14:00 / 15.01.2021
29893

Жангари фильмлардагидек: ноқонуний қурилиш қилаётган тадбиркор вазир ўринбосарига жисмоний куч ишлатгани маълум бўлди

Қурилиш қилаётган якка тартибдаги тадбиркорлар назорат инспекторларини менсимаяпти. Ҳатто, шундай воқеа бўлганки, унда Қурилиш вазирлигининг Ахборот хизмати раҳбарига жисмоний куч ишлатилган, хизмат камералари олиниб, ундаги флешкалардан тасвирлар ўчирилган. Воқеа Тошкентда содир бўлган. Бу ҳақда Қурилиш вазирлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди. 

«Қурилиш талаблари қўпол равишда бузиладиган бўлса, назорат инспекцияси уларни судга беради, бошқа иложи йўқ. Аммо, судга бергандаям вақт кетяпти. Бундан ташқари, бизда шундай нарса кузатиляптики, баъзида қурувчи-пудратчи, ҳеч кимни эшитмайди, тадбиркорлик субъектларига эрк берилган, бу биздаги катта масала, ҳозир, ҳеч ким ҳеч нарсадан қўрқмайди. Қуриб ётибди.

Мана Тошкентда 102та кўп квартирали уйлар ноқонуний қурилган. Мисол учун, 4 сотихни олиб, унга битта уй қуриши керак бўлгани ҳолда 14та ёки 18та хонадонли кўп қаватли тураржой қурмоқда ва (хонадонларнинг барчасига) битта кадастр ҳужжат тайёрлаб бермоқда. 

Бу ерда ҳаммаси коррупция. Улар ҳеч қаерда солиқ тўламайди. Булар катта миқёсдаги коррупция. 14та хонадонга битта кадастр қиляпти, харидорларга ўзлари келишиб олишини айтмоқда. Нархини сал арзонлаштирганига, айримлар шунга ҳам рози. Бундай бўлиши керак эмас аслида, аммо шундай бўлмоқда. Суд қурилишни тўхтатиб қўйса ҳам қуряпти», - деди қурилиш вазири Ботир Зокиров.

Ботир Зокиров, шунингдек, вазирнинг жамоатчилик билан алоқалар бўйича ўринбосари, Ахборот хизмати раҳбари Жамолиддин Қаландаровга якка тартибдаги қурувчи тадбиркор томонидан жуда ҳам қўпол муомалада бўлинганини билдирди. Қаландаров вазир сўзлаган вазиятга ойдинлик киритар экан, қурилиш қилаётган айрим якка тартибдаги тадбиркорлар ишончни суиистеъмол қилаётганини билдирди. 

Жамолиддин Қаландаров

«Ҳозирги бўлаётган жараёнларни тадбиркорларга ишонч берилган, деб тушуниш мумкин. Буни суиистеъмол қилмаслик керак, деб ўйлайман. Қанчадан-қанча ноқонуний (қурилиш) объектлари бор, инспекторлар ҳам кира олмайди. Агар кирса уларга, катта жарима тўлайди. Давлат хизматлари агентлигидан бу иншоотни рўйхатдан ўтказинг, деб хат ёзади, қурувчи ёки тадбиркор буни инобатга олмайди. Якунда бинога кадастр ҳужжатини олади. 

Шу йил ёзда Тошкент шаҳрида ноқонуний қурилишлар бўйича ўрганишлар олиб бордик. Яккасарой туманида 10-объектга борганимиздами, 2-3та участканинг жойини сотиб олган ва у ерда 7 қаватли меҳмонхонани қуриб юборган. Эгасини сўрасак, қоровул келди, ортидан 10 нафар барзанги чиқиб келди: ким сенга буюртма берди?

Буюртма эмас, рўйхат бўйича ишлаяпмиз, десак, камерамизни тортиб олиб, ўзимизни машинамизга суяб қўйиб, биттаси мени урди. Қолгани камералардаги флешкалардан тасвирларни ўчирди. Шу даражага келиб қолди, улар қанақа тадбиркор, қандай қурувчи билмадим, аммо уларнинг ўзини бундай тутиши одамни ҳақиқатдан ҳам қўрқитади. Шунинг учун инспекторлар ҳақиқатдан ҳам кира олмайди. Ўзим шунга гувоҳ бўлдим», - дея ҳолатни тасвирлади Жамолиддин Қаландаров. 

Матбуот анжумани доирасида вазир Зокиров тадбиркорларга ҳаддан ортиқ эркинлик берилгани хусусида ҳам фикрларини билдирди. Қурилиш соҳасидаги асосий масала эса, унга кўра, солиқдан қочиш ва коррупция билан боғлиқдир.

Ботир Зокиров

«Тадбиркорлик масалаларида эрк бериш сал бошқачароқ қабул қилинмоқда. Ҳаддан ташқари эрк бериб юбордик. Ҳозир одамлар ҳеч нарсадан қўрқмайди: мен якка тартибдаги тадбиркорман, менга ҳеч кимнинг тегишга, мени ҳудудимга киришга ҳақи йўқ, демоқда. 

Тошкент шаҳри қурилиш бўйича муовини билан гаплашаяпман, одам қўрқади объектга киришга. Бир пасда ундоқ-мундоқ деб 90та ҳужжат кўрсатади. Бизлар ҳамма учун бир хил, якка тартибдаги тадбиркор бўладими, бошқами, қурилиш меъёрлари бир хил ишлашини йўлга қўйишимиз керак. Ана шунда бу масалалар камайиши мумкин.

Илгари бино қурмоқчи бўлган киши қўшнисининг рухсати бўлмагунча битта мих қоқа олмасди. Икки қават қуриш учун маҳалладан рухсат олар эди. Ҳозир эса, қўшнини бир тийинга олмайди, қонунни айланиб ўтишмоқда. Якка тартибда уй қуриши керак бўлган жойларга кўп квартирали уй қуришмоқда. Жамият ҳам бунинг учун курашиши керак. Чунки, Қурилиш вазирлигининг ўзи бу масалани тўғридан-тўғри ҳал қилиши қийин», - деди қурилиш вазири.

Top