08:05 / 20.04.2021
3914

Нукусдаги қимирлаб турадиган пиёдалар кўпригини қайси ташкилот қургани маълум бўлди

Нукусдаги темир йўл устида қурилган пиёдалар кўприги талаб даражасида эмаслиги, кўприк баъзи пайтлари қимирлаб туриши ҳақида хабар берган эдик

Кўприкнинг асосий қисмларида ёриқлар пайдо бўлган. Электр симлар тўлиқ ёпилмай, хавфсизлик талаблари тўлиқ таъминланмагани ҳақида маълумот бергандик. Унинг қурилиши 2021 йилнинг январь ойида бошланиб, март ойида фойдаланишга топширилган.

Маълум бўлишича, кўприк «Ўзбекистон темир йўллари» AЖ буюртмаси асосида қурилган. Уни «Кўприк қурилиш» ДУК амалга оширган. Қурилишга жами 1 млрд 500 минг сўм маблағ ажратилган. Булар ҳақида «Қорақалпоғистон» телеканалининг «Хабар» информацион дастурида маълум қилинган.

Шунга қарамасдан ишлар тўлиқ якунига етказилмаган. Кўприкнинг устки қисми ёпилмаган. Пиёдалар ўтадиган қисм фақат петон билан қолган. Кафель ва брусчаткалар тўшалмаган. Aммо, кўприк лойиҳаси тақдим этилган расмда юқоридагилар акс этган

Бундан бир ой олдин маҳаллий телевидениеда «Ўзбекистон темир йўллари» AЖ Қўнғирот туманлараро темир йўл узели бошлиғи Aмир Эмбергенов бу каби қурилишлар яна давом этишини айтиб ўтган.

Ушбу кўприк Нукусдаги иккинчи осма кўприк ҳисобланади. Ундан 22-, 27-, 34-, 41-мактаб ўқувчилари ва 22-, 23-кичик туман, «Қўскўл-3» МФЙ аҳли ўтиб қайтишади. У «Жанга базар» ва «Aлмазар» МФЙлари оралиғида жойлашган. Баландлиги 6,52 метр, узунлиги 59,86 метр, кенглиги 3 метр.

Аввалроқ Нукус деҳқон бозори қаршисидаги осма кўприк 2-3 кун ичида ишга тушиши ҳақида хабар бергандик. 28 мартдан бери 20 кундан кўп вақт ўтдики, кўприк ҳалиям ишга тушмади.

Мавзуга оид
Top