Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда пенсия миқдори қандай ҳисобланади? – муҳим саволларга жавоблар
Пенсия юқори ёки кам миқдорда тайинланиши нимага боғлиқ? Ҳисоб-китоблар қай тартибда амалга оширилади? Масалан, ўртача ойлиги 4,5 млн сўмни ташкил этувчи 40 йиллик иш стажига эга ўқитувчи учун қанча пенсия тайинланади? Жамғарма бу борадаги бир қанча муҳим жиҳатларга аниқлик киритди.
Пенсия кимларга берилади?
Ёшга доир пенсия эркаклар 60 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 25 йил бўлган тақдирда, аёллар 55 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда тайинланади. Бунда камида 7 йил иш стажи мавжуд бўлганда, бор стажга мутаносиб миқдорда тўлиқсиз ёшга доир пенсия берилади.
Ногиронлик пенсияси қонунчиликда белгиланган тартибда I ва II гуруҳ ногиронлиги белгиланган шахсларга берилади. Бунда ногиронлик белгиланган вақтда қуйидагича иш стажига эга бўлиш талаб этилади:
- 23 ёшга қадар – 2 йил;
- 23 ёшдан 26 ёшга қадар – 3 йил;
- 23 ёшдан 26 ёшга қадар – 3 йил;
- 26 ёшдан 31 ёшга қадар – 5 йил;
- 31 ёшдан 36 ёшга қадар – 7 йил;
- 36 ёшдан 41 ёшга қадар – 9 йил;
- 41 ёшдан 46 ёшга қадар – 11 йил;
- 46 ёшдан 51 ёшга қадар – 14 йил;
- 51 ёшдан 56 ёшга қадар – 17 йил;
- 56 ёш ва ундан ошганда – 20 йил.
Боқувчисини йўқотганлик пенсияси вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоларига тайинланади. Бунда вафот этган фуқаронинг фарзандларига 18 ёшга қадар (агар ўқиса 23 ёшгача) пенсия тўланади.
Пенсия олувчилар сони қанча?
Жорий йил 1 июл ҳолатига пенсия олувчилар сони 4 млн 202 минг нафарни ташкил этди. Бу жами аҳолининг 11 фоизига тенг. Шундан ёшга доир пенсия – 3 млн 477,9 минг нафар, ногиронлик пенсияси – 475,5 минг нафар, боқувчисини йўқотганлик пенсияси – 249,1 минг нафар кишига берилади.

Пенсия қандай ҳисобланади?
Ўзбекистонда пенсия миқдори қуйидаги формула асосида ҳисобланади: П = ПТМ+ОС+ПУ.
Бунда ПТМ - пенсиянинг таянч миқдори (ўртача ойлик иш ҳақининг 55 фоизи), ОС – ортиқча иш стажи учун пенсиянинг оширилиши, ПУ - пенсияга қўшиладиган устама ҳақлари.
Маълумот учун, ўртача ойлик иш ҳақини аниқлашда фуқаронинг сўнгги 10 йиллик меҳнат фаолиятидаги энг яхши кетма-кет 5 йиллик иш ҳақи инобатга олинади. Бунда пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг (471 минг сўм) 12 каррасидан (5 млн 652 минг сўмдан) юқори иш ҳақи инобатга олинмайди. Аввалги йиллардаги иш ҳақи ўтган даврларда иш ҳақининг ошиш коэффициентини инобатга олган ҳолда замонавийлаштирилади, яъни бугунги кундаги қиймати ҳисобланади.
Иш стажи учун пенсиянинг оширилиши (ОС) - пенсия тайинлашда талаб этиладиганидан ортиқ ҳар бир йил стаж учун ўртача ойлик иш ҳақининг 1 фоизи (боқувчисини йўқотганлик пенсиясида 0,5 фоиз) миқдори пенсияга қўшилади.
Пенсияга қўшиладиган устама ҳақлар (ПУ) – Ўзбекистон Республикаси олдидаги алоҳида хизматлари учун унвонга эга бўлган шахслар (мисол учун, Халқ арбоби, Ўзбекистон қаҳрамони ва бошқалар)га қўшимча тўлов.
Мисол: фуқаро (эркак) 40 йил иш стажига эга, ҳисобланган ўртача иш ҳақи миқдори 4,5 млн сўмни ташкил қилади, шунингдек, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи” фахрий унвонига эга. Пенсия миқдори қуйидагича ҳисобланади:
Пенсиянинг таянч миқдори – 4,5 млн сўм * 55 фоиз = 2 млн 475 минг сўм;
Талаб қилингандан ортиқча иш стажи – 15 йил (умумий 40 йил – талаб қилинган 25 йил)нинг ҳар бир йили учун 1 фоиздан 15 фоиз иш стажи учун пенсия миқдори оширилади: 4,5 млн сўм 15 фоиз = 675 минг сўм; Пенсияга қўшиладиган устама ҳақ – “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи” фахрий унвони учун базавий ҳисоблаш миқдорининг (412 минг сўм) 160 фоизи миқдорида устама ҳақ қўшиб берилади: 412 минг сўм 160 фоиз=659,2 минг сўм.
Жами пенсия миқдори: 2 млн 475 минг сўм + 675 минг сўм + 659,2 минг сўм = 3 млн 809,2 минг сўмни ташкил қилади.
Пенсия қандай молиялаштирилади?
Пенсия тўловлари корхона ва ташкилотлар томонидан тўланадиган ижтимоий солиқ тушумлари ҳисобидан молиялаштирилади. Бунда ижтимоий солиқ ставкаси иш ҳақи фондидан бюджет ташкилотлари учун 25 фоиз ва бюджетдан ташқари ташкилотлар учун 12 фоизни ташкил этади. Бундан ташқари, хусусий тадбиркорлар (ҳар ой учун камида базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баробари) ва ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан (бир йил учун камида базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баробари миқдори ихтиёрий) ижтимоий солиқ тўланади. Давлат пенсия тизимига ходимлар томонидан ижтимоий солиқ тўланмайди. Шунингдек, пенсия тўловлари учун қонун билан жамғармага республика бюджетидан трансфертлар ажратиш ҳам белгиланган.
Маълумот учун, жорий йил июл ойи ҳолатига 4,2 млн нафар пенсионерларга бир ойлик пенсия тўлови миқдори 6,7 трлн сўмни ташкил этади.
Мавзуга оид
21:02 / 29.12.2025
Январ ойи пенсия тўловлари 5 январда банк карталарига юкланади
19:53 / 13.12.2025
Ўзбекистонда 100 ёшдан ошган пенсионерлар сони маълум қилинди
15:41 / 13.11.2025
Кулранг маош: пулларингиз қай тарзда йўқолмоқда
09:02 / 13.11.2025