонунчиликда, шу жумладан бевосита солиқ масалаларини тартибга солувчи Солиқ кодекси ҳамда бошқа қонун ҳужжатларида тақдим этилган имтиёзлар ва преференцияларни қўллаш самарадорлигини баҳолаш ва мониторинг қилиш масалалари деярли тартибга солинмаган. Шунингдек, мазкур вазифа бирон-бир ваколатли органга юклатилмаган.
Оқибатда, имтиёзни қўллаш муддатини олдиндан бекор қилиш масаласини ўз вақтида кўриб чиқилиши ҳамда самарасиз фойдаланилган имтиёз суммаларини бюджетга мажбурий қайтаришга имкон бермасдан қолмоқда.
Маълумот учун: Молия вазирлиги ва Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига солиқ имтиёзларини қўллаш самарадорлигини мониторинг қилиш ва баҳолаш тизимини жорий этиш (26.06.2018 й. ПҚ-3802-сон қарори) топшириғи юкланган. Бироқ ушбу тартиб бугунги кунга қадар тасдиқланмаган.
5. Имтиёз ва преференциялардан фойдаланиш натижадорлиги бўйича маълумотлар очиқ эълон қилинмайди ҳамда улардан фойдаланган ташкилотлар рўйхати очиқланмаган.
Хўжалик бошқаруви органларига берилган имтиёзларнинг самарадорлигини очиқ эълон қилиш тизимининг жорий этилмаганлиги бозордаги носоғлом рақобат муҳитида фаолият юритишига олиб келмоқда.
Квази-давлат сектори учун имтиёзлар бериш тизимини ўрганиш шуни кўрсатдики, уларга, шунингдек, уларнинг таркибига кирувчи ташкилотларга, жами 250 дан ортиқ индивидуал имтиёз ва преференциялар берилган, бу ўз навбатида, ички бозор рақобатбардошлигига салбий таъсир кўрсатиб, алоҳида имтиёз ва преференцияларга эга хўжалик юритувчи субъектларнинг тадбиркорлик фаолияти фаоллигини пасайтиради ва хусусий секторнинг ривожланишига тўсқинлик қилади.
Шу билан бирга, имтиёз ва преференциялардан фойдаланиш натижадорлиги бўйича маълумотлар ва улардан фойдаланган ташкилотлар очиқ эълон қилинмаслиги соҳадаги лоббизмнинг кучайиши ҳамда индивидуал имтиёзлар бериш тенденциясининг ўсишига олиб келмоқда.
6. Давлат томонидан берилаётган имтиёз ва преференциялардан самарасиз фойдаланиш тармоқларнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши, унинг иқтисодий салоҳиятини пасайтириши ва бозор монополлашувини рағбатлантириши мумкин.
Сўнгги пайтларда автомобиль саноатига берилган имтиёзлар жамоатчилик томонидан танқид остига олинаётгани кузатилмоқда. Республикага чет эл автомашиналарини олиб кирганлик учун юқори божлар ва акциз солиқларининг ўрнатилиши – UzAuto Motors АЖ учун энг асосий имтиёз ҳисобланади. Бундан ташқари, автотранспорт ишлаб чиқарувчилар бутловчи қисмларни импорт қилишда ҚҚС (қўшимча қиймат солиғи) бўйича ҳам имтиёзларга эга эдилар. Бироқ бу уларнинг самарадорликни ошириш ва рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришларига ёрдам бера олмади.
Маълумот учун: UzAutoMotors'га 2021 йилнинг олти ойида 1,9 триллион сўмлик (177,6 млн доллар) божхона имтиёзлари ва преференциялар берилган. Мазкур 1,9 трлн сўмлик имтиёзларнинг асосий қисми божхона божига тўғри келади – 1,64 трлн сўм, шунингдек ҚҚС – 255,6 млрд сўм, акциз солиғидан – 356,7 млн сўмлик имтиёз берилган. Айни шу даврда эса UzAuto Motors 902 млрд сўм соф фойда олган. Берилган имтиёз ва преференциялар ва компания олган фойда нисбати таққосланганда 1 трлн сўм зарар келиб чиқади.
Хорижий мамлакатлар тажрибаси
Буюк Британияда имтиёзлар самарадорлигини баҳолашни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (HM Treasury), Фойда ва божхона хизмати (Her Majesty's Revenue and Customs, HMRC) ва Солиқ тизимини соддалаштириш бошқармаси (Office of Tax Simplification, OTS) томонидан амалга оширилади.
