Ўзбекистон | 18:40 / 02.06.2022
21208
1 дақиқада ўқилади

1-синфга қабул қачондан бошланиши маълум қилинди

Халқ таълими вазирлигининг хабар беришича, 2022/2023 ўқув йилига қабул 20 июндан бошланади ва 31 июлгача давом этади.

Фото: KUN.UZ

“Умумтаълим мактабларининг ўқувчи ўрни, малакали педагог кадрлар билан таъминланганлиги, синф хоналарининг ўқув мебеллари билан жиҳозланганлигидан келиб чиқиб, умумтаълим мактабларининг бўш ўринларига микроҳудуддан ташқари қўшимча қабул жараёнлари 2022 йилнинг 1-15 август кунлари амалга оширилади”, деб маълум қилди Халқ таълими вазирлиги.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг марказидаги умумтаълим мактабларида 1-синфга қабул жараёнлари электрон шаклда амалга оширилади.

Қолган ҳудудлар Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг бошқа туман (шаҳар)ларидаги умумтаълим мактабларида 1-синфга қабул анъанавий шаклда, яъни бевосита мактабда амалга оширилади.

Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ болалар 7 ёшга тўладиган йилда 1 синфга қабул қилинади. Яъни, янги 2022-2023 ўқув йилида 2015 йилнинг 1 январидан 31 декабрига қадар туғилган болалар 1-синфга қабул қилинади.

“Қабул жараёнлари ҳақида қўшимча маълумот олиш учун мактаб маъмуриятига мурожаат қилишингиз мумкин”, дейилади вазирлик хабарида.

Мавзуга оид