Жаҳон | 22:02 / 01.01.2026
8804
5 дақиқада ўқилади

РФ Мудофаа вазирлиги «Путин қароргоҳига ҳужум» бўйича далилларга эгалигини даъво қилди

Россия Мудофаа вазирлиги Украина дронларининг Путин қароргоҳига ҳужуми ҳақида далиллар олганини даъво қилди ва уларни америкаликларга топширишга ваъда берди. Бир кун аввал АҚШ Марказий разведка бошқармаси Украина шу ҳафта давомида Россия президенти Владимир Путин ёки унинг қароргоҳларидан бирига ҳужум қилишга уринмаганини аниқлаган эди.

Фото: AFP

Владимир Путиннинг Новгород вилоятидаги қароргоҳига ҳужум қилгани айтилаётган Украина дронларининг «махсус техник экспертизаси» давомида Россия махсус хизматлари вакиллари дронлардан бирига юкланган «парвоз топшириғи файлини» чиқариб олди, деб 1 январ куни маълум қилди Россия Мудофаа вазирлиги. Йўналиш маълумотларини таҳлил қилиш шуни кўрсатдики, Украина дронлари ҳужумининг якуний мақсади «Россия президенти қароргоҳидаги объектлардан бири бўлган», деб таъкидлайди Россия ҳарбий идораси. Қўшимча қилинишича, бу маълумотлар Қўшма Штатларга юборилади.

BBC нашрининг New York Times (NYT) ва Wall Street Journal (WSJ) газеталарига таяниб ёзишича, бир кун аввал АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) директори Жон Рэтклифф АҚШ президенти Доналд Трампга Украина Путиннинг қароргоҳига ҳужум қилишга уринмаган деган хулосага келган хулосалар ҳақида маълумот берган.

МРБ расман изоҳ беришдан бош тортди, Оқ уй эса саволни АҚШ президентининг ижтимоий тармоқлардаги постига йўналтирди.

Трамп разведканинг бу маълумотларини тан олганини эълон қилмади, бироқ 31 декабр куни ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида New York Post газетасининг Украина ҳужуми бўлмагани ҳақидаги мақоласига ҳавола эълон қилди ва сарлавҳадан иқтибос келтирди: «Путинга «ҳужум» ҳақидаги баландпарвоз баёнотлар айнан Россия тинчликка тўғаноқ бўлаётганини кўрсатмоқда».

Бу пост МРБ директори Жон Рэтклифф президентга вазият ҳақида маълумот берганидан сўнг пайдо бўлди, деб ёзди WSJ.

Фото: Россия Мудофаа вазирлиги

Россия Путин қароргоҳига ҳужум ҳақидаги даъводан шундоқ ҳам бир қатор муаммолар билан мураккаблашган музокараларда қатъийроқ позиция билан таҳдид қилиш учун фойдаланган, деб таъкидламоқда NYT. Шу билан бирга, Москва ҳужум ҳақида ҳеч қандай ишончли далилларни очиқчасига тақдим этмади.

АҚШ разведкасининг хулосалари Украинанинг Москва айбловларини рад этадиган позициясига мос келади.

АҚШ маълумотларига кўра, Украина Путин қароргоҳи жойлашган ҳудуддаги ҳарбий объектга зарба беришга уринган, ушбу объект қароргоҳ яқинида эмас, деди разведка маълумотлари билан танишган америкалик амалдор.

Америка разведкаси Россия ҳаво ҳудудини, унинг ҳудудидаги ҳарбий фаоллик ва ҳужумларни кузатишнинг бир қатор усулларига эга, жумладан, сунъий йўлдошлар, радарлар ва алоқа воситалари орқали.

Россия баёнотлари ва Украина муносабати

Россия зенит-ракета қўшинлари бошлиғи Александр Романенков аввалроқ Путиннинг Новгород вилоятидаги қароргоҳига 28 декабрдан 29 декабрга ўтар кечаси узоқ масофага учувчи дронлар ёрдамида ҳужум уюштирилганини маълум қилганди. Россиянинг таъкидлашича, Путин қароргоҳига 91 та дрон ҳужум қилган, бироқ улар Брянск, Смоленск, Твер ва Новгород вилоятлари ҳудудлари устида уриб туширилган.

Россия ҳарбийларининг айтишича, украиналиклар дронларни Суми ва Чернигов вилоятлари ҳудудидан учирган, сўнгра улар уриб туширилган. Россия ҳудудида қурбонлар ва вайронагарчиликлар йўқ.

Фото: Россия Мудофаа вазирлиги

Украина президенти Володимир Зеленский аввалроқ Украина Қуролли кучларининг Путин қароргоҳига ҳужуми ҳақидаги баёнотни ёлғон деб атаган эди. Шунингдек, у россияликлар Украина пойтахти марказидаги давлат биноларига навбатдаги ҳужумга тайёргарлик кўриши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Унинг эслатишича, бундай ҳолат аввал ҳам бўлган - 7 сентябрга ўтар кечаси Россиянинг кенг кўламли комбинацияланган ҳужуми пайтида Вазирлар Маҳкамаси биносига «Искандер» ракетаси урилган. Украина Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Россия айнан ҳукумат кварталини нишонга олган.

Кейинроқ, Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаков сўзларига кўра, Трамп Путин билан телефон орқали суҳбатда Киев гўёки Россия президенти қароргоҳига ҳужум қилишга уринганини эшитиб, ҳайратда қолган.

Трампнинг тасдиқлашича, Путин унга Новгород вилоятидаги қароргоҳига ҳужум қилишга уриниш ҳақида айтган.

- Биласизми, буни менга ким айтди? Президент Путин эрта тонгда ҳужумга учраганини айтди. Бу ёмон, деди Трамп ва ҳозир «буларнинг барчаси учун» қулай вақт эмаслигини қўшимча қилди. Шу билан бирга, у ҳужум ҳақидаги даъволар ёлғон бўлиши мумкинлигини тан олди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид