Ўзбекистон | 13:03 / 10.09.2017
77082
10 дақиқада ўқилади

Давлат бошқаруви тизимини тубдан ислоҳ қилишнинг 6 та асосий йўналиши белгилаб берилди

Фото: President.uz

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармонига шарҳ эълон қилинди.

Мамлакат тараққиётининг замонавий босқичида кенг кўламли ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилиши давлат бошқарувининг мутлақо янги ва самарали фаолият юритувчи тизимини яратишни талаб қилади.

Шу муносабат билан мамлакатда давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш ва модернизация қилиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш ва давлат хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш учун электрон порталлар ва маълумотлар базалари яратилди.

Хусусан, рухсат берувчи ҳужжатлар ва лицензия олишни соддалаштириш учун www.license.gov.uz, «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатишни таъминлаш учун birdarcha.uz веб-сайтлари яратилди. Давлат хизматларини қайта кўриб чиқиш ва оптималлаштириш натижасида тадбиркорлик субектларини рўйхатга олишнинг тартиб-таомиллари 4-мартага, рўйхатга олиш учун зарур вақт эса 30 дақиқага қадар қисқартирилди.

Шу билан бирга, сўнгги йилда амалга оширилган кенг кўламли ишларнинг обектив таҳлили, давлат бошқаруви органлари фаолияти, аҳоли билан очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқот натижалари мавжуд муаммо ва камчиликларни тизимли ҳал этишга эҳтиёж вужудга келганлигини кўрсатди.

Бу, биринчи навбатда, қуйидаги ҳолатларга тааллуқлидир:

  • бир қатор идораларнинг вазифалари декларатив хусусиятга эгалиги ва уларни амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари етарли эмаслиги;
  • фақат ҳолатларни қайд этиш ва статистикани тўплашдан иборат бўлиб қолган фаолиятни баҳолашнинг самарасиз тизими ва бу кўпчилик ҳолларда жойлардаги ишларнинг ҳаққоний ҳолатини акс эттирмайди;
  • ҳудудларни ривожлантириш дастурларини шакллантириш ва аҳолининг энг муҳим муаммоларини ҳал қилишда маҳаллий ҳокимият органлари ролининг пасайишига олиб келувчи давлат функцияларининг ҳаддан ташқари марказлаштирилганлиги;
  • бюрократлаштириш ва юқори сарф-харажатларга олиб келаётган инновацион ривожланишнинг паст даражаси;
  • хўжалик бошқаруви органлари томонидан давлатнинг тартибга солиш ва хўжалик функциялари қўшиб олиб борилиши, соғлом рақобат муҳитининг ривожланишига тўсқинлик қилувчи имтиёз ва преференцияларни танлаб тақдим этиш амалиёти;
  • ҳудудларнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатаётган айрим раҳбарларда лозим даражада масъулият ва ташаббускорликнинг мавжуд эмаслиги.

Ушбу камчиликлар иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани модернизациялаш, ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва фаровонлигини юксалтириш бўйича давлат сиёсатини муваффақиятли амалга оширишга тўсқинлик қилмоқда.

Бу борада Давлат раҳбари томонидан қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармон 2017-2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда муҳим қадам ҳисобланади ҳамда моҳиятига кўра Ўзбекистоннинг давлат ва жамият қурилишида янги саҳифани очиб беради.

Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясида давлат бошқаруви тизимини тубдан ислоҳ қилишнинг 6 та асосий йўналиши белгилаб берилди.

Биринчи йўналиш ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятининг институционал ва ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга бағишланган. Мазкур соҳадаги чора-тадбирлар қуйидагиларни назарда тутади:

  • ижро этувчи ҳокимият органларини ташкил этиш ва тугатишнинг аниқ мезонлари ҳамда тартиб-таомилларини жорий қилиш;
  • кадрлар ва моддий ресурслардан оқилона фойдаланган ҳолда, ижро этувчи ҳокимият органларини оптималлаштириш;
  • ижро этувчи ҳокимият органларининг мустақиллигини ошириш ҳамда уларнинг Вазирлар Маҳкамаси билан ўзаро ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш;
  • давлат хизматлари кўрсатиш тизимини изчил такомиллаштириш ва «Электрон ҳукумат» тизимини янада кенг жорий этиш;
  • маъмурий адлияни ривожлантириш ва мурожаатларни коллегиал эшитишни жорий қилиш.

Иккинчи йўналиш ижро этувчи ҳокимият органларининг вазифаларини, уларни амалга ошириш механизмлари ва жавобгарлик соҳаларини аниқлаштиришни назарда тутади. Шу муносабат билан қуйидаги масалалар бўйича чора-тадбирлар кўрилади:

  • ривожланиш дастурларини шакллантиришда ҳудудий ижро этувчи ҳокимият органларининг ташаббускорлиги ва ролини ошириш;
  • мақсадли индикаторларга эришишга асосланган, барча даражадаги ижро этувчи ҳокимият органлари ва уларнинг раҳбарлари фаолиятини баҳолашнинг принципиал янги тизимини жорий қилиш;
  • халқаро амалиётда муваффақиятли қўлланилаётган, шу жумладан, сифат менежменти, индикатив режалаштириш, аутсорсинг, краудсорсинг каби ишни ташкил этишнинг замонавий услубларидан фойдаланиш;
  • ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш ва уларнинг амалга оширилишини мониторинг қилишда жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорликнинг замонавий шаклларини жорий этиш.

Учинчи йўналиш иқтисодиёт тармоқларига маъмурий таъсирни қисқартириш ва бошқарувнинг бозор механизмларини кенгайтириш ҳисобланади. Ушбу йўналишда қуйидагилар режалаштирилмоқда:

  • хусусий сектор самарали фаолият кўрсатаётган соҳаларда давлат иштирокидаги тижорат ташкилотларини тузишни чеклаш ва амалдаги давлат корхоналарини қайта ташкил этиш;
  • иқтисодий фаолиятда давлат иштирокининг аниқ бозор механизмларини ишлаб чиқиш;
  • ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилишда ижтимоий ҳамда давлат-хусусий шерикликнинг ҳуқуқий ва институционал базасини такомиллаштириш;
  • айрим давлат функцияларини хусусий секторга ўтказиш.

Тўртинчи йўналишда, жумладан, қуйидагилар орқали вертикал бошқарув тизими ва ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамкорлигининг механизмларини такомиллаштириш назарда тутилган:

  • давлат бошқарувини босқичма-босқич номарказлаштириш;
  • маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг молиявий имкониятларини кенгайтириш, уларнинг роли ва жавобгарлигини ошириш;
  • ҳудудий органларнинг раҳбар кадрларини танлаш ва жой-жойига қўйиш масалаларида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатларини кучайтириш.

Бешинчи йўналиш давлат бошқаруви тизимига стратегик режалаштиришнинг замонавий шакллари, инновацион ғоялар, ишланма ва технологияларни жорий этиш бўйича чора-тадбирларни ўз ичига олган. Мазкур чора-тадбирлар қаторида қуйидагиларни таъкидлаш лозим:

  • давлат хизматлари кўрсатиш тартиб-таомилларини оптималлаштириш ва соддалаштиришни таъминлайдиган давлат бошқарувининг инновацион шаклларини жорий этиш;
  • инновацион ғоялар ва технологияларни ишлаб чиқишга инвестицияларни фаол жалб этиш;
  • замонавий илмий-тадқиқот ва инновацион ютуқларни муваффақиятли жорий қилиш учун зарур бўлган ривожланган инфратузилмани яратиш;
  • табиатни муҳофаза қилиш, ресурс ва энергия тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш.

Ва ниҳоят, сўнгги олтинчи йўналишда профессионал давлат хизматининг самарали тизимини шакллантириш, шунингдек, коррупцияга қарши курашишнинг таъсирчан механизмларини ўрнатиш белгиланган. Уларга эришиш учун қуйидагилар режалаштирилган:

  • давлат хизматининг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш, аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг янги механизмларини жорий этиш;
  • давлат хизматчиларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва ижтимоий таъминотининг замонавий тизимини киритиш орқали уларнинг меҳнат унумдорлигини ошириш.

Бундан ташқари, Фармон билан Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси нормаларини амалий рўёбга чиқариш бўйича 40 дан ортиқ аниқ тадбирларни назарда тутувчи «Йўл харитаси» тасдиқланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини амалга ошириш бўйича комиссия ҳамда давлат бошқаруви тизимини танқидий ўрганиш ва уни тубдан ислоҳ қилиш юзасидан таклифлар тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этилди.

Комиссия ишчи гуруҳлар томонидан тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этади, шунингдек, Маъмурий ислоҳотлар концепцияси ва «Йўл харитаси»нинг тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши устидан қатъий назорат олиб боради.

Шу билан бир қаторда, Комиссияга давлат бошқаруви тизимини танқидий ўрганиш ва уни тубдан ислоҳ қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш жадвалини тасдиқлаш вазифалари юклатилди, унга асосан 100 дан ортиқ давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятини қайта кўриб чиқиш режалаштирилди.

Маъмурий ислоҳотларнинг амалга оширилиши қуйидаги натижаларга эришишга қаратилган.

1. Кутилаётган ислоҳотларнинг тўлиқ амалга оширилишини таъминлашга, ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва самарали ҳал этишга қодир бўлган, инновацион ривожланишнинг умумжаҳон тенденсияларига жавоб берадиган давлат бошқаруви тизимини яратиш, шу жумладан, қуйидагилар орқали яратиш:

  • ортиқча ва ўзига хос бўлмаган вазифа, функция ва ваколатларни бартараф этиш, такрорлаш ва параллелизмни тугатиш ҳисобига давлат бошқаруви тизимини оптималлаштириш ҳамда номарказлаштириш;
  • давлат бошқарувини бюрократиядан холи қилиш ва унинг сарф-харажатларини пасайтириш, бошқарув қарорлари қабул қилиш тизимининг фаолият самарадорлигини ва шаффофлигини ошириш;
  • стратегик режалаштириш, инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялар тизимини жорий этиш;
  • иқтисодиёт тармоқларига маъмурий таъсир кўрсатишни янада қисқартириш ҳамда бошқарувнинг соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги ва аҳолининг ишчанлик фаоллигини оширишга қаратилган бозор механизмларини кенгайтириш;
  • жамоатчилик ва парламент назоратининг, энг аввало, коррупция кўринишларининг олдини олишга қаратилган самарали шаклларини жорий этиш.

2. Фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг таъсирчан механизмларини яратиш, уларнинг фаровонлигини ва ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятидан қаноатланганлик даражасини янада ошириш, шу жумладан, қуйидагилар орқали янада ошириш:

  • давлат органларининг жисмоний ва юридик шахслар билан ҳуқуқий муносабатларини аниқ тартибга солишга қаратилган маъмурий тартиб-таомилларни такомиллаштириш;
  • ижро этувчи ҳокимият органларининг қарорлари ва ҳаракатлари устидан шикоят қилиш тартибини такомиллаштиришни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини коллегиал эшитиш механизмларини жорий этишни назарда тутувчи маъмурий адлия тизимини ривожлантириш;
  • «Электрон ҳукумат» тизимини такомиллаштириш орқали давлат хизматлари кўрсатишнинг самарадорлигини ошириш;
  • жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш.

Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясида назарда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши, сўзсиз, инновацион ривожланишнинг замонавий тенденсиялари ва жаҳон стандартларини ҳисобга олган ҳолда давлат бошқаруви тизимини модернизация қилишга янги куч бағишлайди.

Умуман олганда, Ўзбекистон Республикасида маъмурий ислоҳотларнинг амалга оширилиши «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган улуғвор ғояни ҳаётга тўлиқ татбиқ этишга хизмат қилади.

Мавзуга оид