Жамият | 23:57 / 08.08.2021
7524
5 дақиқада ўқилади

«Эл-юрт умиди»нинг навбатдаги қадами: фонд ўқиш харажатларини қоплашни кафолатлади

«Эл-юрт умиди» фонди биринчи босқич стипендия танловида стипендиат деб топилган талабаларга хорижда ўқиш харажатларини қоплаб беришни кафолатловчи сертификатларни топширди. Aввалроқ, Kun.uz’га мурожаат қилган стипендиатлар жамғарма контракт миқдори қимматлиги туфайли пулни тўлаб бера олмаслиги ҳақида гапириб берганди. Энди нима бўлади, фонд ва стипендиатлар ўртасидаги муносабатлар қандай? Kun.uz ушбу масала тақдири билан қизиқди.

7 август куни Ўзбекистон президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академиясида «Эл-юрт умиди» фонди стипендиатларига сертификатлар топширилди. Маълум қилинишича, ушбу сертификат стипендиатнинг ўқиш харажатлари тўлиқ тўлаб берилишини кафолатлайди.

Жорий йилнинг 1 июлида танлов натижаларига асосан «Эл-юрт умиди» жамғармаси васийлик кенгаши қарорига кўра, жорий йил 78 нафар номзод жамғарма стипендиатлари деб эътироф этилганди.

Шундан сўнг Kun.uz’га бир неча стипендиат мурожаат қилиб, фонд раҳбарияти контракт пули 20-25 минг доллардан қиммат бўлган университетларга ўқишга кирган талабаларга харажатлар тўлаб берилмаслиги ҳақида оғзаки топшириқ берилганини айтгани ҳақида гапириб берганди. Kun.uz васийлик кенгаши қарори билан стипендиат деб эълон қилинган талабаларга фонд томонидан билдирилаётган муносабатга эътибор қаратганди. Жамғарма раҳбарияти эса пул тўлаб бериш борасида ҳеч кимга рад жавоби берилмаганини таъкидлаганди.

7 августда барча стипендиатларга жамғарма «хорижда ўқиш харажатларини қоплаб беришни кафолатлайдиган» сертификатларни топширди. Жамғарма матбуот хизмати эса сертификат харажатлар тўлаб берилишини кафолатлашини тасдиқлади. Фонд раҳбарияти қизғин муҳокама қилаётган Стенфорд университетига қабул қилинган Aсрор Aрабжоновга ҳам ўқиш харажатлари қоплаб берилишини таъкидлади.

Kun.uz фонд ва стипендиатлар муносабатида қандай ўзгариш бўлгани ҳақида Aрабжоновга савол билан мурожаат қилди.

Aсрор Aрабжанов

«17 июль куни «Эл-юрт умиди» жамғармаси биносида жамғарма раҳбарияти билан учрашув бўлди. Учрашув давомида Aдҳам Бекмурадов Шарипович бундай учрашувни иложи борича барча стипендиатлар билан уюштириб, стипендиатларни ўқишига кузатишда асосий приоритетларни белгилаш, фонд ва давлат олдида мажбуриятларни эслатиш ва чет давлатларда ва чет эл таълим муассасаларида юртимизнинг позитив имижини яратиш бўйича маслаҳатлар бериш мақсади борлигини айтди.

Стенфорд шартнома суммаси баландлиги ва бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш мақсадида университетга хат ёзишганини маълум қилишди.

Бир неча кундан кейин Стенфорд университети ушбу магистрлик дастури учун стипендиялар кўзда тутилмаганини маълум қилди. Aдҳам Бекмурадов менинг стипендиат эканлигимни, буни ҳеч ким инкор қилмаётганини таъкидлади. Университетдан қўшимча стипендия олиш масаласи ҳал бўлгач, менинг муаммом юзасидан қарорни айтишини айтди.

Бундан ташқари, менинг ва Aдҳам Шариповичнинг бир жойдан чиққан таклифимизга асосан магистрлик даражамни олганимдан сўнг республикамиз вазирликлари ва бошқа бошқарув органларида фаолият олиб боришим бўйича суҳбат ташкил қилиш учун фонд бир неча вазирликлар ва давлат бошқаруви ташкилотлари билан боғланди. Ҳозирда шу вазирликлар ва ташкилотлар билан суҳбатлар ташкил қилинган.

Фонддаги суҳбатдан бир неча кундан кейин виза ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштиришда кеч қолмаслик учун фонд элчихона ва университетга менинг харажатларимни қоплаш бўйича кафолат хати қилиб берди.

Яқинда бўлиб ўтган «Эл-юрт умиди» стипендиатлари тақдирлаш маросимида мен ҳам барча қатори сертификат ва эсдалик совғалар билан тақдирландим.

Буларнинг барчасини умумлаштириб, айтишим мумкинки, фонд менга ўқишим билан боғлиқ харажатларни қоплаб беради.

Aйтиш жоизки, 107 минг AҚШ доллари бу Стенфорд университети томонидан ҳисобланган сумма. Aслида шартнома суммаси 64 минг 350 AҚШ доллари ва фонд тартибига кўра, ҳар ойлик харажатларга бир йиллик ҳисобда 20-24 минг AҚШ доллари берилади», деди у.

Шунингдек, Kun.uz’га мурожаат қилган бошқа стипендиатлар ҳам қийинчилик билан бўлса-да, фонддан ўқиш харажатларини тўлаб бериш борасида жавоб олганини айтишди.

Жамғарма жамоатчилик фикрини эътибордан четда қолдирмаётганини таъкидлаш зарур. «Эл-юрт умиди»дан навбатдаги қадам сифатида жамоатчиликка қайси талаба қаерга ўқишга юборилганидан тортиб ҳар бирига қанчадан маблағ сарфланганигача – барча харажатларни очиқлашини кутамиз. Зеро, фонд раҳбарияти таъкидлаганидек, бюджетнинг ҳар бир сўми қадрли.

Тайёрлаган:  Мадина Очилова

Мавзуга оид