Жаҳон | 17:31 / 09.03.2026
10560
8 дақиқада ўқилади

Исроил Ливанда 40 йил олдин йўқолган учувчиси жасадини қидириб рейд ўтказди. Ўнлаб кишилар ҳалок бўлди

Фото: Reuters

Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи билан уруш фонида Исроил томонидан кенг кўламли ҳаво ҳужумлари ва қуруқлик рейди ўтказилиши оқибатида яна ўнлаб кишилар ҳалок бўлди. BBC журналисти Элис Кадди ҳодиса тафсилотларини баён қилди.

Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 8 мартга ўтар кечаси мамлакат шарқидаги Бекаа водийсида исроиллик ҳарбийлар томонидан ўтказилган амалиёт чоғида камида 41 киши ҳалок бўлиб, яна 40 киши жароҳат олган.

Қурбонлар орасида Ливан армиясининг уч нафар ҳарбий хизматчиси ҳам бор, маҳаллий аҳоли вакиллари эса тинч аҳоли вакиллари, жумладан, болалар ҳам ўлдирилганини айтмоқда.

Наби-Шит шаҳридаги амалиёт мақсади Ливанда 40 йил муқаддам бедарак йўқолган исроиллик ҳарбий учувчининг жасадини қидириш бўлган.

Шанба куни қишлоқ қабристони бурчагида чуқур пайдо бўлган – у ердаги қабр очилган.

«Улар у ўша ерда деб ўйлашган, аммо у ердан ҳеч нарса чиқмаган», – дейди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири бўш қабрни кўрсатиб.

Шаҳарнинг бошқа жойида автомобил ўқлар билан илма-тешик қилинган, унинг ўриндиқлари қонга беланган ҳолда эди.

Ракета зарбаси атрофдаги биноларни вайрона уюмига айлантирган, ерда улкан чуқур ҳосил бўлиб, қўшни уйларга зарар етган.

Харобалар орасида кундалик ҳаётда учрайдиган буюмлар – болалар бўёқлари, суратлар ва ошхона анжомлари ётганини кўриш мумкин.

Мазкур ҳудудни назорат қилувчи «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи вайронгарчилик кўламига ўз кўзлари билан гувоҳ бўлиши учун журналистларга қишлоққа киришга рухсат берган.

Ливанлик ҳарбийлар баёнотига кўра, жума куни кечқурун Сурия билан чегарадош ҳудудга Исроилнинг тўртта учиш аппарати кириб келган, шундан иккитаси ерга қўнган ва махсус топшириқли бўлинма жангчиларини туширган.

Шу билан бир вақтда, қишлоққа ҳаводан зарбалар йўлланган.

«Ҳизбуллоҳ» ва Исроил ўртасидаги урушга аралашмасликка ҳаракат қилаётган Ливан армияси ўз бўлинмалари қўниш жойини аниқлаш учун ёритиш ракеталарини қўллаган ҳолда «тезкор тайёргарлик ва мудофаа чораларини кўргани»ни маълум қилган.

Наби-Шит кўчаларида Исроил кучлари, «Ҳизбуллоҳ» жангчилари ҳамда ўз уйларини ҳимоя қилаётган тинч аҳоли вакиллари ўртасида тўқнашувлар келиб чиққан.

Кўчаларда кўплаб ўқ гилзалари қолган 

«Ярим тунда биз қишлоқ чеккасида ноодатий ҳаракатни пайқадик. Бу Исроилнинг қандайдир миссияни бажариш учун ташланган коммандос бўлинмаси бўлиб чиқди. Кейин уларни ўраб олишди, оғир жанг бошланди. Шундан кейин Исроил авиацияси ўз бўлинмасини эвакуация қилиш учун зарбаларни кучайтирди, бу эса улкан вайронгарчиликларга олиб келди», – дея интервю берган маҳаллий расмий портлаш рўй берган нуқталардан бирида.

«Ҳизбуллоҳ» вакиллари ва маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, Исроил ўз махсус бўлинмаси жангчиларини ҳимоялаш ва уларга чекиниш учун шароит яратиш мақсадида бу ҳудудга тахминан 40 бор авиазарба йўллаган.

Гувоҳлар BBC мухбирига айтиб беришича, исроиллик ҳарбийлар Ливан армияси формасини кийиб олган ва «Ҳизбуллоҳ»га алоқадор бўлган «Ислом соғлиқни сақлаш ташкилоти» рамзлари туширилган тез ёрдам машиналаридан фойдаланган.

Кейинроқ бу маълумотни Ливан армияси бош қўмондони ҳам тасдиқлади, аммо Исроил мудофаа армияси бу борадаги сўровни жавобсиз қолдирган.

Қишлоққа Исроил ҳукуматининг эвакуация тўғрисидаги буйруқлари тарқатилмоқда, маҳаллий аҳоли вакилларидан бирининг айтишича, амалиёт бошланишидан олдинроқ ҳам тинч аҳолига ўз уйларини тарк этиш ҳақидаги чақириқлар йўлланган.

