Сенатнинг ўттиз тўққизинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни маъқулланди.

Қонун билан 5 та кодекс ва 10 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Улардан энг муҳимларига тўхталиб ўтамиз.

Жиноят кодексида:

– аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлашни (115-модда) 60 млн сўмгача жарима ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазолаш таклиф этилмоқда. Бу турдаги жиноят учун амалда 15 млн сўмгача жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоси белгиланган;

– номусга тегиш ёхуд жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш (118, 119-моддалар). 1-қисми учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, 2-қисми учун 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси таклиф этиляпти. Амалда 1-қисми 3 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, 2-қисми эса 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилишни ташкил этади;

– шахсни жинсий алоқа қилишга мажбур этганлик учун (121-модда) 1-қисми 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари, 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш; 2-қисми 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш, 3-қисми оғирлаштирувчи ҳолатларда 5 йилдан 8 йилгача қамоқ озодликдан маҳрум қилиш кўзда тутилмоқда. Амалда 1-қисмида 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари, 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари; 2-қисмида 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари, 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, 5 йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш белгиланган;

– 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш (128-модда). Бу турдаги жиноятни қилган шахс эндиликда 1-қисми 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш, 2-қисми 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, 3-қисми 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин. Амалда бу жиноят 1-қисми 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари, 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, 3 йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш, 2-қисми 5 йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш, 3-қисми 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади;

– 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилганлик учун (129-модда) 1-қисми 2 йилдан 3 йилгача озодликдан чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш, 2-қисми 3 йилдан 5 йилгача озодликдан чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш, 3-қисми – агар ўша ҳаракатлар зўрлик ишлатиб ёки қўрқитиб содир этилган бўлса – 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазо белгилаш таклиф этилмоқда. Амалда 1-қисми 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари, 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари; 2-қисми 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, 5 йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш белгиланган;