Жаҳон | 21:13 / 04.11.2024
7874
6 дақиқада ўқилади

Жанубий Кореяда «ёлғизлик эпидемияси»: одамлар ташқи дунёдан узилиб, яқинларидан узоқда вафот этмоқда

Кореяда ўз уйида ёлғизликда вафот этиш ҳолатлари ортиб кетди. Сеул ҳукумати «ёлғизлик эпидемияси»ни жиддий муаммо дея эълон қилиб, яқин беш йилда уни ҳал этишга 327 миллион доллар ажратилишини билдирди.

Фото: Pexels

2024 йил октябр ойида Жанубий Корея Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳоли орасида «ёлғиз ўлим» — ташқи дунёдан узилиб, ўз уйида ёлғизликда вафот этиш ҳолатлари ортиб кетгани тўғрисида хабар берди. 2021 йилда мамлакатда 3378 та шу каби ўлим ҳолати қайд этилган бўлса, 2022 йилда — бу 3559 тани, 2024 йилда эса 3661 тани ташкил этган. Сеул ҳукумати «ёлғизлик эпидемияси»ни жиддий муаммо дея эълон қилиб, яқин беш йилда уни ҳал этишга 451,3 миллиард вон (327 миллион доллар) ажратилишини маълум қилди. CNN «ёлғизлик эпидемияси» сабаблари, кореялик амалдорларнинг бунга қарши режалари, шунингдек, ушбу муаммо нафақат Осиё давлатига, балки бутун дунёга тааллуқли экани бўйича материал тайёрлади.

«Ёлғизлик эпидемияси» қурбонларининг аксарияти эркаклар — охирги бир йил ичидаги «ёлғиз ўлим» ҳолатларининг 84 фоизи улар ҳисобига тўғри келади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, эркаклар орасида бундай ҳолатдаги ўлимларнинг умумий сони аёлларникидан беш баробарга ошиб кетган. Расмийлар 50-60 ёш оралиғидаги эркакларни алоҳида хавф зонасига киритмоқда: 2023 йилда улар жами «ёлғиз ўлим» ҳолатларининг ярмидан ортиғини ташкил этди.

Мёнджи университетининг психология бўйича профессори Ан Суджоннинг ҳисоблашича, корейсларни бошқа миллат вакилларидан кўра кўпроқ ёлғизликка мойил деб аташ қийин. Аммо айрим маданий жиҳатлар Жанубий Корея аҳолисини анча заифлаштиради ва уларга ижтимоий фаолликни қўллаб-қувватлашга халақит беради.

Ан Суджоннинг сўзларига кўра, ёлғизлик деганда одатда муносабатлардан қониқмаслик тушуниладиган бошқа давлатлардан фарқли ўлароқ, корейслар ўзларини «нимагадир нолойиқ деб ҳисоблаганда ёки ҳаётдаги мақсадлари етишмаганда» ёлғиз ҳисоблайди.

Бошқа экспертларнинг айтишича, миллениаллар ва Жанубий Кореядаги «Z-авлод» вакиллари танқидларга жуда чидамсиз. Шу билан бирга, улар ўзларини қаттиқ танқид қилади ва омадсизликка учраса, ўта тушкунликка тушади.

Ушбу омилларнинг барчаси кўпинча одамларнинг яккаланиб қолишларига ва керакли ёрдамни олмасликларига олиб келади.

Ан Суджоннинг тушунтиришича, корейслар фаол ҳаёт тарзини кечираётган бўлса ҳам ёлғизликни ҳис қилишлари мумкин. Ёлғизлик ҳисси атрофдаги одамларга боғлиқ — Жанубий Корея аҳолиси яқинлари ёки жамият учун етарлича иш қилмаётгандек ҳис қилса, ўзини ёлғиз ҳисоблайди. Яккаланишнинг сабаби кўпинча ўзини бошқалар билан таққослаш ва ўзининг «фойдалилиги» ҳақида шубҳа қилишдир. Ан Суджоннинг Ёнсе университети таълим факультети ходими Со Ён Сок билан ҳамкорликдаги тадқиқотида «ёлғизлик эпидемияси» сабаблари қаторида иш ва оилада ижтимоий муносабатларнинг қисқариши, ижтимоий тармоқлар таъсирининг кучайиб бораётгани, шунингдек, корейс маданиятининг шахсий ютуқларга қаратилгани келтирилган.

«Қачонки, барчамиз бир хил мақсад ортидан қувар эканмиз, биз ўзимизни йўқотамиз. Жамиятимиз коллективликни талаб қилади, аммо кўпинча алоҳида шахсларни эътиборсиз қолдиради», — дейди Суджон.

Шунга қарамай, сўнгги йилларда ёлғизлик билан боғлиқ муаммолар Жанубий Корея учун ўзига хос ҳодиса. Японияда хикикомори феномени ривожланган — ушбу термин ижтимоий ҳаётдан воз кечган, деярли бутун вақтини уйда ва изоляцияда ўтказадиган одамларни таърифлашда ишлатилади. Бундай ҳолатлар дунёнинг бошқа давлатларида, жумладан, АҚШ, Германия, Франция ва Россияда ҳам кузатилади. 2021 йил маълумотларига кўра, Жанубий Кореяда 19-31 ёш оралиғидаги аҳолининг 540 минг нафарини хикикоморилар ташкил этган.

Кўплаб давлатлар фуқаролар ўзини изоляциялашига қарши чоралар кўришга уринмоқда. Масалан, Буюк Британияда 2018 йилда ёлғизлик масалалари бўйича вазир лавозими жорий этилган. 2023 йили АҚШда жарроҳ Вивек Мёрти «ёлғизлик ва изоляция эпидемияси» бошланишидан огоҳлантирган эди. Ўша йилнинг ўзида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Ёлғизлик муаммоларига қарши кураш учун ижтимоий алоқалар бўйича комиссияни ишга туширган. ЖССТ экспертлари ёлғизликни «саломатлик учун жиддий хавф» деб атаган.

«Ёлғизлик ва изоляция — бу алоҳида инсонларнинг муаммолари эмас, балки жамият биргаликда жавоб қайтариши керак бўлган чақириқлардир», — деган эди Сеул мэри О Се Хун 2024 йил октябр ойида. Сиёсатчининг айтишича, ҳукумат ёлғиз инсонлар «жамиятга қайтиши» учун «шаҳарнинг барча имкониятларини» ишга солади.

Сеул администрацияси янги яшил ҳудудлар очиш, психологик қўллаб-қувватлашни кенгайтириш ва «қидирув тизими»ни жорий этишни режа қилган. Ҳукумат, шунингдек, фуқароларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифалари учун махсус овқатланиш тартибини ишлаб чиқиш ва одамларни фаол ҳаёт тарзини олиб боришга ундашни режалаштирмоқда: очиқ ҳавода вақт ўтказиш, боғдорчилик ва спорт билан шуғулланиш, китоб клубларига бориш.

Ўтган йили Жанубий Корея ҳукумати ёлғиз қолган ёшларга моддий ёрдам олиш ҳуқуқини берувчи қонунчиликка тузатиш киритганди. Унга мувофиқ, ижтимоий муносабатлар етишмаётганидан азият чекаётган корейслар ҳар ой 650 минг вонгача (475 доллар) пул олишлари мумкин. Ушбу чора-тадбирлар уларни «жамиятга қайтаришга» ёрдам бериши кутилмоқда.

Мавзуга оид