Ушбу амалиёт чоғида қариндошлари ҳалок бўлган Муҳаммад Шукрнинг айтишича, у ва оила аъзолари ўзларини нисбатан хотиржам ҳис қилишган, чунки уйда «Ҳизбуллоҳ»га алоқадор ҳеч нарса йўқлигини билишарди.

«Менинг амаким – истеъфодаги ҳарбий, унинг ўғли ҳам истеъфодаги ҳарбий, бошқа ўғли эса мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайди. Биз ҳеч қайси сиёсий партияга алоқадор эмасмиз. Биз шиалармиз – „Ҳизбуллоҳ“ бизга ёқади, аммо биз унинг аъзолари эмасмиз. Биз барчамиз Ливан армиясида хизмат қилганмиз. Мен ҳозир нимани ҳис қилишим керак? Бу менинг амаким, унинг фарзандлари ва набиралари», – деган у.

Наби-Шитдагилар орасида «Ҳизбуллоҳ» катта обрўга эга
Фото: Getty Images

Унинг сўзларига кўра, кўчаларда тўқнашувлар бошлангач, булдозер миниб келиб, оила аъзоларини вайроналар остидан олиб чиқишга уринган яна бир қариндоши ҳам зарбага учраб ҳалок бўлган.

Ҳарбий амалиёт чоғида қишлоқда бўлган ва омон қолган аҳоли шанба куни катта ўра атрофида тўпланиб, вайронгарчилик кўламини баҳолашади ва нима бўлганини тушунишга уринишади.

«Улар ҳаммаёқни бомбалашди. Бу ақлсизлик», – дейди Али Шакур.

«Менимча, улар бу ерда пайдо бўлган одамларни кўриб ҳайрон бўлишган, чунки улар зарба бераётганда, ҳамма аллақачон эвакуация қилинган деб ўйлашган», – дея давом этади у.

Қишлоқда яшовчилардан яна бирининг сўзларига кўра, кўпчилик болаларни олиб кетишган, лекин аҳолининг бир қисми қолган, улар бу сафарги зарбалар ҳам олдингилари каби хавфсиз масофада бўлади деб ўйлашган.

«Одатда улар икки-учта уйга зарба беришарди, лекин бу сафар ундай бўлмади. Тўхтовсиз зарба берилди. Кўряпсизми, ҳаммаси вайрон бўлди. Аммо бу ерда одамлар қаршилик кўрсатмоқда, биз ҳам қаршилик кўрсатдик», – дейди у.

Исроиллик ҳарбийлар тунги амалиёт чоғида Исроил мудофаа армияси ҳарбий хизматчиларидан ҳеч ким жабрланмаганини маълум қилган.

Улар «ҳалок бўлган ва бедарак йўқолган барча Исроил ўғлонларини уйларига қайтаришга бўлган чуқур содиқликдан келиб чиқиб, кеча-ю кундуз тинимсиз ҳаракат қилишлари»ни қўшимча қилган.

Бироқ, 40 йил олдин бедарак йўқолган учувчи Рон Арад Тамининг беваси Исроил раҳбариятини Исроил мудофаа армияси аскарларининг ҳаётини хавф остига қўймасликка чақирди.

«Қарор қабул қилувчилар шу пайтгача бизнинг сўзларимизга қулоқ солмаган, лекин бунга аниқлик киритиш биз учун муҳим: Ронга нима бўлганини билиш истагимиз ЦАҲАЛ аскарлари учун хавф туғилган жойда тугайди. Биз учун инсон ҳаётининг қадр-қиммати жангчининг жасадини дафн этиш учун қайтариш мажбуриятидан устун туради», – дея ёзган у фейсбукда.

Исроил мудофаа армияси шанба кун яна бир баёнот бериб, Ливан жануби ва шарқдаги Бекаа водийсига йўлланган тунги зарбаларда «Ҳизбуллоҳ»нинг қурол-яроғ омборлари ҳамда «„Ҳизбуллоҳ“га алоқадор бўлган бошқа ҳарбий объектлар» нишонга олингани маълум қилинган.

Исроиллик ҳарбийлар BBC’нинг Наби-Шит ҳудудига зарбаларидан мақсад нима экани ҳақидаги сўровига жавоб бермаган.

Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ўтган ҳафтанинг душанба кунидан буён исроиллик ҳарбийларнинг зарбалари оқибатида камида 294 киши ҳалок бўлган.

Қишлоқдагиларнинг бир қисми аза тутмоқда, бошқалари эса Исроил ҳарбийлари аҳолининг қаршилигига учраб, учувчининг жасад қолдиқларини топа олмаганига туфайли ўзларини ғолиб ҳис қилишларини айтишди.

«Улар оёқда келишганди, биз эса уларни эмаклаб кетишга мажбур қилдик», – деди улардан бири.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид