Ўзбекистон | 14:26 / 18.03.2026
3904
2 дақиқада ўқилади

Хитойнинг чўлланишни тўхтатган модели Навоийда синаб кўрилади

Моделда фақат дарахт экиш эмас, балки қумни ушлаб турувчи буталар орқали боғдорчилик ва чорвачиликни бир занжирга бирлаштириш назарда тутилган. Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов Хитойда ушбу модел билан танишиб, уни вилоятда қўллаш бўйича келишувга эришган.

Айни вақтда Хитойда бўлиб турган Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов бошчилигидаги делегация чўлланишга қарши самарали моделларни ўрганмоқда. Бу ҳақда Kun.uz’га вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Делегация Хитойнинг Нинся ҳудудидаги қўлланиб келаётган чўлланишга қарши модел билан танишган. Ушбу моделни Навоий вилоятининг чўл ҳудудларида синаб кўриш бўйича дастлабки келишувга эришилган.    

Нинсяда 1980 йиллардан буён амалга ошириб келинаётган тизимли ёндашув натижасида қумлар чекиниб, ерлар тикланган. Яъни ҳудудда фақат дарахт экиш эмас, балки қумни ушлаб турувчи буталар, муҳофаза йўлаклари, боғдорчилик ва чорвачилик бир занжирга бирлаштирилган. Натижада чўл ҳудудларида ўсимлик қоплами тикланган.  Ҳудудда сўнгги 20 йилда чўлланган ерлар изчил қисқарган.  

Нинсяда чўлланишга қарши бир нечта усул қўлланади. Шулардан бири, панжара усули. Унда қум устига 1х1 метрлик сомон панжаралар қўйилади. Бу шамолни секинлаштириб, қум кўчишининг олдини олади. Сўнгра ушбу панжаралар ичига турли ўсимликлар экилади. Ушбу усулда шамол эрозияси 95 фоизгача камайиб, дарахт ва буталарнинг яшаб кетувчанлиги сезиларли даражада ошган.  

Қайд этилишича, Навоий вилояти ва Нинся чўл ҳудудларининг мавжудлиги, кучли шамол кузатилиши ва бошқа жиҳатлардан бир-бирига ўхшаш. Шу сабабли мазкур моделни қўллаш орқали Навоийда чўлланишни тўхтатиш мақсад қилинмоқда.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид