Спорт | 22:54 / 14.11.2025
13076
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ўртоқлик ўйинида Мисрни мағлуб этди

Абу-Даби шаҳридаги халқаро турнирнинг яримфиналида ҳужумчи Остон Ўруновнинг иккита голи ўзбекистонликларга ғалаба келтирди. 18 ноябрь куни финалда Эрон – Ўзбекистон ўйини ўтказилади.

Фото: UFA

Al Ain Cup – 2025, 1/2 финал
14 ноябр, Абу-Даби, «Ҳазза бин Зайд» стадиони
ЎЗБЕКИСТОН – МИСР 2:0
Голлар:
Остон Ўрунов (3, 44)
Ўзбекистон: Абдувоҳид Неъматов, Абдуқодир Ҳусанов, Ҳожиакбар Алижонов (Фарруҳ Сайфиев 89), Отабек Шукуров (Достонбек Ҳамдамов 69), Одил Ҳамробеков, Азиз Ғаниев (Акмал Мозговой 53), Остон Ўрунов (Ҳожимат Эркинов 53), Шерзод Насруллаев, Элдор Шомуродов, Абдулла Абдуллаев, Ҳусниддин Алиқулов (Рустам Ашурматов 89).
Миср: Муҳаммад Элшенави, Рамий Робиа, Муҳаммад Ҳоний, Мустафо Абдулла, Муҳаммад Шарофиддин, Ҳамди Абдулфаттоҳ, Марвон Аттиа, Аҳмад Саид, Муҳаммад Даадер, Марвон Муҳаммад, Муҳаммад Салоҳ

Бирлашган Араб Амирликларнинг Абу-Даби шаҳрида 4 та миллий жамоа иштирокида Al Ain Cup халқаро турнири ўтказилмоқда.

Ўзбекистон миллий жамоаси 14 ноябрь куни яримфиналда Миср билан ўйнади ва 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Иккала гол ҳам Остон Ўрунов томонидан урилди. 4-дақиқада у чаққон ҳаракатлар билан мисрлик ҳимоячилар орасидан ўтиб, қулай вазиятга чиқди ва дарвозани ишғол этди. 43-дақиқада Отабек Шукуров оширган тўпни эгаллаб олиб, дарвозабонни ҳам алдаб ўтиб, гол уришга эришди.

Иккинчи бўлимда Миср тўп назоратида устунлик қилди. Бироқ, дарвозабон Абдувоҳид Неъматов бир неча вазиятда ишончли ҳаракат қилиб, муҳим сейвларни амалга оширди.

Бу ғалаба Фабио Каннаваро шогирдларига турнир финалига чиқиш имконини берди.

Аввалроқ, дастлабки яримфиналда Эрон ва Кабо-Верде тўқнаш келган эди. Ўйинда ҳисоб очилмади, пенальтилар сериясида эронликлар ғалаба қозонди.

18 ноябрь куни мусобақа финали бўлиб ўтади. Унда Эрон ва Ўзбекистон тўқнаш келади. 17 ноябрь куни учинчи ўрин учун баҳсда Кабо-Верде ва Миср ўйнайди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид