22:35 / 20.02.2019
7027

Болалар учун ўзбек халқ эртакларининг аудио талқинлари тайёрланади

Бугун, 20 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида мазкур агентлик ташаббуси ва Мактабгача таълим вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилаётган «Болалик кунларимда» лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимотда иштирок этган Kun.uz мухбири шу ҳақда хабар берди.

Тадбирда «UNICEF» ташкилотининг таълим ва мактабгача таълим бўлими раҳбарлари Дипа Шанкар ва Вазира Назарова, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов ҳамда Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш ва стратегик ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи Елена Тен иштирок этиб, журналистларга лойиҳа ҳақида маълумот беришди.

Лойиҳа орқали ўзбек халқ эртакларининг аудио талқинини яратиш ва халқ оғзаки ижоди наъмуналарини замонавий технологиялар имкониятларидан фойдаланган ҳолда болаларга етказиш кўзда тутилган. Унга кўра, мутахассислар, жумладан, муҳаррирлар, таржимонлар, мусаҳҳиҳ, руҳшунос, овоз режиссёрлари ва актёрлар ҳамкорлигида профессионал студияда тайёрланадиган аудио эртаклар Telegram мессенжеридаги @Bolalikkunlarimda махсус канали, youtube, facebook ва бошқа ижтимоий тармоқларда ҳар 3 кунда, белгиланган вақтда жойлаб борилади. 
Шунингдек, лойиҳа доирасида тайёрланган аудио дисклар Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тасарруфидаги дўконларда ҳар ой якунида (5та ўзбек, 5та рус тилида) сотувга чиқарилади. 

«Сўнгги пайтларда шундай эртакларни гувоҳи бўляпмизки, уларни ёш бола тугул катталар ҳам эшитишга қўрқади. Мазкур лойиҳа доирасида эса миллийлигимиздан келиб чиққан ҳолда, тарбиявий аҳамиятга эга, болалар учун зарарли бўлмаган эртаклар аудио шаклда тайёрлаб тарқатиш учун танлаб олинаяпти», - дейди агентлик раҳбари Комил Алламжонов.

Унинг сўзларига кўра, бу агентлик ва вазирлик ўртасидаги ягона лойиҳа бўлиб қолмайди. Жумладан, ҳозирда икки томон ҳамкорликда «Кўнгил кўзи» номли лойиҳа устида ишламоқда. Лойиҳага асосан, кўзи ожиз болалар учун брайл ёзувидаги қўлланмалар тайёрланяпти ва улар тез кунда китоб дўконлари ва ахборот ресурс марказларига етказиб берилади. Шу пайтга қадар кўзи ожиз болалар таълимида шу каби қўлланмалар, эртакларнинг етишмаслиги оғриқли муаммо бўлиб келган. 

 

Тадбирда ўзбек халқ эртакларидан бири «Зумрад ва қиммат»нинг аудио  талқини ҳам тақдим этилди. Эртакка овоз беришда Дилноза Кубаева, Муниса Ризаева, Ойбарчин Бакирова, Зуҳра Солиева ва Рустам Расулов иштирок этди.

Тақдимотда ОАВ ходимлари томонидан ҳам мазкур лойиҳани оммабоплигини ошириш борасида бир қанча таклифлар билдирилди.

 

Эслатиб ўтамиз, болалар учун тайёрланган аудио эртаклар @Bolalikkunlarimda телеграм манзилида жойлаб борилади.

Top