Жамият | 15:53 / 28.02.2022
68359
3 дақиқада ўқилади

Навоийда шифокор беморнинг онасини жинсий алоқага мажбурлаши билан боғлиқ ҳолат ортидан унинг раҳбари ишдан олинди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати беморнинг касаллик варақасини бериш учун унинг онасини жинсий алоқа қилишга мажбурлаб келган шифокор ишлаган марказ директори ўз лавозимидан озод этилгани ҳақида хабар берди.

Фото: Навоий вилояти ИИБ

Навоий вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг Неврология бўлими мудири вазифасида ишлаган К.Р. даволаниш учун ётган иккинчи гуруҳ ногирони Г.И.нинг даволангани бўйича бир ярим ой давомида касаллик варақасини (кўчирма) бермасдан келган. У беморнинг онаси Т.Л.ни қаршилигига қарамасдан касаллик варақасини бериш учун у билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаб келган.

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги касб ва тоифа танламайдиган ахлоқсизликлар тиббиёт ходимлари орасида ҳам кузатилишини оқ халатга тушган доғ деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, бу каби иллатларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлади. Қолаверса, тиббиёт ходимларининг қадр-қиммати ва инсонлик шаъни оёқости қилинишига қарши туради. Шу сабабдан ҳам бундай ҳолатларда ҳодисанинг асл моҳияти аниқлаштирилгач, якуний хулосага келиш мақсадга мувофиқ», дейилади ССВнинг «Ахлоқсизлик касб танламайди: тиббиёт ходимининг нолойиқ хатти-ҳаракатлари ҳақидаги хабарлар юзасидан ўрганишлар давом этмоқда» сарлавҳали муносабатида.

Маълум қилинишича, айни пайтда воқеа юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.

Шу билан бирга, жамоада одоб-ахлоқ қоидаларини назорат қилишда сусткашликка йўл қўйгани ва қўл остидаги ходимлари устидан етарли назорат ўрнатмагани учун марказ директори Ш.Худойбердиев эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Комплаенс, ички аудит ва молиявий назорат хизматига тегишли тартибда текширув ўтказиш бўйича топшириқ берилган.

«Шу ўринда юртдошларимиз ва тиббиёт ходимларидан тизимдаги ноқонуний хатти-ҳаракатларга дуч келишса, дарҳол вазирликнинг мазкур бошқармасига қарашли 71-241-10-65 телефон рақамига мурожаат қилишларини сўраймиз», дея таъкидланади хабарда.

Бундан аввалроқ Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати Навоий шаҳрида ногирон беморга касаллик варақасини бериш учун унинг онасини жинсий яқинликка мажбурлаб келган шифокор қўлга олингани ҳақида хабар берганди. 

Мавзуга оид