Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳукумат нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари бўйича қарор қабул қилади
Фото: Getty Images/ William Whitehurst
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, нодавлат суд-экспертиза ташкилоти фуқаролик, иқтисодий, жиноят ва маъмурий суд ишлари бўйича суд экспертизасини ўтказишга ихтисослашган, штатида суд эксперти сертификатига эга мутахассислари бўлган ташкилот ҳисобланади.
Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти қонун ҳужжатларида назарда тутилган исталган ташкилий-ҳуқуқий шаклда ташкил этилиши мумкин, оилавий корхона бундан мустасно. Суд эксперти фақат битта нодавлат суд-экспертиза ташкилотининг муассиси (иштирокчиси) бўлиши мумкин.
Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари суд экспертизасини ўтказишда давлат суд-экспертиза муассасалари каби функцияларни амалга оширади, улар каби ҳуқуққа эга бўлади, мажбуриятларни бажаради ва жавобгар ҳисобланади.
Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти фақат суд экспертизасини амалга ошириш фаолияти билан шуғулланишга ҳақли. Нодавлат суд-экспертиза ташкилотининг фирма номида унинг нодавлат суд-экспертиза ташкилоти эканлиги кўрсатилиши шарт.
Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари асосида рухсат этилган суд экспертизаси турлари бўйича шартномага мувофиқ тадқиқотлар ўтказиши мумкин. Тадқиқот натижалари бўйича мутахассис фикри берилади.
Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти ўзининг мулки ёки эгалигида бўлган ёхуд ижарага олинган хоналарга, тегишли суд экспертизасини хавфсиз амалга оширишга имкон берадиган ва стандартлар талабларига мос бўлган моддий-техник базасига эга бўлиши лозим. Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти томонидан суд-экспертлик фаолиятини турар жойда амалга ошириш тақиқланади.
Нодавлат суд-экспертиза ташкилотида суд экспертизаси шартномага мувофиқ пуллик асосда амалга оширилади. Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти амалга ошириладиган суд экспертизаси нархларини мустақил белгилайди.
Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти томонидан суд экспертизалари ўтказилганлиги учун тўлов суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади. Экспертизани ўтказиш бўйича шартномага кўра тўлов амалга оширилмаганлиги текшириш объектлари ва иш материалларини экспертиза ўтказмасдан қайтариш учун асос ҳисобланади.
Суд экспертизасини тайинлаган орган нодавлат суд-экспертиза ташкилоти томонидан ўтказилган суд экспертизаси хулосасига қўшилмаган тақдирда қайта суд экспертизаси фақат давлат суд-экспертиза муассасаси томонидан амалга оширилади.
Давлат суд-экспертиза муассасалари томонидан амалга оширилган суд экспертизаси хулосаси бўйича қўшимча ва қайта суд экспертизаси, шу жумладан комиссиявий ва комплекс суд экспертизалари нодавлат суд-экспертиза ташкилоти томонидан ўтказилиши мумкин.
Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти республиканинг барча ҳудудларидан, шунингдек хорижий мамлакатлардан олинган буюртмалар асосида суд экспертизасини амалга ошириш ҳуқуқига эга.
Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти суд экспертизасини ўтказишда тегишли давлат суд экспертиза муассасаларининг илмий кенгашлари томонидан маъқулланган илмий-услубий қўлланмаларга, шунингдек мустақил тарзда ишлаб чиқилган ва давлат суд экспертиза муассасаларида апробациядан ўтган услубиётларга амал қилиши лозим.
Суд эксперти лавозимдан бўшатилганда, вафот этганда ёки белгиланган тартибда қасддан жиноят содир этишда айбдор деб топилганда ёхуд қонун ҳужжатларига мувофиқ суд экспертизасини амалга оширишга тўсқинлик қилувчи бошқа ҳолатлар юзага келганда унинг юритувида бўлган суд экспертиза иши нодавлат суд-экспертиза раҳбари томонидан бошқа малакали суд экспертига топширилиши мумкин. Бу тўғрисида суд экспертизасини тайинлаган органга дарҳол хабар берилади. Суд экспертиза ишини бошқа малакали суд экспертига топшириш имконияти бўлмаганда нодавлат суд-экспертиза ташкилоти раҳбари уч кунлик муддатда текшириш объектлари ва иш материалларини суд экспертизасини тайинлаган органга қайтаради. Бунда, нодавлат суд-экспертиза ташкилоти амалга оширилган тўловни шартномага мувофиқ қайтаради.
Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти томонидан экспертизани тайинлаган орган (шахс) билан келишмасдан бошқа шахсларни экспертиза ўтказиш учун жалб қилишга йўл қўйилмайди.
Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти раҳбари сифатида фақат суд эксперти фаолият олиб бориши мумкин.
Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти штатида унинг раҳбаридан ташқари бир хил ёки турли хил суд экспертизаси йўналиши бўйича суд эксперти сертификатига эга камида икки нафар суд эксперти бўлиши лозим.
Нодавлат суд-экспертиза ташкилотида суд эксперти лавозимини олий маълумотга, алоҳида ҳолларда эса ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига эга бўлган шахслар эгаллаши мумкин.
Нодавлат суд-экспертиза ташкилотининг раҳбари олий маълумотли бўлиши шарт.
Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган, қасддан содир этган жиноятлари учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс суд эксперти сифатида жалб этилиши мумкин эмас.
Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти раҳбари ва суд экспертлари ҳар икки йилда малакаси ва ҳуқуқий билимларини оширишлари лозим.
Нодавлат суд-экспертиза ташкилотининг суд эксперти томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда суд эксперти сертификатини олмасдан туриб ёки ҳар икки йилда малакаси ва ҳуқуқий билимини оширмасдан суд экспертизаси ўтказилишига йўл қўйилмайди.
Суд эксперти сертификатини олгандан кейин узлуксиз равишда беш йил давомида ўз ихтисослиги бўйича суд-экспертлик фаолиятини олиб бормаган шахс фақат қайта тайёрлаш курсларидан такроран муваффақиятли ўтгандан кейин суд экспертизасини ўтказишга ҳақли.
Мавзуга оид
11:59 / 17.12.2025
Дала четларидан фойдаланган фермерларга солиқ имтиёзлари берилади
14:39 / 22.10.2025
Атом станцияларида хавфсизлик маданияти уч даражали модел орқали жорий этилади
10:55 / 09.09.2025
Суд-экспертлик фаолияти рақамлаштирилади
07:27 / 29.07.2025