Мазкур имтиёзлар самарадорлигини баҳолаш методология асосида амалга оширилиб, натижалар асосида ҳисобот тузилади. Хисобот Ғазнага юборилади ҳамда келгуси йил учун бюджетни режалаштиришда ҳисобга олинади.
Имтиёзлар самарадорлигини баҳолашда қуйидаги мезонлардан фойдаланилади:
- имтиёз заруратининг сиёсий асоси ва оқибатлари;
- амалдаги имтиёзни ўзгартириш ёки бекор қилишнинг эҳтимолий оқибатлари;
- солиқ тўловчиларнинг хабардорлик даражаси ва иштироки;
- имтиёз олиш билан боғлиқ чиқимлар ва маъмурий харажатлар;
- мавжуд имтиёзларнинг солиқ тўловчининг хатти-ҳаракатига таъсири.
Буюк Британияда расмий манбаларда чоп этиладиган солиқ имтиёзларини баҳолаш ҳисоботларини юритиш амалиёти муваффақиятли қўлланилмоқда. Хусусан 108 та солиқ имтиёзлари, уларнинг қўллаш самарадорлиги баҳолаш натижалари билан солиқ имтиёзлари реестрида эълон қилиб борилади.
Германияда 20 та энг муҳим солиқ имтиёзларини баҳолаш Федерал молия вазирлигининг буйруғи билан учта тадқиқот гуруҳи томонидан танлов асосида амалга оширилди. Ижрочилар орасида Кёлн шаҳри университети, “Copenhagen Economics ApS” Дания консалтинг компанияси ва Мангеймдаги Европа илмий тадқиқотлар маркази бор. Ҳар бир марказ муайян солиқ имтиёзларини экспертиза қилиш ва баҳолашни амалга оширади.
Имтиёзлар самарадорлигини баҳолаш механизми Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган. Баҳолаш хисоботи уч қисмдан иборат:
- имтиёзни сақлаб қолиш, ўзгартириш ёки бекор қилиш бўйича мутахассислар тавсияси ҳамда бажарилган баҳолаш натижаларининг хулосаси;
- ҳар бир имтиёзни баҳолаш натижалари тақдимотини ўз ичига олган доклад;
- имтиёз натижадорлигининг бюджетга таъсири тўғрисидаги ҳисобот.
Юқоридаги таҳлиллардан келиб чиқиб, хорижий давлатлар тажрибасига асосланиб қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш таклиф этилади:
1) имтиёз ва преференцияларни инвентаризациядан ўтказган ҳолда, уларнинг иқтисодиётга ва соғлом рақобат муҳитига салбий таъсирини чуқур таҳлил қилиш ва қонун ҳужжатларига мувофиқ тубдан қайта кўриб чиқиш;
2) имтиёз ва преференцияларни тақдим этишда давлатнинг талаблари ва шартлари, улардан фойдаланувчилар томонидан эришилиши лозим бўлган мақсадли кўрсаткичларни аниқ белгилаш механизмини жорий этиш;
3) имтиёз ва преференцияларнинг тушунчасини, турлари ва шаклларини тўлиқ ифодалайдиган таърифини қонун ҳужжатларида назарда тутиш;
4) давлат томонидан имтиёз ва преференциялар тақдим этиладиган соҳалар ва тармоқлар доирасини аниқ белгилаш;
5) имтиёзлар ва преференцияларни қўллаш самарадорлигини мониторинг қилиш ва баҳолаш, самарасиз фойдаланилган имтиёз суммаларини бюджетга мажбурий қайтариш тизимини жорий этиш ҳамда мазкур вазифани амалга оширувчи ваколатли органни белгилаш;
6) имтиёз ва преференциялардан фойдаланиш натижадорлиги бўйича маълумотлар ҳамда улардан фойдаланган ташкилотлар руйхатини очиқлаб бориш.
Дилдора Анварова,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти бош маслаҳатчиси
Мавзуга оид
17:18 / 14.11.2024
Электромобил бозорини қисиш учун охирги бир йилда нималар қилинди?
20:33 / 13.11.2024
«Ўзбекистон темирйўллари» 1 декабрдан юк ташиш тарифларининг вагон қисмини 30 фоизга оширади
08:08 / 07.11.2024
Монополияга қарши орган розилигисиз давлат иштирокидаги корхона ташкил этилган 4 та ҳолат аниқланди
14:06 / 26.10.2024